Мухтарам дўстим Абдулазиз!

Жўмард дўстимга қутлов
February 15th, 2011 admin
Гулчеҳра Нуруллаева
МУҲТАРАМ ДЎСТИМ АБДУЛАЗИЗ!
Сизни қутлуғ 60 ёшингиз билан чин юракдан муборакбод этаман. Мен шуни яхши биламанки, икки эшик оралиғи бўлган қисқа ҳаётни сиздай чарҳланган ақл билан яшаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу борада самимий, беғараз хавас қиламан сизга.
Мана, “Бирлик” халқ ҳаракати туфайли бизнинг танишлигимизга ҳам йигирма беш йилга яқинлашяпти. Орада қанчадан-қанча сувлар оқиб ўтди. Қанчадан-қанча одамларни таниш-билишга тўғри келди. Қанчаларининг сўзи бошқа-ю ўзи бошқалиги боис, ихлослар қайтди улардан. Қалбимизда муқим қолганлари ҳам бўлди. Ўзининг эътиқоди, поклиги, жўмардлиги билан… Сиз ана шундайлар тоифасидансиз. Эътиқодингиз бўйича, инсон ақли, истеъдоди, тафаккури эл-юрт манфаатига, адолатга, мурувватга, меҳрга, ҳалолликка хизмат қилиши керак. Сизга кўра, одамнинг сўзи билан иши бир бўлмоғи лозим. У ҳар қандай шароитда, ҳатто бошида қилич ўйнаган чоғда ҳам, ўз виждон йўлига содиқ қолиши, рост сўзлаши даркор! Нечоғ гўзал эътиқод бу!
Мана, йигирма беш йилга яқинлашяптики, мен билган АБДУЛАЗИЗ ақалли бирон марта бўлсин, ўз собит эътиқодидан заррача чекингани йўқ.
Менинг қуйидаги сингари сатрларим ҳам сиз кабиларга қаратилгандир:
Менинг завқим, табрикларим, олқиш-таъзимим
Эътиқоди талотўмдан белат чиққанга.
Фикр етиб битганларим – юрагим-назмим
Юрагидан тоза Ватан, миллат чиққанга…
АБДУЛАЗИЗ! Сиз ва сизга ўхшашларга қараб, мен фикрларимнинг бўй-бастини ўлчайман, ноқисликларидан ҳижолат тортиб, таҳрир этаман, заррача ютуқлари бўлса, қувонаман… Сиз кабилар билан мулоқотдан руҳан бойийман, нурланаман, озгина бўлсин, ўсгандай бўламан. Негаки:
Қайда ўксик кўрсам ҳақликни,
Кўрдим сизда жонҳалакликни.
Сиз равона оқар сувнимас,
Танлагансиз чархпалакликни…
Ҳаётда чархпалак бўлиш эса осонмас… Сув парракларни мудом емирганидай, сиз ҳам ақл ҳужайраларингизни муттасил тафтиш
қилиб, ёқмаганларини жарроҳдай кесиб ташлаб яшайсиз. Муттасил тафаккур қуюнида, савол-жавоблар гирдобида кун кечирасиз… Ҳаёт адолатсизликлари омонсиз эзади сизни. Сиз эса… Сиз эса… ён бермайсиз уларга… Бўйин эгмайсиз… Тоза руҳ, тиниқ ақл, улкан ирода билан бугунги кунлар суратини тарих этасиз, эртага умид билан қарайсиз… Умидларга тўлиб, умидларга тўлдирасиз… Янада йириклашасиз… Баҳор ерга гул-чечак, ифор тортиқ этганидай, сиз ҳам ўз мушоҳадаларингиз билан қалбларга баҳорий кўтаринкилик тутасиз, кўзларни очасиз, ақлларни чарҳлайсиз…
Яна шунинг учун сизга ҳавас қиламанки, тинмай ўқийсиз, тинмай фикрлайсиз, дунё алломалари билан фикран мунозара-мубоҳасаларга киришасиз… “Э, дунёнинг бўлгани шу экан-ку…” деган фикр сизга ҳеч қачон келмаган, келмайдигандай, назаримда. Шу бир кам дунёни сиз тоза, бекаму кўст, мукаммал кўришни орзу қиласиз. Шу йўлда қоғоз қоралайсиз, заҳмат чекасиз. Бутунлай бетаъма… Қайтим кутмай… Эҳтиром илинж этмай… Умрингизнинг бош мақсади, менинг назаримда, одамларни бахтли кўриш! Нечоғ олийжаноблик бу!
Сиз билан суҳбатлаша туриб, оҳорли фикрларингиздан завқларга тўламан-да, беихтиёр Беҳбудий, Чўлпон, Мунаввар қори, Фитрат каби миллатимизнинг ёрқин чироқларини эслайман. Сиз ва сиз кабилар уларнинг давомчиларидай туюлади менга. Фахрланиб кетаман… Ва дейманки:
Тўқлар даврасимас, очлар сизники,
Оппоқ, мотамсаро сочлар сизники…
Кимлар бузиб юрса иймон деворин,
Асабдан тўланар божлар сизники…
Лаганбардорлик дақиқа сайин урчиб бораётган ҳозирги кезларда сиз кабиларнинг борлиги – халқимиз учун катта бахт.
Кас кибрни қуйма айлар. Куядиган – сиз.
Бад меҳрни қийма айлар. Куядиган – сиз.
Бу ҳаётнинг баланд-пасти, оқ-қорасига,
Водариғ-э, куймагайлар. Куядиган – сиз…
Сиз – ҳақиқат ва эзгулик мардикори… Сиз – эркинлик фуқароси… Сиз – олийжаноб ички ғурур соҳиби… Сиз – халқимиз учун меҳрдан яралган илтифот… Сиз – истеъдод! Бўлар эди сиз ҳам кўплар қатори минг-минг шотирларнинг бирига айланиб, истеъдодингиз нонини тинчгина тотиб юрсангиз… Давра тўрларида ўлтирсангиз… Мукофотлар соҳиби бўлсангиз…
Йўқ, бундай йўлни сиз ўзингиз учун ор деб биласиз. Ундан жирканасиз. Ҳалол ва камтарин яшаш, бор сўзни, рост сўзни айтиш – сиз учун фахр!
АБДУЛАЗИЗ! Мен сиздай фидойи қалбнинг миллат устунларидан бири эканини далилловчи мисол-кузатувларимни атайин тилга олмадим. Улар – сиз матнини бевосита ўзингиз ёзган, ўзингиз суратга олган, ўзингиз монтаж қилган, матнини бевосита ўзингиз ўқиган ҳужжатли кинолар… Улар – сиз ёзиб, турли сайтлар эълон қилаётган тахлилий мақолалар, мушоҳадалар… Одамлар улар билан бевосита танишишларини жуда-жуда истаганим туфайли ҳам, атайин далил-мисолларга мурожаат қилмадим. Бу ёғи мухлисларга ҳавола, деб биламан…
60 ёш… Айни камолот, айни тафаккур юлдузлари чарақлаб, кўзларни қамаштиргувчи фасл… Бундай ёқимли фасл сизни асло тарк этмасин. Тафаккурингиз ёғдулари қалбларимизни ёритаверсин. Узоқ-узоқ йиллар омон бўлинг. Истаклар рўёбини кўриш насиб этсин! Зеро, сиз-у бизнинг истак, тўртлик билан ифодалар бўлсам, мана бундай:
Ватан, бағринг диёнатли, гул маъво бўлсин,
Ватан, сендан тинглашимиз дилнаво бўлсин!
Тилагимиз, она, сенга бахт-у камолот,
Сенсиз бахтни орзу этсак, нораво бўлсин!
Сизга, барча яхшиларга эзгу орзулар рўёбини тиловчи:
Гулчеҳра Нуруллаева.
www.yangidunyo.com
Bu maqola 11437 marotaba 2823 ziyoratchi tarafidan o`qilgan

Det här inlägget postades i Uncategorized, Абдулазиз Маҳмудов ҳақида. Bokmärk permalänken.