ЗИДДИЯТ

Норасмийлар (Иккинчи филм)
September 26th, 2010 admin
Абдулазиз Маҳмудов
Хужжатли филмнинг адабий сценарияси
Марказий Телевидение Воқеаномаси
1991 йилнинг 29 декабри. Тошкент шаҳар “Кўкча” сайлов округи. Чирмандалар чалиниб, карнай- сурнай садолари янграмоқда. Райком кабинетларидан ҳокимият кабинетларига силлиққина ўтиб олган партиянинг собиқ масъуллари сайловчиларни хушнуд кутиб олмоқдалар. Эрта туриб сайлов участкасига келганларга мукофот тарзида танқис моллар сотилмоқда. Пештахталар овоз бериб бўлгандан кейингина сотиб олиниши мумкин бўлган кундалик харид товарлари – қант, совун, пахта ёғи, гўшт, ун каби ҳаётий зарур моллар билан тўлдирилган.
Диктор: «Ўзбекистон халқи мамлакат президентини сайлаяпти. Бу тарихимизда илк бор ўказилаётган умумхалқ сайловидир. Бу юксак лавозимга икки номзод давогарлик қилмоқда. Уларнинг бири –Ўзбекистон ССР коммунистик партияси Марказий Комитетининг собиқ биринчи секретари ва айни чоғда Халқ демократик партияси (собиқ Коммунистик партия) номидан жорий давлат бошлиғи Ислом Каримов бўлса, иккинчиси мухолиф “Эрк” демократик партияси номидан унинг етакчиси шоир Салай Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ) дир”.
Маҳалла аҳолиси паспортларини қайд қилдириб, сайлов варақаларини олгач, овоз бериш учун сайлов қутилари томон йўналадилар.
“ВРЕМЯ”дастурининг Ўзбекистондаги ўз мухбири Мухтор Ғаниев ўз фуқаролик бурчларини ўтаб бўлган оқсоқолларни гапга солиб улар кимга овоз берганларини сўраб суриштирмоқда.
Сўралганларнинг жавобига кўра кўпчилиги давлат ишларида анча пишган Ислом Каримовга овоз берганлиги маълум бўлади.
Диктор: «Овоз бериш натижаларидан келиб чиқилса,сайловчиларнинг 86% Ислом Каримовга ва 12,3% Салай Мадаминовга овоз берганлар».
Воқеанома сўнги
Маҳаллий телевидениенинг “Ахборот” дастури воқеаномасидан
Тошкент. «Халқлар Дўстлиги” саройи. Сайланган президент инаугурациясига бағишланган тантанали анжуман. Залда ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Олий Совети депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлишган. Минбарда Ислом Каримов ўзининг инаугурацион нутқини ўқимоқда.
Ислом Каримов : «Юзага келган вазиятни, бугунги ҳаётни ҳисобга олиб, халқимиз иқтисодий барқарорликни таъминлаш чорасини кутяпти. Эски тузум асорати, касофати туфайли бугун халқимиз оғир аҳволга тушиб қолди. Унинг бурнини қонатмасдан ёруғ ҳаётга етказиш ҳозирги кундаги энг асосий ва долзарб вазифаларимиздан биридир. Хуллас, ёрдамга, мададга муҳтожларни президент ўз паноҳига олиши шарт, деб ҳисоблайман. Кун кечириш учун энг зарур маҳсулотлардан ўн икки хилининг нархини ушлаб туришга қарор қилдик. Шу жумладан, нон, ун, шакар, мой ва ҳоказо…»
Диктор: «Шароф Рашидов нариги дунёга сафар қилгач, Ўзбекистон бошчиси мансабини кетма-кет Усмонходжаев ва Нишоновлар эгаллайдилар. Уларнинг биринчиси Рашидов боқиб вояга етказган партия номенклатураси аслзодаларини ҳимоя қилишни эпламаган бўлса, иккинчиси бундай қилишни истамади. Бундай бир шароитда сон жиҳатидан кўп ва анча жангари бўлган рашидовчилар галаси 1989 йилнинг июн ойида ўзларига маъқул Ислом Каримовни ҳукумат тепасига келтиради».
Ислом Каримов: «Бир тоифа одамларнинг чексиз бой бўлиб, яна бир тоифадаги одамлар ғариб, гадо, қашшоқ бўлишига йўл қўймаслигимиз керак. Қаердаки тинчликка путур етса, халқ осойишталиги хавф остида қолса, ўша жойда президент посбон бўлиши даркор. Эркинлик эса, тараққиётнинг яккаю ягона йўлидир. Шу сабабдан менинг яна бир муҳим мақсадим эркинлик бериш ва ана шу эркинлик…»
Диктор: « Етим болалар уйида тарбия топиб, қариндошликнинг оғир ва мураккаб ришталаридан ҳамда шу билан боғлиқ анъанавий мажбуриятлардан холи ва қулоқ қоқмас ижрочи амалдор бўлмиш Ислам Каримов Кремл учун Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари лавозимига энг мувофиқ номзод эди. Лекин 1991 йил августида СССР парчаланиб кетиб, биринчи сентябр куни Ўзбекистоннинг Давлат Мустақиллиги эълон этилади. Орадан икки ой ўтгач- 1991 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Олий Советининг сессияси Президентлик сайловлари ҳақида Қонун қабул қилади».
Ислом Каримов: «Бу йўлда қандай тўсиқлар бўлса олиб ташлайлик. Эски тузумлардан бизга нураб вайрон бўлган бошқарув системаси мерос бўлиб қолди. Тезроқ ана шу вайрона ўрнида ўзимизнинг бинони тиклашимиз керак. Бошқарув ҳокимияти, давлат ҳокимияти энди нима қилади? Хўжалик ишларига аралашмасдан ўз ишини бажариши лозим. Ҳуқуқий давлатнинг ҳимояси ҳам, қуроли ҳам, кўзи ҳам, сўзи ҳам қонундир. Минг афсуски, бизда қонунларни менсимасликка, уларни бузишга ўрганиб қолинган. Қонунни бузишга ҳеч кимнинг ҳуқуқи йўқ, чунки қонун – халқнинг хоҳиш-иродаси, уни менсимаган, бузган одам халқни юзига оёқ қўйган кишидир. Президент қонунларнинг энг асосий посбони, ҳимоячиси бўлиши керак , деб ҳисоблайман. Халққа,юртга хизмат қилиш эр киши учун, мард киши учун, ўғлон учун шарафли ишдир…»
Залда ўтирганларнинг гулдурос қарсаклари остида саҳнага ўзбек ҳужжатли киносини отахони Малик Қаюмов чиқади. У янги пайдо бўлган президентга тўн, дўппи кийдириб, белига белбоғ боғлайди ва қучоқлаб ўпиб қўяди.
Диктор: «Ростан ҳам, рашидовчилар танлашда адашмадилар, Ислом Каримов ақлли ва эпчил, ҳар қандай ҳаётий масалага ўзича ёндошадиган сиёсатчи бўлиб чиқди. Қисқа муддат ичида у қаттиқ бир тартиб ўрнатишга муваффақ бўлди. Тўғри, бу мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти инаугурациясида берган ваъдаларига мос келмас, рашидовчиларнинг истагига уйғун эмаслиги билан бир қаторда халқ ва мухолифат кутганларининг мутлақо акси эди. Бироқ буни ҳали ҳеч ким англаб етмаган ҳам эди».

Эгнида тўн, бошида дўппи билан Каримов минбарга келиб ўз нутқини якунлайди:
Ислом Каримов:«Мана шу бугунги воқеа, ўзбек халқини, ўзбек номини улуғлаш, ўзбек халқини бутун дунёга кўтариш ва келажак ҳаётимизни бугун заминини туғдириш деган нарса. Нима деганда, менга билдирган ҳурмат ва ўзимни катта – катта ҳозирги айтайлик, берган ваъдаларимдан чиқишга мана шу менга мадад беради. Менга замин туғдиради ва сизлар билан бирга, ечмоқчиман. Азизлар, тўғри тушунинглар, мен, айтайлик, сизларга асосланиб, сизларга суяниб, сизларга таяниб, бутун халқимизга таяниб, ишонаман, билиб қўйинглар, ишонаманки, албатта, ҳозир белгиланган, ҳозир ваъда берган, ҳозир ўзимиз хаёлимизда олиб келадиган мақсадларга албатта эришамиз. (Кимдир Қуръон келтириб беради). Ислом Каримов Қуръонни лабларига яқинлаштириб, инаугурацияда ичган онтига содиқ бўлиши ҳақида қасам ичади: «Бунга мана шу Қурони карим олдида мен қасамёд яна бир марта ичмоқчиман.»
З И Д Д И Я Т
Маҳаллий телевидениенинг «Ахборот» дастури воқеаномасидан
Тошкент. 1989 йилнинг июл ойи. Шароф Рашидов номидаги кўча. Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий Комитети биносининг мажлислар зали. Бу ерда республика коммунистлари раҳбарининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви ўтказилмоқда. Ислом Каримов стол ёнида ўтириб, журналистлар саволларига жавоб бермоқда, орқа томонида Лениннинг мармар бюсти тикилиб турибди.
Журналист: « Мен сиздан илтимос қилмоқчийдим, келажакда шу фаолият даражасини сақлаб қолишда ва умуман бошқа регионларга қараганда, биздаги турмуш даражасини сақлаб қолишда сизнинг келажак қисқагина бир-икки оғиз режаларингизни билишни илтимос қилардим.»
Ислом Каримов : «Бозор иқтисодиёти Ўзбекистонга нима учун керак деса, мен шундай жавоб берардимки, сиз келажак авлод тақдирини янги савияга кўтариш. Мана Швецияни мисоли бор. Агарки камбағал одам ҳаёт даражаси бир деб ҳисобласангиз, энг бой оилани даромади икки марта кўпроқ. Икки марта! Ўн марта эмас, юз марта эмас, икки марта! Бизлар ҳам Ўзбекистонда шундай сиёсат олиб боришимиз керакки, агарки биттаси бой бўлиб кетса, биттаси камбағал, қашшоқ бўлиб кетса, а нима учун ?…
Диктор: « Коммунистик партия – давримизнинг ақли, шаъни ва номуси” … Болшевистик ташвиқот ва тарғибот воситасида яратилган ушбу хаёлий обрў партия ҳукмронлигининг ҳақиқий башарасини ҳамон ниқоблаб келмоқда эди. Ана шунинг учун ҳам Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитети Биринчи секретари лавозимига келиши ва унинг иқтисодий ислоҳотлар ва сиёсий либераллаштириш борасида берган ваъдалари жамиятда янгиланиш вужудга келтиради , деган умид туғдирарди”.
Ўз архивимдан. Стол устидагилар “Совет Ўзбекистони”, “Правда Востока”, “Комсомолец Узбекистана” ,”Ташкентская Правда” газеталарининг 1989 йил ёз ойидаги сонлари. Барчасида “Тиллар ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама қиламиз” рукни остида кўзга ташланадиган мақолалар берилган: ”Давлат тили мақоми ҳақида”, ”Умумий тил-иш юритиш тили”, ”Нуқтаи назар” ,”Шарҳдаги икки хиллик”, ”Барчанинг овозига қулоқ бериш”, ”Кафолат керак”, ”Ечим адолатли бўлсин”, ”Бир-биримизни англармиканмиз?”, ”Иккала тилга ҳам давлат мақоми”,”Оби ҳаётми?”, “Хира мақом”,”Нега бир тиллилик?”.Бу сарлавҳаларнинг ўзиёқ Тиллар ҳақидаги қонун лойиҳаси теварагидаги муҳокамалар ҳазилакам эмаслигини намойиш этарди.
Диктор: «Июн ойида ҳукумат комисияси томонидан тақдим этилган «Тиллар ҳақида қонун”нинг муҳокама кампанияси бошланди. Қонун мазмунига кўра ўзбек тилига шаклан давлат тили мақоми берилган бўлиб, бу қонунни яратувчилари аксариятининг фикрига кўра рус тили миллатлараро алоқа тили баҳонасида жамият ҳаётида етакчи тил бўлиб қолавериши керак эди. Рус тилида нашр этиладиган матбуот айнан шу фикрни ўз ўқувчиларига сингдиришга интилар эди. Аммо мухолифат икки тиллиликка қарши чиқди ва ўзбек тилининг ягона давлат тили мақомига эга бўлишигина маҳаллий аҳолини камситишга чек қўйиб, унинг маорифи, фани ва маданияти ривожига кенг йўл очади, деб ҳисоблади. Матбуотдаги курашлар жиддий кузатилса, тил масаласида маҳаллий ва келгинди амалдорлар орасида якдиллик ниҳоятда камлиги кўриниб қолади. Ўзбек тилининг рус тилидан устинлиги конституция билан қонунлаштирилиши Москва десантининг қанотини қирқар ва ҳукуматнинг юқори доирасидаги рақобатни юмшатар эди. Шунинг учун миллий бюрократия мухолифат билан ўйин қилиб, ўзгартиш ва тузатишлар киритиш йўли билан ўзи учун қулай бўлган Тил ҳақидаги қонун кўринишини қабул қилишга зўр бериб ҳаракат қилди.»
Менинг архивимдан: 1989 йил 24 сентябр.Тошкентнинг қоқ ўртасидамиз. Ленин номидаги метро бекатидан чиқиш жойида, Константин Романовнинг собиқ қароргоҳи ёнида уч мингга яқин бирликчилар тўпланган. Бу ерга вилоятлардан талабалар ва уларнинг Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги катта ёшли ҳамфикрлари ҳам йиғилган.
Ўша пайт қонунларига мувофиқ 24 сентябрда Ленин майдонида митинг ўтказиш учун рухсат беришни сўраб Тошкент шаҳар ижроия комитетига икки ҳафта олдин тегишли ариза берилган эди. Аризада муҳокама қилинадиган масалалар ҳам кўрсатилган бўлиб, унинг нусхалари барча вилоятларга тарқатилган эди. Бироқ митинг ўтказилишидан бир кун олдин ҳукумат митингни рад қилиб , бу ҳақда диктор телевидение орқали хабар берганди. Бу ерга келганларнинг кўпчилиги шаҳар ҳукумати митинг ташкилотчиларига рад жавоби берганлигини билишмасди. “Ленин майдони” метро бекатидан чиқиш жойи, майдонга туташ кўчалар ва ўтаклар барчаси тўсиб қўйилган… Ленин кўчасида сариқ “Икарус”лардан иборат узун девор ҳосил қилинган. Милиция Ленин майдонига ўтадиган туннелни тўсиб турибди. Тротуарларда ҳам милиционерлар қўлни қўлга бериб, тирик занжир ҳосил қилиб тик туришарди. Метрога кириш еридаги мармар бордюрда ол рангли транспарант ушлаган икки талаба турибди. Унга «Ўзбек тилим – жону дилим» деб ёзилган. Келинг митинга келганлар билан суҳбатлашайлик.
Тошкентлик Ҳалил Мирзаев : «Уруш ветераниман ҳам меҳнат ветераниман. -Ўз ўзбек тилимизни ўтказиб берса бўлди, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Жанжал – тўполон керакмас. Бирлигимизни йўқотмай ўтсамиз бўлди.»
Наманганлик Иброхим Жураев:
«Мавзеимиздаги хўжалик магазинида кўрдим. Битта қиз келяпти.-Ока,-деди (сотувчига муомала, мурожаат қиляпти) – вишняларни, косточкаларини витаскиват қиладигандан борми? -дейди. Қаранг,бизни тилимизга қанақа ҳақорат бўлиб кетганда,ока! Ўзини тилини унутган халқ бора-бора тарихи ҳам йўқ бўлиб кетяпти-ку, ахир.»
Қувасойлик Олим Мирзаев : «Ўзбек тили Ўзбекистон учун давлат тили бўлиши керак,бошқа шарт бўлиши мумкин эмас.»
Тошкентлик Рано Обидова: «Чунки тил йўқолгандан кейин халқ йўқолади. А халқ йўқолса, ҳамма халқлар бундан зиён топади.»
Талаба Саида Абдуллаева : «Агар шу қонун 20 октябрга бориб қонунлаштирилса, демак, ўзбек тилини куни бу кунидан ёмон бўлиб қолади,агар тенг бўлиб қолса, рус тили билан давлат тили.»
Талаба Азимжон Раҳматов : «Расул Ҳамзатовда бир гап бор: «Агар она тилим эртага ўладиган бўлса, мен шу бугуноқ ҳаётдан воз кечаман.» Мана шу сабабдан мен келдим. Менинг орқамдагилар ҳам шундай».
Оломоннинг қоқ ўртасида кутилмаганда пайдо бўлган стол. Бу жойда митинг қатнашчилари Ўзбекистон раҳбариятидан ўзбек тилини давлат тили сифатида тан олишни талаб қилинган хат остига имзо чекишмоқда.
Диктор: « «Бирлик» митингларида ўзбек тилига давлат мақоми бериш талаби билан мамлакат раҳбариятига ўнлаб коллектив хатлар битилган”.
Оқсоқоллар бошлиқ бир гуруҳ кишилар милиционерлар билан қуршаб олинган Тошкент шаҳар ижроия комитети раиси Шоиноят Шоабдураҳимовни уларни Ленин майдонига қўйиб юборишга кўндиришмоқчи бўлмоқдалар. Уларнинг ёнида бошқа бир гуруҳ кишилар ҳукумат томонидан расмий муҳокамага тақдим этилган тил ҳақидаги Янги қонун лойиҳасидан қониқмасликларини шовқин билан билдирмоқдалар. Комсомол мансабдорлардан бири норози бир кишига Қонунда ҳаммаси ҳисобга олинганлиги, ҳаммаси тўғри қилинаётганини тушунтирмоқчи бўляпти.
Мансабдор – Қўйилган – ку, ҳаммаси қўйилган, ана ўшани суриштириш керакми?
Кимса- Бир хил одамлар икки тилли бўлади деб тушунтиришяпти. Тушуняпсизми?
Мансабдор – Тўхтаб туринг,тўхтаб туринг!
Кимса – Икки тилли бўлиши керакми?
Мансабдор – Тўхтанг !
Кимса – Нима учун икки тилли бўлиши керак?…
Ленин майдони ёнгинасидаги Константин Романовнинг собиқ қароргоҳининг кичик бир жойида йиғилган минглаб одамлар “Бирлик” Халқ Ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатовнинг дўнгликда туриб қилаётган нутқини олқишлар билан бўлиб турибди.
Митингдагиларнинг кўпчилигини Тошкент олий ўқув юртлари талабалари ташкил қилади. Уларнинг қўлларида : «Пахта яккаҳокимлигига барҳам берилсин!», «Оролни қутқарамиз!», «Фарғона фожиаси айбдорлари топилсин!» «Йигитларимизни Совет Армиясига қўймаймиз!» «Бирлик рўйхатга олинсин! » ёзувли транспарантлар бор.Уларнинг содда нурли чеҳраларида ҳукумат бизга қулоқ солади деган умид учқунланади. Ҳаммасидан метронинг мармар бордюрида, нутқ ирод қилаётган Абдураҳим Пўлатов ёнида талабалар ушлаб турган ол рангли транспарантдаги «Ўзбек тилим-жону дилим» шиори киши диққатини кўпроқ жалб қилади.
Диктор: «1989 йил ёзида вужудга келган оммавий қаршилик кўлами Каримовни хавотирлантирди.Унинг кўрсатмаси билан мухолифат раҳбарлари билан учрашган партия масъуллари 10 сентябрга режалаштирилган митингдан воз кечиш бадалига Бирлик вакилларига телевидение орқали чиқиш қилиш имконини ва бир ҳафта давомида ушбу Халқ Ҳаракатини рўйхатга олишга ваъда беришди.Бироқ кейинроқ маълум бўлишича, мухолифатни рўйхатга олиш ҳукмрон доиралар режасига киритилмаган экан».
Абдураҳим Пўлатов нутқидан :
«…Марказқўм раҳбарлари ҳаммалари шу ерда турибди.Тартиб бўлса ҳамма нарса бўлади, деяпти. 10 сентябрда митинг ўтказ моқчи бўлганимизда,бизни алдаб митингни қолдиришганидан хабарларинг бор. Биз буни билардик. Буни таъсири бўлади. Биз халқ зўрлигини кўрсатмоқчи эдик ва кўрсатдик. Биз пахта терамизми ёки ўз ҳақ – ҳуқуқимизни талаб қиламизми,ҳамма гап шунда! ( Нотиқ нутқи гулдурос қарсаклар билан олқишланади)
Ўртоқлар,демак эртага пахтага чиқмас эканмиз,биз ҳар ҳафта сессияга яқинлашган сари ҳар куни,иложи бўлса,бу ердан кетмасдан туришимиз керак.Ўзбек тилини, ўзбек тилини рақобатсиз давлат тилига эришмас эканмиз бизни ҳеч ким миллат деб ҳисоблашмайди.Шунинг учун биз пахта тергани чиқмаймиз.» ( Гулдурос қарсаклар )
Шу аснода “Икарус” тепасига чиқиб олган махсус хизмат агентлари тартиббузарларнинг қиёфаларини битта қолдирмай видео ва фотокамера тасмаларига тушириш билан овора бўладилар.Уларнинг орқасидан баланд гранит устига ўрнатилган коммунистларнинг тош бути Владимир Илич Ленин бургут назарини жанубга – Ҳиндистон ва Афғонистон томонга тикканича қаққайиб турарди.
Пўлатов нутқининг давоми: «Шундай шахслар топилади,ахир пахта бу бизни бойлигимиз, халқимиз етиштирган, териб олмасак, халқимиз оч қолади, дейишади. Бу гапга ишонманглар.Терамизми пахтани,термаймизми, ўзбек халқи – оч ва очлигича қолаверади…Бизни бошқа йўлимиз йўқ, бизни бошқа йўлимиз йўқ… Ҳозир келишиб олишимиз керак.(Абдураҳим оломон билан маслаҳатлашади) Биринчи куни чиқамизми, саккизинчи куни чиқамизми? (Биринчи куни! – деб қичқиради бирлари. Саккизида! – Деб бақиради бошқалари.) Тўхтанглар,биринчидан кейин саккизинчи ҳам бўлади, лекин биринчисини қачон бошлаймиз? (Биринчи куни! – Ҳайқирилар эшитилади.)
Биринчи октябр куни чиқамиз деганлар, қўлини кўтарсин! ( Йиғилганларнинг барчаси қўл кўтаради.) Ундан кейин саккизинчида ҳам чиқамиз, деганлар қўлини кўтарсин! ( Яна барча ҳаяжон билан ялпи қўл кўтаради.)
Бўлаётган воқеаларни кўчанинг нариги томонида металл панжараларга суянган ҳолда қўлига қизил латта боғлаб олган дружинниклар- Чкалов номидаги Тошкент авиация заводининг рус тилли ишчилари хўмрайиб кузатиб турардилар. Улар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга ёрдам бериш учун сафарбар қилинган эдилар. Уларнинг тепасида «Искра”кинотеатри биноси устида болшевиклар революциясининг рамзи бўлмиш Нева дарёси тўлқинларини ёриб сузаётган “Аврора” кемаси ҳамда Санкт –Петербург адмираллигининг учқир қуббаси ва улкан ҳарфлар билан 1917 рақами акс эттирилган.
Диктор: «Бирлик”ни ўзбек ҳукумати томонидан расман эътироф этилиши мухолифатга ўзбек тили мақомини муҳокама қилишдан ташқари бошқа долзарб ижтимоий -сиёсий ва иқтисодий муаммолар ечимида ҳам очиқ иштирок этиш имконини берар эди.
Жумладан, ишсизликка қарши ва пахта яккаҳокимлигининг экологик оқибатлари билан курашиш ҳамда Фарғона фожиаси сабабларини, Совет Армиясида аскарларимизнинг оммавий ўлдирилиши сабабларини суриштириб тергаш ишларида иштирок этишига йўл очар эди».
Айни чоғда митинг қатнашчилари таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаевани шиддатли олқишлар билан кутиб олади.
Гулчеҳра Нуруллаева чиқишидан парча :…
«Шоҳимардон кўчаси 17- уйда яшовчи Ортиқ Мақсудов деган аскарнинг жасади , қон босими хуружидан ўлди , деган диагноз билан юртига юборилган. Ваҳоланки, унинг жасадида пичоқ изи бўлган. Қўқон шаҳар, Яккаобод кўчасидаги 51- уйдан Йошкар – Олага хизматга кетган Исматов Юсуфбекнинг мурдаси, ўзини ўзи осган, деган қалбаки ҳужжат билан уйига жўнатилган. Аслида эса, азоблаб ўлдирилган. Қўқон шаҳар,Чернишевский кўчаси,41-уй, 37- хонадонидан Актюбинск области Эмба шаҳрига ҳарбий хизматга чақирилган Бойхонов Муҳиддиннинг ўлиги, ўзини ўзи ўлдирган, деган ҳужжат билан оиласига қайтарилган. Жасади назардан ўтказилганда эса, унинг орқа елкаси ва белида еттита ўқ изи борлиги маълум бўлган…»
Диктор:«Зотан, Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнига халақит берадиган объектив сабабларни ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. СССР ғарбида- Болтиқбўйида кузатилган ошкоралик ва фикрлар хилма-хиллиги биздаги феодал- яккаҳокимлик анъанаси билан чатишиб кетган болшевистик инкорчилик қаричларига тўғри келмас эди”.
Оломон гулдурос қарсаклар билан шоир Муҳаммад Солиҳни кутиб олади. У ҳозиргача рухсат этилмаган митингни ташкил этишда айбланиб кечаси қамоққа олинган “Бирлик”нинг ёшлар қаноти фаолларини озод қилиш борасида милиция бошлиқлари билан музокара олиб борган эди. Муҳаммад Солиҳ бордюрга кўтарилиб, музокара натижалари ҳақида сўзлайди:
«Ўртоқлар, биз болаларни олдига бориб олиб келдик. Мелиса кеча олиб кетган болаларнинг ҳаммасини олиб келдик. Ҳокимият билан шундай келишдик: биз болаларни олиб келгандан кейин мана бу автобусларга ўтириб ВУЗ городок томонга борамиз, деб келишдик…»
«Пиёда!.. Пиёда!.. Пиёда!.. Пиёда !.. –деб аввалдан келишиб олгандай жўр овоз янграйди. – Пиёда !…Пиёда!..
Диктор: «Талабалар шаҳарчасига пиёда бориш фикри Абдураҳима Пўлатовдан чиққан. Митингчиларни автобусларда кетишга ундаган ҳукуматдагилар ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам асосли равишда турли иғволардан хавфсирашган.
Бинобарин, сал жиловсиз бўлган ҳар қандай тўда доим хавф туғдиради. Бир неча “устамон”ни уларнинг орасига киритишнинг ўзиёқ , оломон кучини вайронагарчилик ва талончилик томон йўналтиришга кифоя қилади. Шунинг ўзиёқ хатар нақадар эканлигини кўрсатади. Бироқ Абдураҳим Пўлатов ҳам ўзича ҳақ эди: қўлида шиор ва транспарантлар кўтариб олган минглаб кишилар Ўзбекистон пойтахтининг марказий кўчасидан ўтиши Ҳаракатга сезиларли сиёсий ютуқ келтирарди. Бу эса унинг учун жуда муҳим эди.
– Пиёда!…Пиёда!… – ҳайқиришда давом этарди оломон.
Муҳаммад Солиҳ: «Ўртоқлар, ундай бўлса ҳайъатни, “Бирлик”ни ҳурмат қиладиган бўлсанглар, “Бирлик”ни бирлигини ҳурмат қиладигон бўлсанглар бизнинг гапимизни тинглашингизни илтимос қиламиз. Автобусларга ўтиринглар! Бўлмаса берилган ваъдамизнинг бурди қолмайди.»
– Пиёда!…Пиёда !…Пиёда!…
Оломон Муҳаммад Солиҳни эшитмай қўйганди ва милиция жонли занжирини узиб ўтишга чоғланади. Довдираб қолган милиционерлар улар устига келаётган оммани тўхтатишга бир оз уриниб кўриб, сўнг ўзларини четга олдилар. Митингчилар оқими қуролли махсус хизматчилар билан тўла автобусларни ёнлаб ўтиб, Навоий кўчаси томон ташландилар. ( Шундай қилиб, Абдураҳим Пўлатов Муҳаммад Солиҳ иззат-нафсига яна бир марта тегди ва бу шахсий муносабатларида вужудга келган дарзни анча кенгайтириб уларни бир-биридан янада узоқлаштирди).
– Бирлик – озодлик ! Бирлик – озодлик! Бирлик – озодлик!
Ўша кунларда сеҳрли куч ва жозибага эга бўлган ушбу «Бирлик – озодлик» сўзларини жону дилидан баралла айта-айта намойишчилар колоннаси Навоий кўчаси бўйлаб оқиб борарди. Ўрдадаги Анҳор кўпригидан ўтиб, йўлидаги милиция занжирини суриб ташлайдилар. Йўлкалардан кетаётган йўловчилар милиционерларнинг зич қуршовида жўшиб кўча бўйлаб кетаётган мухолифат колоннасига хайрон бўлиб ҳайрат билан қотиб кузатмоқда эдилар. Маъмурий бинолар деразаларидан қизиқувчан кишилар ҳам томоша қилишарди. “Бирлик” Халқ Ҳаракати ҳайъати аъзолари- шоира Гулчеҳра Нуруллаева, дирижёр Зоҳид Ҳақназаров, физик Дамин Нарзиқулов, математик Шуҳрат Исматуллаев, журналист Фахритдин Худойқулов, талабалар етакчиси Асқар Абдуллаев ва кибернетик – Абдураҳим Пўлатовлар ҳам намойишчилар билан бирга шахдам қадам ташлаб борар эдилар. Намойишчилар боши узра Дадахон Ҳасаннинг қўшиғи янграйди:
Бермай десанг бировга – бегонага сўзингни !
Бермай десанг бировга – бегонага сўзингни !
Фарзанд билсанг Туркистон деган юртга ўзингни!
Бошингни кўтар энди! Кўзингни оч кўзингни!
Кўзингни оч, ўзбегим! Уйғон энди – ён энди!
Қўшил бизнинг сафларга – эй! Майли кетса жон энди!
Қўшил бизнинг сафларга-эй! Майли кетса жон энди!
То кай диёримизда бегоналар ҳукмрон?
То кай олиб кетарлар – эй боримизни ҳар томон?
Олтин тоғлар яратиб ,токай ейсан қаттиқ нон?
Олтин тоғлар яратиб, то кай ейсан чою нон?
Кўзингни оч ўзбегим! Уйғон энди, ён энди!
Кўзингни оч ўзбегим! Уйғон энди, ён энди!
Диктор: « 1989 йилга келиб асримиз бошларида бўлгани каби ижтимоий – сиёсий ҳаётнинг замини ғимирланиб қолди. Давлат Хавфсизлиги Комитетининг мўлжалига қарши мухолифат партия мафиясининг назоратидан чиқиб кетди. Қадри кетиб бўлган: озодлик, дин, шаън, номус, қадр – қиммат, этиқод тушунчаларига қайта эҳтиёж туғилди».
Намойишчилар Чорсуга яқинлашдилар. “Москва” меҳмонхонаси томонидан бир кўриниш: Колоннанинг боши Кўкалдош мадрасаси олдидан ўтмоқда, унинг охири эса ҳали ҳам Ўрдада.( Менинг ҳисобим бўйича , бу маросимда камида 10 минг киши қатнашди).
1989 йил 29 сентябр, Талабалар шаҳарчаси. Намойишчилар талабалар шаҳарчасидаги марказий майдонга –Лениннинг улкан ёдгорлиги пойига етиб келишди. Тошкент шаҳар ижроия комитети раҳбарлари билан узоқ олиб борилган музокаралардан сўнг ниҳоят 29 сентябрга мўлжалланган митингни айнан мана шу ерда ўтказишга изн берилган эди.
Диктор: « Бирлик» нинг ёшлар қаноти фаоллари томонидан уюштирилган талабалар шаҳарчасидаги бу митингда кўп йиллардан бери ичга йиғилиб юрган, айтилишига ботина олинмаган дард-аламлар ташқари чиқди ».
Минбарда « Бирлик » ёшлар қанотининг етакчиси Асқар Абдуллаев. У митингни очиб, физика-математика фанлари номзоди, Фарғона фожиаси сабабларини текшириш Мустақил Комиссиясининг раиси Дамин Нарзиқуловга сўз беради.
Дамин Нарзиқулов нутқидан парча :
Ички ишлар вазири биз келтирган фактларни инкор қилишга уринишди… Биринчи, Қўқон шаҳрида милиция ходимлари ва ички ишлар қўшинлари қисмлари томонидан бир неча марта, қонунга хилоф равишда оммавий қуроллар ишлатилган. Натижада,кўп гуноҳсизлар қурбон бўлган. Иккинчи хулоса.7- 8 июн кунлари ва қисман 9-10 кунлари ҳам Қўқон шаҳрида комендантлик соати эмас, балки ҳарбий ҳолат амалда бўлган. Натижада, милиция ва ички ишлар қўшинлари ҳеч қандай назорат йўқлигидан фойдаланиб, шаҳарда террор уюштирганлар. Учинчи, бу жиноятлар учун, биринчи навбатда, шаҳар ва вилоят комендантлари , шаҳар совет ва партия раҳбарлари, ички қўшин қўмондонлиги жавобгардирлар. Иккинчи навбатда, бу фожианинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўрмаганлиги учун Республика раҳбарларидан Нишонов ва Қодировлар жавобгардирлар. ( Рафиқ Нишонов – Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг собиқ биринчи секретари, Ислом Каримов салафи. Ғайрат Қодиров – Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг собиқ раиси).
Диктор: « Ўша куни ҳамма нарса биринчи бўлаётган эди: Айнан ўша кун Фарғона ва Қўқондаги қонли ваҳшийликларга масъул бўлган мансабдорлар номи расман тилга олинди. Айнан мана шу кун оддий фуқаролар етмиш йил давомида илк бор расман Совет ҳукумати башарасини очиб гапиришди».

Маҳалла оқсоқоли Наим ота чиқишидан парча :
– Олий Кенгашда ўтирганлар кенгаш нималигини билмаса-да, туб маънисини етмаса – да, бу ёқдагилар маслаҳат берса уни назар – писанд қилмаса…бу қанақа майнавозчилик бўлди. Мана бу олийжаноб Оллоҳнинг марҳамати билан «қайта қуриш» деган муборак кунга етиб турган пайтимизда, бунга тўсқинлик қилмоқчиларни ким деса бўлади? Булар бюрократларни ўта кетгани, яъни ҳақиқатга қарши борувчилар… Невараларимизга нима деб жавоб берамиз? Қуръони Каримда сен ўзингдан кейин қолдирадиган авлодни имони мустаҳкам инсонпарвар зотлар қолдиришинг керак, агар шундоқ қилмасанг, Оллоҳ таолони олдида жавоб берасан деб қўйилган бўлса. Биз қиёматда Оллоҳни олдида нима деб жавоб берамиз? Пахтакор, пахтакорларимиз ишлавотти, бутун вужуди меҳнатда ўтиб турган ҳолатда, унинг олаётган пули чет давлатда берилвотган садақадан кам бўлса,бу қанақа жиноят? Улар садақани (бизнинг маошимиздан кўра) кўп оляпти.» (Давомли ва гулдурос қарсаклар).
Минбар ёнидаги жойда шоира Гулчеҳра Нуруллаева, физик Дамин Нарзиқулов, кибернетик Абдураҳим Пўлатов, дирижёр Зоҳид Ҳақназаров, шоир Юсуф Жумаев, математиклар Шуҳрат Исматуллаев, Абдуманноп Пўлатов ва шуларга ўхшаш ўз соҳасининг етук билимдонлари туришарди. (Вақти келиб партия бюрократияси бизни омадсиз кўролмаслар деб номлайдилар. Кулгили! Бошлиқ курсисисиз сариқ чақага арзимас, ўрта даражадаги кишиларни кўролмаслик кулгили! Ўзинг севган иш билан шуғулланиш ва ичингдаги гапни қўрқмай гапира олишдан улар ҳам завқ ололсайди! Бошлиқ олдида лапанглашдан жиркансайди. Эртага амалидан олиб, ўғри аташларидан титроққа тушмасайди!). Майдонда одам шунчалик кўп ва зички, олма ташласанг ерга тушмайди. Митингни олиб борувчи Асқар Абдуллаев сўзга чиқувчилар номларини эълон қилади. Шиор ва транспарантлар кўтариб турган қора кўзлар уларни шиддатли олқишлар билан қаршилаб, ҳаяжонли ва фош қилувчи нутқларидан сўнг гулдурос қарсаклар билан кузатиб қўяди.
Диктор: « Бу кун кишилар биринчи марта совет сохта парламентаризми устидан расман кулдилар».
Шоир Юсуф Жумаев чиқишидан парча:
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, Шошдан Московга учдик,
Сопол халтада майиз, пойтахтда кўк чой ичдик,
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, бизни улуғлади олам.
Гуризин йиғлаганда қарсак урдик – ку хуррам.
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, урилганларни урдик,
Ғолиблар ўтадиган кўчаларни супурдик .
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, съездда шеър тўқидик,
Мирзалар ёзиб берган текстларни ўқидик.
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, ахир ўзбек-да ўзбек,
Мажлисларда ўтирдик театрга киргандек.
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, совун қидирдик чандон,
У ёқда ҳам қатағон, бу ёқда ҳам қатағон.
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, тизлар дўстлик деганлар,
Она юртини эмас, ўз жонини севганлар.
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, Кремлда нос отдик,
Кундуз юриб кечалари тинч топдик.
Бизлар қўрқоқ эмасмиз, муносибдирмиз номга
Қаранг халқдан қўрқмасдан қайттику Узбекистонга.
(Узоқ ва давомли қарсаклар)
Диктор: «Ушбу митинг арафасида тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбланиб, “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг ўнлаб фаол талабалари қамоққа олинган эди. Масъулларнинг, агар митинг Ленин майдонидан талабалар шаҳарчасига кўчирилса, қамалганлар озод қилиниши ҳақидаги ваъдаси ҳар икки томонни қониқтирган эди. Бироқ кейин маълум бўлишича, талабаларнинг ҳаммаси қўйиб юборилмаган экан».
Асқар Абдуллаев минбардан туриб шу ҳақда гапирмоқда:
– Олимов Яшин, Қурбонов Садриддинлар, агар ана шу болалар шу ерда бўлса, чиқишсин! Биз адашаётган бўлишимиз ҳам мумкин. Лекин булар ҳозир йўқ. Шулар келмагунча, яъни ҳамма болалар шу ерга келмагунча тарқалиш йўқ. Яна кимлар ушланган бўлса агар, мана бу ерга чиқиб, марҳамат айтинглар.
Тошкент авиасозлар заводи ишчиси Гулхумор Полвонованинг чиқишидан парча :
Ўзбек деб ўзбегимни қонин сўрган зулуклар,
Элгинамни фикрини сўриб олган зулуклар.
Элу юртни молига ҳеч тўймаган зулуклар,
Бирин – кетин балога учраб қолган зулуклар.
Деҳқонимнинг меҳнатига орден таққан зулуклар
Деҳқонимнинг қора кўзин нурин олган зулуклар,
Деҳқонимнинг ўғлонини отиб еган зулуклар,
Деҳқонимнинг уйгинасин вайрон этган зулуклар.
Ор – номуси ортда қолиб нафсин топган зулуклар,
Юзи – кўзи ҳаёсиз куриб қотган зулуклар.
Бойлик деса виждонини русга сотган зулуклар,
Улар қолиб бизларни ўққа тутган зулуклар.
Оналарни қалбини қон қақшатган зулуклар.
Элгинамнинг бошига офат солган зулуклар.
Ёш қизларнинг жонига қасд қилдирган зулуклар,
Сир очилса қўрқувдан ёрилиб ўлган зулуклар.
Оппоқ ойдин пахтамга доғ туширган зулуклар,…
Охир оқибат Оролимни ҳам куритган зулуклар.
Ўзбекларни юртини бериб қўйган зулуклар…
Қайта қуриш замон келди ўлиб кетар зулуклар…
Шундагина тупроққа тўйиб кетар зулуклар…
( Қарсаклар)
Диктор: “Афсуски бу танқидлар бугунги кунга – Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги кунига ҳам тегишлидир. Қўрқаманки, эртанги кунга ҳам тааллуқли бўлиб қолади.Фуқаролик жамиятисиз, ошкораликсиз ва плюрализмсиз ҳукумат сифат жиҳатидан ўзгармайди”.
Нотиқлар ўз нутқини ирод қилар экан “Бирлик” ёшлар қанотининг фаоллари -талабалар қўлларида қутича тутиб хайрия йиғар эдилар. Улар одамлар зичлигидан ораларидан аранг суриниб ўтар эдилар.Хайрия тушуми кам бўлди. Аҳён-аҳёнда бирор талаба маъюсона бир тарзда охирги ғижимланган сўмини қутичага ташлар эди.
Диктор: «Молиялаштирилмаган мухолифат фаолият кўрсата олмайди. Аммо талабалар ва “Бирлик”нинг оддий аъзолари бойлардан эмас эди. Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам бойлар ҳукуматдорлар ва уларнинг пора бера оладиган кўплаб танишлари, дўстлари ва қариндошлари бўлиб, бизнинг анъанавий “ботқоғимиз” уларнинг яйраб – яшнашига яхши замин бўлмоқда. Ҳукмрон тоифанинг чексиз худбинлиги ва бу табақада сиёсий маданиятнинг йўқлиги Ўзбекистонда демократия ривожининг асосий тўсиғи бўлиб қолмоқда. Нафсиламбирни айтганда, фақат шугина тўсиқ эмас. Бизнинг онгимизда ҳануз юз йил аввалгидек кишини дунёвий ишлардаги фаоллигини бўғадиган диний фатализм ҳукмрон: «Камбағал банда, сабр – тоқат қил! Қийнал, лекин дод дема, пешонангда шунақа ёзилган экан, тақдиринга тан бер. Бу дунёда бор – йўғи оз муддатли меҳмонсан». Бу сурункали руҳий турғунликни енгиб ўтиш билан бирга давлатчиликнинг дунёвий йўналишда ривожланишини сақлаб қолиш учун аввало, ҳокимиятдан сиёсий ирода талаб қилинса, кейин эса аҳолининг сайлов кампанияларига онгли равишда иштирок этиши зарур ҳисобланади. Лекин ўша чоғларда бизда ташвиқот билан ҳукумат сифатини ўзгартириш мумкин, деган ширин хаёлий орзудан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ эди».
ТОШДУ ўқитувчиси Абдуманноп Пўлатов чиқишидан парча:
– Юқоридагиларга тўғри келмайдиган номзодлар номзодини ўтказмаслик ва раҳбарларимиз аппаратига, бюрократияга тўғри келадиган номзодларни амаллаб ўтказиш учун сунъий равишда ўтказиладиган, бутунлай бошқариш йўллари ҳамма жиҳатидан партия ва совет органлари қўлида бўлган мажлис эди. Мана шу нарса янги қонун лойиҳасида округ сайловолди
конференцияси ниқоби билан қолдирилган. Қайтариб ўтаман, бу битта Олий Кенгашга эмас бу ҳаттоки қишлоқ шўросига ҳам шу нарса киритилган. Бу шармандаликни қандай қилиб изоҳлаб бўлади? Бизнинг асосий талабимиз: округ сайловолди конференцияси ниқобидаги номзодларни териш мажлислари бекор қилинсин ва қонунга киритилмасин. Халқ кўрсатган ва жамоат ташкилотлари, меҳнат коллективлари кўрсатган ҳамма номзодлар рўйхатга олинсин ва сайлов пайтида бюллетенларга киритилсин! Халқнинг ўзи танлаб депутатликка лойиқни танласин, тепадаги бюрократ тўраларимиз эмас! Ҳамма “Бирлик” халқ ҳаракатига, халқ иши учун фаол бўлган одамлар бирлашайлик! Қонун лойиҳаларини синчиклаб ўрганишингларни сўрайман.»
Диктор: «СССР халқ депутатлигига баҳор чоғидаги сайловда “Бирлик” ютқазиб қўйди. Ярим йилдан сўнг маҳаллий сайловлар бўлиб ўтарди. Ўзбекистон Олий Советига сайловларда агар мустақил депутатлар ютиб чиқсагина қўғирчоқ парламент соғломлаштирилиб, мухолифат ҳукуматга таъсир қилиш муҳити вужудга келарди. Бундан ташқари, қабул қилинган прогрессив қарорларни жойларда ижро этишга эриша олар эди».
Абдуманноп Пўлатов нутқи давомидан:
– Биз демак, ҳар бир шаҳарда, ноҳияда, вилоятда, қишлоқда сайлов ишлари билан шуғулланувчи ташаббус гуруҳларни тузишимиз, уюшишимиз керак ,уюшмасак,бу ишларни қилолмаймиз.Мана шу ерда бундан кейинги мажлисдан бошлаб биз, асосан, сайловга эътибор бермоқчимиз.
Асқар Абдуллаевнинг кадр ортидаги гапидан:
– Агарда биз мана шундай қилмас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Сайловда биз қонунни билмаслигимиз билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз, қанча кўп қонунни чуқур билсак, шунча кўп ўзимизнинг вакилларимизни ўтказишга муяссар бўла оламиз.
Диктор: « Узбекистон ССР Олий Советининг навбатдаги мажлиси 20 октябрга белгиланган эди, шунинг учун ўзбек парламенти мажлис бошлангунча ҳар ҳафта Ленин майдонида митинг ўтказишга қарор қилинди. Мухолифатда ҳукуматга таъсир қилишнинг бошқа воситаси йўқ эди».
Тошкент 01.10.1989 йил. Ленин кўчаси.
Бир неча минг кишилик намойишчилар «Оролни қутқарамиз!” ,”Пахта яккаҳокимлигига барҳам берилсин!”,”Ўзбек тили давлат тили деб тан олинсин!” деган транспарантлар кўтариб олиб, милиция ва Фрунзе номидаги Тошкент ҳарбий билим юрти курсантлари қўлни қўлга бериб ташкил қилган қатор-қатор тўсиқларни селдай суриб ҳамда темир панжаралар устидан ошиб ўтиб, оқим-оқим бўлиб Лениннинг улкан ҳайкали пойига интила бошлади.
Диктор: « Биринчи октябр куни Бирлик тарафдорлари Константин Романовнинг Ленин кўчасида жойлашган собиқ қароргоҳи ёнида йиғилишди ва шаҳар маъмурлари уларни майдонга ўтишига рухсат бермагач, милиция тўсиқларини ёриб ўтиб, Ўзбекистоннинг асосий “театр саҳнасига” коммунизм улгусига содиқлик Қизил Империянинг улуғворлиги ва ҳарбий қудратини намойиш қилиш учун минглаб фуқаролар, аскарлар, ҳарбий техника ҳайдаб келинадиган бу майдонга илк бор жуда катта инсон оқими ҳеч қандай қистовсиз кириб келди».
Темир панжараларга орқа қилиб турган милиционерлар кишиларнинг тантанали оқимига қўлларини икки томонга ёйиб, кўкраги билан майдонни ҳимоя қилишларидан наф чиқмади.Талмовсираб қолган махсус хизмат ходимлари вазият ҳақида хабар бермоқдаларми ёки қўшимча ёрдамчи куч сўраяптиларми, ишқилиб, рацияларининг микрофонларига бақириб ётишибди. Жунбушга келган оломон шовқин-суронидан ҳеч нарса эшитилмайди. Ушбу сурон устидан Дадахон Ҳасаннинг овози янграйди:
«Халқ денгиздир халқ тўлқиндир халқ кучдир!
Халқ денгиздир халқ тўлқиндир халқ кучдир!
Халқ исёндир халқ офатдур халқ ўтдир!
Халқ исёндир халқ офатдур халқ ўтдир!
Халқ қўзғолса куч йўқ уни тўхтатсун.
Халк қўзғолса куч йўқ уни тўхтатсун.
Қувват йўқдир халқ истагин йўқ этсун,
Қувват йўқдир халк истагин йўқ этсун,
Қувват йўқдир халқ истагин йўқ этсун.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилғай,
Халқ исёни салтанатни йўқ қилғай.
Халқ истаса тожу тахтлар йиқилғай,
Халқ истаса тожу тахтлар йиқилғай,
Халқ истаса тожу тахтлар йиқилғай.
Халқ истаса озод бўлур бу ўлка,
Кетар унинг бошидаги кўланка.
Халқ истаса озод бўлур бу ўлка,
Кетар унинг бошидаги кўланка,
Кетар унинг бошидаги кўланка.
Йўқликни-да очликни-да йўқ этар.
Йўқликни-да очликни-да йўқ этар»
Шу аснода майдонга ёриб кирган мухолифатнинг биринчилари мармар зиналардан Ленин ҳайкали томон кўтарилмоқда эди. Милициянинг катталари, ҳарбийлар ва оддий кийимли кишилар Узкинохроника оператори менинг касбдошим Шуҳрат Маҳмудовнинг кинокамерасини олиб қўйишга уринадилару, бироқ унинг расмий идоралардан рухсати борлигини билгач, мен томон отиладилар. Агар мени ҳимоя қилиб, уларнинг йўлини тўсиб қолган қатъиятли талабалар бўлмаганида, ушбу митингни кўришингиз мушкул бўларди.Тез орада Ленин ҳайкали олдида ҳар томонидан аскарлар ва милиционерлар қуршовидаги бир халқа пайдо бўлди.Одамлар сеҳр касб этиб улгурган икки сўзни- «Бирлик!”,”Озодлик!” дея қарсаклар жўрлигида айтар ва олқишларди. Шу аснода“Бирлик”нинг бир қанча фаол оқсоқоллари ҳокимият ва коммунистик мафкурага эҳтиромини зоҳиран ифода этиб, Владимир Илич Ленин ҳайкали пойига гуллар қўйиб, ёнига Ўзбекистон ССР давлат байроғини ҳам тикиб қўйдилар.
Диктор: «Шу бугун бу кишилар ўзлари йилда икки марта партия ва ҳукуматни улуғлайдиган ёлғон шиорлар кўтартириб қўйиб, ушбу майдондан ўтказиладиган оломондан халққа айлана бошлаганини илк бор ҳис этган бўлсалар, ажаб эмас.Бугун уларнинг кўпчилиги умрида илк бор ўз ҳақ-ҳуқуқи ва иймони учун курашиш қобилиятини ҳис этган бўлсалар ҳам ,ажаб эмас».
Ленин ҳайкалини юз чоғли милиционерлар қўриқлайди. Улар бир неча зич қатор бўлиб,ҳайкал пойдеворининг пойида туришарди. Улардан сал пастроқда юзлари қонаган бир кекса киши турибди. Хавотир олиб унинг олдига бордим.
– Нима қилди?
– Мен олдидайдим мени урди. Мелисавойлар урди. Йиқилдим, шу бўлган аҳвол.
– Нимага урди сизни?
– Ўтаман, дедим. Ватаним учун, халқим учун ўтмай нима қиламан!
– Нималарни талаб килиб келдингиз?
– Ўз тилим учун, ўз ватаним учун, ўз диним, ўз эрким учун келдим!
– Раҳмат, бува.
– Исму шарифингизни айтишингиз мумкинми? – Хўш! Ҳасан ўғли Айсан. Миллатим уйғур.
– Раҳмат ,бува!
Диктор: «Ҳукумат билан қарама-қарши келган мана шу кунларда,ҳудди буйруқни ижро этгандай,таниқли ёзувчи,журналистлар,фан ва маданият арбоблари,халқ депутатларининг кўпчилиги мухолифатдан юз ўгирди.Фақат энг ишончлилар, энг холислар,энг беғаразларгина қолди. Хотирасида «ЖАДИД” сўзи ҳақиқий зиёлилик тушунчаси билан чатишиб кетган кишиларгина қолди».
Интервюси қизиқарлироқ чиқиши мумкин бўлган киши излаб атрофга кўз югуртираман.Милиционерлардан тузилган девор олдида, менга яқин жойда техника фанлари доктори Олим Каримов, Ўзбекистон халқ артисти Зоҳид Ҳақназаров ва коммунистик партия фахрийси Сулаймон Азимовлар қизғин суҳбатлашмоқдалар. Уларнинг олдига бордим. Орқамда турганлардан бири «Ўртоқлар, жимлик ўртоқлар!” деб бақирди ва Сулаймон Азимов билан интервю бошланиб кетди.
Сулаймон Азимов: «Мен партия ҳам меҳнат ветераниман. 1908 йилда туғилганман. 81 га бордим. Митингга келдим гапириш учун минбардан».
Олим Каримов: « Сулаймон ака 1940 йилларда Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг секретари бўлган. Репрессияда бўлиб бир неча, ўн беш йилми – ўн тўрт йилми турмада ўтирган.»
– Бир оғиз айтсангиз репрессия ҳақида.Нимага сизни репрессия (сургун) қилишган?
– Репрессия … ҳақида…Бир оғиз тўғри гапириш мумкин эмас.Чунки репрессияда ким ўзи бир нормалний одам бўлса,халқи учун,тараққиёт учун ақли билан, билими билан астойдил ҳаракат қилар экан бу одамни йўқотиш керак.Факат амалдорга қараб чаппак чаладиган одамгина – қуллар қолиши керак. Мен ўшалардан эмас эдим.
– Ҳозир сиёсат ўзгардими?
– Ҳозир сиёсат ўзгарди.Энди партиянинг олиб бораётган йўли бу қайта қуриш! Ундан кейин бу демократлаштириш. Ошкоралик асосида кайта куриш. Мамлакат учун ягона нажот йўли шу қайта қуриш. Шу «Бирлик» ҳам бутун кучини шу қайта қуришга ёрдам бериш учун яратилган.”Бирлик» ҳақидаги бошқа гаплар ҳаммаси “Бирлик”ни устидан килинаётган туҳмат! Бу одамлар партиянинг қайта қуриш ишида ёрдам бериш учун бу ерга тўпланган. Мен ҳам шунинг учун келдим.Шу гапни минбарда туриб гапиришим учун келдим.
– Сизни НКВД репрессия қилганми?
– НКВД репрессия қилган.
Суҳбатимизга қизиқиб қолган махсус хизмат ходими яқин келиб, ҳеч тортиниб-нетиб ўтирмай, менинг Суламон Азимовдан олаётган интервюмни ёзиб ола бошлади.
– Мана ҳозир ҳам НКВД сизни съёмка қиляпти, ҳозир улар КГБ.
– НКВД эллик йилдан бери мени съёмка қилиб келяпти. Тўхтамайди съёмка қилишдан – ҳаммаси яхши танийди. Мана шулар НКВДми?
– Ҳа КГБ.
– Ҳа майли қилаверсин. Ёзаверинг. Агар чақирса, шу гапларни ўша ерда ҳам гапириб бераман КГБнинг ўзида.
Ленин ҳайкали пойдеворининг юқори зиналаридан суратга туширилган умумий манзара бу ерга йиғилганларнинг миқдори ҳақида таассурот туғдира олади.
Ўзбекистон ССРнинг асосий майдони очиқ саҳни одамлар билан тўлиб кетган,у ер бу ерида ол ва қизил рангли транспарантлар “Оролни қутқарамиз!”,”Йўқолсин пахта яккаҳокимлиги!”,”Ўзбек тили Ўзбекистоннинг давлат тили деб эътироф этилсин!”, ”Бирлик”ни рўйхатга олинишини талаб қиламиз!” шиор ва чақириқлари билан уларнинг устида ҳилпирайди (Менинг ҳисобимга кўра етти минг чоғли киши йиғилган). Пойдевор пиллапочасида ушбу тош бутни қўриқлаётган милиционерлар рўпарасида талабалар майдонга қаратиб кўтариб турган жигар ранг матоларда “Ўзбек тилим-жону дилим!”, ”Фарғона фожиалари холис суриштирилсин!”, ”Совет Армиясида хизмат қилиш –Йўқ!” шиор ва чақириқлари ёзилган.Бу ерда партиянинг юқори мартабали арбоблари, милиция мансабдорлари ҳамда тошқомат, кўзлари тикандек аччиқ санчиладиган, оддий либослар кийиб олган шубҳали кимсалар изғишади. Маҳаллий нашр журналистлари мухолифат фаоллари билан мулоқот қилишяпти. Фото мухбирлар советлар мамлакатида ишлаб чиқарилган бесўнақай камераларини шиқиллатиб ётибди.Улар мени суратга олиш билан мен эса уларнинг суратини тушириб олиш билан оворамиз.
Диктор: «Бизнинг журналист ва ёзувчиларимиз бу ҳақда айрим сийрак истиснолар ҳисобга олинмаса кам ёздилар ва фото мухбирлар суратлари маҳаллий газеталарнинг биринчи саҳифалари юзини кўрмадилар. Аммо умид қиламизки, ўз касбини қадрловчи ҳар қандай мутахассис каби мазкур суратлар ва қўлёзмаларини Ўзбекистоннинг энг янги тарихи учун эҳтиёт қилиб сақламоқдалар… Лекин ўз адабий улгуларига хиёнат қилмаган ёзувчи ва шоирларимиз саноғи жудаям кам».
Навбатдаги интервью.
Дадахон Ҳасан : «Бугун бу ерда ўзбек халқининг бир бўлаги йиғилган. Мен шу ерда – доҳиймиз Лениннинг пойида халқимизнинг фарёдини тинглагани келдим ва мана шу халкимизни фарёдига жўр бўлгани келдим. Бизнинг асосий мақсадимиз: биринчиси, ўзбек тилимиз Ўзбекистонда давлат тили бўлиши керак ва мана шунга эриши шимиз керак. Иккинчи: пахта монокултурасига қарши кураш. Учинчиси: Фарғона фожиаси ҳақида бугун мана шу ерда фарёд қилишимиз керак,биз ўз талабларимизни ҳукуматга айтишимиз керак. Мана шу мақсадда йиғилганмиз ва имоним комилки, бу мақсадга эришамиз.»
Аллақандай бир милиционер талабалар мегафонини олиб қўйганлиги учун «Бирлик” фаоллари митингни бошлай олмаётган эдилар. Омма кайфияти бузилиб аста-секин бақироқ оломон сифатини касб эта бошлайди. Шу тобда қандайдир милиция мегафони топилиб қолади. Ленин ҳайкали пойида, ҳайкални ҳимоя қилиб турган милиция взводи олдида туриб Аблураҳим Пўлатов мегафондан бу ерга йиғилганларни интизомга чақиради.
Абдураҳим Пўлатов:
– Шошиш йўқ! Шошманглар! Шошманглар! Провакаторларга қарши эҳтиёт бўлинглар. Сўз партия ва меҳнат ветерани Сулаймон ака Азимовга.
Сулаймон Азимов чиқишидан парча:
– Бизнинг улуғ боболаримиз дунёга маълум. Масалан улуғ бобомиз Алишер Навоий бундан 500 йил илгари ўзбек тили, умуман, туркий тилнинг кучи қандай гўзал асарлар яратиш мумкин эканлигини бир зўр тасвирлаб берди…
Диктор: «Сулаймон Азимов Москвада ўқишни жуда муваффақиятли тамомлаганидан сўнг, республика миқёсидаги газетага бош муҳаррир этиб тайинланади. 1940 – йилни бошларида Ўзбекистон компартияси Марказий Комитетининг секретари қилиб сайланади. Ўша пайтларда ўзбек миллатининг “отаси” унвонига эгалик қилган Усмон Юсупов бунда ўзига рақибни кўриб дарров эҳтиёт, огоҳлик ишларини бошлаб юборади» …
Воқеаноманинг оқ – қора тасвирли кадрлари: Тошкент. Ленин майдонида 1941 йилги меҳнаткашлар бирдамлиги митинги.Шиор ва транспарантлар кўтариб олган туманот олам йиғилган. Нимаси биландир замондошимиз Аҳмаджон Одиловни эслатадиган, Усмон Юсупов (марҳум Сулаймон Азимов таъбирича «айёр, қаттиққўл мансабсевар,чаласавод, кимса» ) қўлларини пахса қилиб. Гитлер Германиясини Совет Иттифоқига хиёнаткорона ҳужумини қораламоқда.
Воқеанома охири
Сулаймон Азимов сўзининг давоми:
– Ҳозирги авлодни вазифаси шу халқни фарзанди эканлигининг бурчини бажариш, тилини сақлаш авлодларга бериш…
Диктор: «”Миллат оталари”нинг қўли остидаги ақлли кишилардан ўлгудай қўрқиш сурункали касали оқибатида Сулаймон Азимов зудлик билан майда буржуа миллатчилигида айбланиб,Сибирга 15 йилга сургун қилинади. Қатағон ҳам бўйнини эга олмаган бу мард инсон машҳур жадидларимиз авлоди сифатида митинг қатнашчиларига хайр тилади».
Сулаймон Азимов сўзга чиқиб бўлгунича Ленин ҳайкали пойида митинг ҳайъати ҳам аниқ бўлди. Булар «Бирлик” фаолларидан Сулаймон Азимов, олим Олим Каримов, журналист Аҳмад Аъзам, физик Дамин Нарзиқулов, хонанда Дадахон Ҳасанов, кибернетик Абдураҳим Пўлатов ва талаба Шавқиддин Жўраевлар эди. Митингга келган омма эса, шу ернинг ўзига газета тўшаб устида чордона қуриб ўтирди. Бунда турли авлод ажойиб бир тарзда жамланган эди: 70 дан ошган оқсоқоллар, гулдор рўмоллар ўраб олган кампирлар ва уларнинг ёнларида ўйнаб юрган 3-4 яшар болакайлар.Бу ерда юзлари офтобда қорайган вилоятлардан келган 30-40-50 ёшли эр кишилар (деҳқонлар бўлса керак!) билан бирга кўплаб ўқитувчилар, шифокорлар, илмий – ижодий зиёлилар ҳам йиғилган. Лекин тўпланганларнинг аксариятини,сўзсиз, ёшлар ташкил қилиб, Тошкент олий ўқув юртлари талабалари ва маҳаллий саноат корхоналари ишчилари эди.
Абдураҳим Пўлатов: «Сўз Эркин Воҳидовга!»
( Эркин Воҳидовнинг навбатдаги йўлланмасини Аҳмад Аъзам ўқийди ) :
«Она тилимизга давлат мақоми бериладиган кунлар яқинлашмоқда. Жумҳуриятимиз Олий Кенгашининг октябрда бўладиган сессияси бу қонуннинг янги, тубдан қайта тикланган лойиҳасини тасдиқлаши керак. Янги лойиҳа бўйича давлат тили, яъни ўзбек тили жумҳуррият сарҳадларида миллатлараро алоқа воситаси бўлиб хизмат қилади.
«Ўзбекистонда ҳар бир раҳбар ходим ўз вазифасига кўра аҳоли билан муомала қиладиган ҳар бир хизматчи давлат тилини билиши шарт», деб ёзилган янги лойиҳада… »
Диктор: « Ўзбек шеърияти сорбони Эркин Воҳидов ушбу мактуби билан ўзининг мухолифат билан ҳамфикрлигини билдирди. Афсуслар бўлсинким, мустақилликниг 15 йили кечган паллада ҳам 1991 йилда синиб бўлган коммунистик элита ўз ўрнидан қимирламади. Биз ҳануз маъмурий буйруқвозлик тутумидан, ёлғоннинг ботқоғидан, иккиюзламачилик майдонидан чиқиб кета олмадик, жинояткор ҳукуматдан қутула олмадик. Ҳукмрон табақа мактуб муаллифи ва унга ўхшаш фан ва маданият ходимларини содиқ хизматлари эвазига подшоҳ дастурхонига шерикликка чорлади. Уларни бошқаларга намуна сифатида намойиш қилиб, бундайларга «ўзбек зиёлилари устунлари” номини берди…Ҳукуматнинг сохта олтин мукофоти жиринги бўлган бу руҳоний мажруҳлар, «олтин мукофотлар» ўзи каби сохтадир».
Аҳмад Аъзам Эркин Воҳидов йўлламаси охирини ўқийди :
«Иттифоқимизда миллатлараро алоқа воситаси бўлган рус тили жумҳурриятимизда давлат тили билан бир қаторда ўз вазифасини адо этади.. Азиз ёшлар! Ватанимиз юлдузлари! Миллатимиз келажаги сизлар! Ўзбек халқи шонини дунёга таратувчи бўлиб етишмоқ учун бугундан ўзингизни чоғланг. Чинакам эрк,чинакам жамият учун курашингизда сизга омад тилайман. Бошингиз омон бўлсин! Эркин Воҳидов.»
(Узоқ ва давомли қарсаклар).
Диктор: « Шоирлар: Рауф Парфи, Юсуф Жума, Гулчеҳра Нуруллаева, Ёдгор Обид, журналистлар: Анвар Усманов, Абдурашид Шариф, ёзувчи Мамадали Маҳмудов, қўшиқчи Дадахон Ҳасан кабилар ўз лирик қаҳрамонлари қарашларига содиқ қолганлиги учун турли тазйиқларга гирифтор этиладилар»
Абдураҳим Пўлатов: «Сўз навбати таниқли ва ҳаммамиз севадиган қўшиқчимиз Дадахон Ҳасанга» (Узоқ ва давомли қарсаклар)
Дадахон Ҳасан чиқишидан лавҳа:
Мана шу ерда биз келажагимиз учун, бахтимиз учун ва айниқса, ҳурриятимиз учун кураш бошлашимиз керак. Бюрократизмга қарши кескин кураш бошламасак, улар бизни эзиб ташлайди. Энг биринчи галда биз мана шу ўз она тилимизга эга бўлишимиз керак. Менга алам қиладиган жойи шуки, ( Дадахон бошидан дўпписини олиб баланд кўтариб ҳаммага кўрсатади ) қачонки мени мана шу дўппим ўзимни дўппим бўлсаю , нега уни халқ муҳокамасига ташлаб, шу Дадахонникими ёки бошқаникими , дейишимиз керак?
(Узоқ ва давомли қарсаклар)
Ленин ҳайкали пойдевори зиналарининг қуйи қисмидаги «минбар» ёнида партия арбоблари ва шаҳар амалдорларининг ташвишли башаралари кўрина бошлади. Тошкент шаҳар ижроия комитети раиси (шаҳар ҳокими) Шоиноят Шоабдураҳимов ўз арконлари билан, Ўзбекистон компартияси Марказий Комитети бўлими бошлиғи Шаҳобиддин Зиёмов ўз арконлари билан шу ерда бўлиб, уларнинг орқасидан махсус хизмат агентларининг таниш камера обективлари мўралар эди.
Диктор : «Мухолифат сафларида ўнлаб илмий,тиббий мутахассислар,инженер-техник ходимлар,мамлакат олий ўқув юртларининг ўқитувчилари собит қолдилар».
Микрофон олдида Тоиба Тўлаганова:
– Тошкент Давлат университети фалсафа кафедрасининг доценти Тоиба Тўлаганова Алишер Навоийни «Топмадим» ғазалидан парча ўқияпти:
– Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо,ороми жоне топмадим.
Ғам била жонимға еттим ғамгусоре кўрмадим,
Ҳажр ила дилхаста бўлдум,дилситоне топмадим.
Ишқ аро юз минг маломат ўқиға бўлдум нишон,
Бир камон абрўда тузлуқдин нишоне топмадим.
Кўнглум ичра сарв ўқдур, ғунча пайкон, гул тикон,
Даҳр боғи ичра мундоқ гулситоне топмадим.
Ҳусн мулки ичра сендек шоҳи золим кўрмадим,
Ишқ кўйида ўзумдек нотавоне топмадим.
Кўп ўқудум Вомиқу Фарҳоду Мажнун қиссасин,
Ўз ишимдин булъажаброқ достоне топмадим.
Табъ ганжидин маони хурдасин, юз қатла ҳайф,
Ким нисор этмакка шоҳи хурдадоне топмадим.
Ул амон ичинда бўлсун, эй Навоий, гарчи мен,
Бир замон ишқида меҳнатдин амоне топмадим.
Диктор : « Бу нозиккина аёл мухолифат номидан бўлғуси халқ депутати. Ошкоралик бўйича Қўмитанинг аъзоси сифатида Ўзбекистон Олий Советидаги қатъиятли чиқишлари учун ишидан ҳайдалади ва “сайловчилар томонидан” ўзбек “парламенти” сафидан чақириб олинади. Ҳукумат томонидан четга суриб қўйилган ва қариндошлари томонидан тушунилмаган бу жасур аёл қашшоқлик , касаллик туфайли вафот этади».
Шаҳар ҳокими – Шоиноят Шоабдураҳимов «минбарда» турган мухолифат фаоллари ёнига хўмрайиб келиб, митингни тугатишни талаб қилади. Айни вақтда микрофонда “Бирлик” ёшлар қанотининг фаоли талаба Саида Абдуллаева Ўзбекистондан Совет Армияси сафига чақирилганлар орасида ўлим даражаси юқорилиги, миллий хусусиятлардан озуқланадиган камситишлар ҳақида гапирмоқда эди.
Диктор: «Мухолифат сафида ўзбек ёшларининг гули – олий ўқув юртлари талабалари ҳам собит эдилар. Давлат Мустақиллиги эълон этилганидан бир юз эллик кун ўтгач – 1992 йилнинг январида озиқ – овқат нархи оширилишига норозилик билдириб чиққан талабалар ҳукумат томонидан шафқатсизларча ўққа тутилади».
Саида Абдуллаева чиқишидан лавҳа:
– Мен бутун ўзбек хотин – қизларига мурожаат қилиб айтаманки, токи ҳарбий бўлимларда социал адолат, тартиб – интизом бўлмас экан, биз йигитларимизни, ўғлонларимизни, акаларимизни, укаларимизни, қолаверса, севгилиларимизни ҳарбий хизматга юборишдан бош тортишга даъват этаман.
(Давомли қарсаклар)
Уруш ва меҳнат фахрийси, мухолифатнинг барчаси ҳурматига сазовор, таниқли оқсоқолимиз Абдуҳалил Мирзаев чиқишидан бир парча:
– Бизларни мана шу ердан ушлаб босиб кетишди. Мошинага қамаб бизларни Сирғали райони милициясига обориб топширишди… ( Абдуҳалил ака Ленин майдонига тонг саҳарда, ҳали ҳеч ким йўғида қариган чоғида милиция занжирига урилиб-сурилиб юрмаслик учун ўзи қатори бир неча оқсоқоллар билан келганлигини ва бу арзимас айёрлиги учун уларни ҳуқуқ ҳимоячилари қамаб қўйганликларини гапириб берди)
Диктор : « Абдуҳалил Мирзаев, Мадамин Султонов, Акмал Акрамовлар каби уруш ва меҳнат фахрийлари мухолифатнинг ахлоқий суянчиғи бўлдилар»
Абдуҳалил Мирзаев нутқининг давоми: « Энди уят бўпти сизларга ! Энди кечирасизлар,отажон, уят бўлибди. Тушунмабди – да, деб бизларни орқамизни силаб у ердан чиқарворишди. Умидларимиз ёшларда ҳаммаси. Шунинг учун сўрайманки, қўрқманглар,бу тилни олмагунимизгача ҳаммамиз чиқамиз ҳамма вақт».
(Оқсоқолни астой- дил қарсаклар билан сийлашди)
Диктор: «Пойтахт мухолифати фаолиятини Қашқадарё , Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ҳамда қонли қирғиндан ҳали тўлиқ ўнгланмаган Фарғона водийсидан келган вакиллар қўллаб- қувватлашди »
Абдураҳим Пўлатов қўқонлик Содиқжон Отажановга сўз беради.
8 июн 1989 йилда Қўқондаги қонли фожианинг гувоҳи Содиқжон Отажонов чиқишидан парча ( Содиқжон Қўқонда турк – месхетилари билан этник тўқнашув бўлмагани, балки ҳукумат томонидан ўққа тутилган тинч митинг бўлганлигини гапирди ) …
– Қўқонда миллатчилик бўлган десак туҳмат бўлади. Мусулмонларда ҳеч қандай миллатчилик йўқ. Халқимизда бир қимматбаҳо сўз бор: Ҳар ким экканини ўради. Шу вақтгача қандай тарбия берилган бўлса, ана шунинг самарасини олишяпти,холос.»

Давомида Абдураҳим Пўлатов район Совети халқ депутати Абдурашид Қутбитдиновга сўз берди. (Абдурашид ўз нутқида халқ танлаган депутатлар сиёсий жиҳатдан пассив эканлиги ҳақида куйиниб гапирди ҳамда ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш ва келаётган Ўзбекистон ССР Олий Советига сайловларда мухолифатнинг фаол қатнашмоғи зарурлигини айтди ).
Диктор : « Камдан-кам халқ депутатлари ҳукуматни очиқча танқид қилишга журъат қиларди. Мустақиллик йилларида Абдурашид Қутбиддинов иши юришган ишбилармонлардан бўлди. Лекин ҳукмрон табақа унинг сиёсий қарашлари учун қасос олади ва мухолифатнинг бошқа ишбилармонлари қаторида синдирилади ва уйдирма айбловлар билан қамоққа тиқилади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти учун парламентнинг бошқа бир депутати – Шовруқ Рўзимуродов депутатликдан сурилиб ўлдирилади. Ҳукуматни ағдариш фитнасида иштироки айблови билан яна бир депутат Мурод Жўраев узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилади. Актив сиёсий фаолияти учун депутатлардан Пўлатжон Охунов ҳам ҳукмга тортилади».
Тошкент ҳокими Шоиноят Шоабдураҳимов митинг қатнашчилари қуршовида туриб «Бирлик» нинг навбатдаги митингини Ленин майдонида ўтказишга рухсат беришларини сўраб Тошкент шаҳар ижроия комитети раиси номига ёзган хатини ўқимоқда…
Фурсатдан фойдаланиб, турли расмий қоғозбозликларни четлаб ўтиб мухолифатчилар шу ернинг ўзида бевосита шаҳар раисига мурожаат қилишган эди.
Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий Комитетининг мафкуравий ишлар бўлими мудири Шаҳобиддин Зиёмовга сўз беради. ( Зиёмов партия тадбирларида қўлланавериб сийқаси чиқиб ёд бўлиб кетган сўзлар билан ҳукумат комиссиясининг давлат тили ҳақидаги янги қонун лойиҳаси устида олиб бораётган ишлари ҳақида гапиради).
Диктор: «Биринчи октябрда ҳукумат мухолифат билан кураш тактикасини ўзгартирди . Милиция ва КГБга партия тарғиботчилари ва юқори лавозимли амалдорлар ёрдамга келишди».
Шаҳобиддина Зиёмов чиқишидан парча : « халқни юрагида , қалбида бўлган кўп муаммоларни ҳал қилиш борасида Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг янги раҳбари ўртоқ Ислом Каримов жуда катта ишлар олиб боряпти. Буни ўзинглар ҳам сезяпсизлар. Масалан,томорқани 20-25 сотихга ошириш масаласи. ( Бу сўзлардан кейин кимларнинг ва қандай йўллар билан томорқа ерлари кўпаяётганини яхши биладиганлар норози бўлиб шовқин кўтаришди)
Ҳозир… Хо- зир… Ҳозир!… Шуни айтишим керакки, мана кечагина «Ёш Ленинчи», «Косомолец Узбекистана» газеталарида «Бирлик»нинг устави эълон қилинди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети томонидан босқичма – босқич бу масалалар ҳал қилиб борилади…(Яна шовқин-сурон кўтарилади) . – «Сиз дилингиздаги гапни гапира оласизми? Дилингизда ўз гапингиз ҳам борми? – дея норозилик билдирди аллаким». ( Шу гаплардан кейин Шаҳобиддин Зиёмов гангиб, сўзидан адашиб қолди.)
– Ҳозир… Ҳозир…Ҳозир…
– Ўзингизда гап борми? Ўзингизда гапингиз бўлса гапиринг!
Диктор: «Зиёмовнинг чиқишидан кўриниб турибдики, партия мансабдорлари вужуд-га келган сиёсий вазиятга мос ва муносиб ҳаракат қила олмасдилар.»
Кишилар шов қин қилиб, ўрнларидан туриб кетар ва бошқалар назаридан минбардаги нотиқни тўсиб қўярди.- Ўтир!.. Ўтир!.. Ўтир!.. деб қичқиришарди орқада ўтир -ганлар.
Кўз ўнгимизда комсомолларнинг маҳаллий газетаси “Ёш ленинчи”нинг очиқ саҳифалари. Бу ерда «Бирлик”нинг дастури ва низоми нашр қилинган .
Диктор : «Митингдан бир кун олдин – 30 сентябрда «Ёш Ленинчи” газетасида Муҳаммад Солиҳ тарафдорлари бўлган “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъати аъзоларидан 15 нафар киши имзоси билан, аммо Абдураҳим Пўлатов ва унинг Ҳайъатдаги тарафдорлари билан келишмасдан,уларнинг имзосисиз «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Низоми эълон этилади».
Солиҳ ва Абдураҳим орасида яна даҳанаки жанг бўлиши учун шунинг ўзи етарли эди. Шаъни яраланган Пўлатовнинг митингдаги гапларига эътибор беринг.
Абдураҳим Пўлатов: «Бизни низомимизни иккита газетада эълон қилишди. Ёки атайлаб, ёки билмасдан кичкина бир хато билан, гўёки бу низомга фақат 15 киши қўл қўйган деб ёлғон гапни чиқаришди. Аслида бундай эмас. Бу низом «Бирлик» халқ ҳаракатининг 28 май Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган таъсис қурултойида қабул қилинган ва газета шу тўғрисида тузатиш бериши керак, бўлмаса, биз буни сиёсий провакация деб ҳисоблаймиз.»
Ўнгимизда «Правда Востока» газетасининг 1989 йил апрел сони. Биринчи саҳифада йирик ҳарфлар билан «Тошкентнинг марказий кўчалари ва майдонларида оммавий тадбирлар ўтказишни тартибга солиш » сарлавҳасига кўзингиз тушади.
Диктор: « 1989 йил 1 апрелида Тошкент шаҳар ижроия комитети СССР Конституциясига зид бориб, жамоат жойларида митинг мажлислари ва намойишлар ўтказишни ман этган қарор қабул қилди. Физика-математика фанлари номзоди Анвар Мадумаров ҳукуматнинг бу ғайри конституцион қарорини қоралайди».
А. Мадумаров чиқишидан лавҳа:
– Мана шу ерга биз қачонгача милиция отрядларини ёриб ўтишимиз керак?! Бу майдон халқники! Мана шу ҳар бир кишини, қайта қурилиш даврида ўзининг актив ишларини шу ерда муҳокама қилиш мумкин бўлган майдон, у шунинг учун яратилган. Биз қачонгача бу ерга урра – ур килиб ўтамизу ҳақиқий ўз дардларимизни айтиб йиғилишга имкониятимиз бўлмайди ? Тошкент шаҳар советининг чиқарган қарори конституцияга зид. Ўша рахбарлар ўша қонунни бошқатдан кўриб чиқсин. Бизнинг ҳайъатимизга эса илмий асос ва дипломатия санъати етишмаётибди, биз ана шуни янги поғонага кўтарамиз. Бундан кейин қиладиган ишларимиз қонун даражасида бўлсин, қонун шунга тўғри келмаса, қонуний равишда ўзгартирайлик.
( Узоқ ва давомли қарсаклар янграйди)
Мадумаровнинг жонли нутқидан жиғи қўзғаган шаҳар ҳокими Шоиноят Шоабдураҳимов “минбар” томон юради ва сўз сўрайди. Митинг ҳайъатида одам сони анча кўпайиб қолди. Янги шахслар пайдо бўлди. Булар: математик Шуҳрат Исматуллаев, бадиий танқидчи Ботир Норбоев, депутат Абдурашид Қутбитдинов ва шоир Усмон Азимовлардир.
Шоиноят Шоабдураҳимов (шаҳар совети раиси) чиқишидан парча:
– Ҳамма талаб бир томонлама бўлиши мумкин эмас. Ҳамма талаб халқ томонида бўлиши керак. Биринчи апрел куни қабул қилинган қарорни 28 сентябр куни жуда кўпчилик ўртоқлар мана шу “Бирлик” ҳаракатининг аъзолари жуда катта хат ёзишган, бир неча варақ депутатларга хат ёзилган. Шуни кўриб чиқинглар, бизларга митинг ўтказиладиган жойларни аниқлаб беринглар деган маънода. Бу нарса, мен сизларга яна айтяпман, шаҳар советида, шаҳардаги 2 миллиондан ортиқ аҳолини сайлаб қўйган депутатлари бор. Беш юз киши…( шовқин).
Журналист Аҳмад Аъзам йиғилганларни тартибга чақиришга уринади:
– Биродарлар! Демократия кишилар орасида ўзаро маданий алоқани англатади. Биз ўз рақибларимизни тинглашни ўрганмоғимиз лозим. Биз мана бу раҳбарларнинг гапини охиригача эшитайлик…
Диктор : «Худди Ўзбекистоннинг кўз илғар тарихида халқнинг истаги ва танлови билан депутатлар сайлангандай ва бу депутатлар ҳукмдорларнинг қулоқ қоқмас қўйлари каби бўлмагандай, қаранг, ҳоким шаҳар совети депутатлари қарорига ҳавола қиляпти».
Аҳмад Аъзамнинг таъсирчан нутқидан сўнг оломон анча тинчланади ва Абдураҳим Пўлатов якунловчи сўзини айтади.
Абдураҳим Пўлатов :
– Бугунги ўтказган митингимизни ёпиқ деб эълон қилишга тайёргарликни бошладим.Ўртоқлар! Биз! Биз.. Жуда катта ғалаба қилдик. 19 мартда биз шунга ўхшаган митингни шу ерда ўтказган эдик,баъзи бир сабаблар билан биз чекинишга мажбур бўлдик ва бугун йўқотган позицияларимизга биз қайтиб келдик. Мана бу ерда гаплар бўляпти: вақт ўзгаряпти, янги раҳбарлар келяпти, бюрократия ҳам ўзгаряпти,халқ томонга юзини ўгиряпти, деб. Мана бугун, шаҳар ҳокимлари шу ерда. Бюрократиянинг камайяётганини, ўз ниқобини олиб ташлаётганини, ниқобини эмас, ўз масъулини, усулубларини ўзгартираётганини улар намойиш қилиш учун ҳозир жуда яхши вақт келиб қолди. Демак, биз 15-куни Ленин майдонида митинг ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишимиз керак.Шундай қарор қабул қиламизми? 15 – куни соат 11 да ўша ерда 100 минг кишилик митинг қиламиз деган кишилар қўл кўтарсин!
(Тўпланган кишилар усти узра бир текис қўллар кўтарилади )
– Ўртоқлар! Дўқ билан қўл кўтариш шарт эмас.Тошкент шаҳар ижроия комитетига эски бюрократик усулларни ташлаб…Шу тўпланган одамлар номидан аризани қабул қилишини сўраймиз . Наҳотки қабул қилмаса ?…
Шаҳар ҳокими ва унинг аркони Абдураҳимга шошиб қолган ҳолда қарадилар. Шундай қилиб, соат 12 да бошланган рухсат этилмаган митинг соат 15. 30 да тамомланади. Кишилар Ўзбекистон пойтахтининг бош майдонини ўз таассуротларини ўртоқлашган ҳолда шошмасдан тарк этардилар .
Диктор: «СССР парчаланиб кетгач, Ленин майдонига ҳеч уялмасдан Мустақиллик майдони номини бериб, Москвага астойдил хизмат қилиб келган коррупциялашган амалдорлар саратон хужайралари каби ўзига ўхшашларни кўпайтириб, давлат механизмининг барча ҳаёт учун муҳим бўлган аъзоларини заҳарлади».
СЎНГГИ СЎЗ
Тошкент. 08.10.1989 й. Пушкин кўчаси. Ёзувчилар уюшмаси.
Узбекистон Ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида «Бирлик» Халқ Ҳаракати Марказий Кенгашининг қуйидаги аъзолари ўтиришибди : шоирлар: Эркин Воҳидов, Шукрулло, Гулчеҳра Нуруллаева, Усмон Азимов, Мирза Кенжабек, ёзувчилар: Аҳмад Аъзам,Зоҳир Аълам, Пирмат Шермухамедов, Ботир Норбоев. Дирижёр Зоҳид Ҳақназаров, қўшиқчи Дадахон Ҳасанов, олимлар: Дамин Нарзиқулов, Анвар Мадумаров, Олим Каримов, ўқитувчилар : Шуҳрат Исматуллаев, Абдуманноп Пўлатов, Қаҳрамон Ғуломов ва бошқалар. Жами юзтача одам. Ҳайъатга : Эркин Воҳидов, Шукрулло, Зоҳид Ҳақназаров, Зоҳир Аълам ва Абдураҳим Пўлатовлар сайланганлар.
Диктор: «Муҳаммад Солиҳ ва унинг тарафдорлари Абдураҳим Пўлатовнинг ўзбошимчалигини кечирмадилар. Саккизинчи октябрда Марказий Кенгашнинг фавқулодда йиғилиши уюштирилди.»
Мужмалроқ кун тартиби эълон этилгандан сўнг сўз фалсафа фанлари номзоди Тоҳир Каримовга берилди. У Абдураҳим Пўлатовга қарши худди прокурор айблов хулосаси эълон килгандай матнни ўқиб берди ва унинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди.
Тоҳир Каримов маърузасидан лавҳалар :
Бу борада «Бирлик» ҳайъати қатъий, мустақил фикрга эга. «Бирлик» салкам бир йил ичида маълум даражада кўча бирлигига эришди. Лекин теран маърифий – маънавий, интеллектуал бирликка эришгани йўқ. Теварак –атрофдаги баъзи воқеа-ҳодисаларга фаол муносабат билдирилиб турилган бўлса ҳам, бу муносабат, асосан, қуруқ қаршилик кўрсатишдан иборат. Ҳар қандай зулмнинг хўрлик ва ҳақоратларнинг ижтимоий асослари очиб берилгани йўқ. Билимга асосланиб сиёсатдонлик билан иш ҳам юритилгани йўқ . Айрим ҳолларда “Бирлик”нинг иши қўпол тарздаги бақириқ-чақириқлардан иборат бўлиб қолмоқда.Бу ҳол кўпроқ Абдураҳим Пўлатовни фаолиятида кўринмоқда Муҳаммад Солиҳ, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам ва Дадахон Ҳасановлар ташаббуси ва жонкуярлиги билан Марказий Кенгашга ва умуман «Бирлик»ка кўплаб мутахассис олимлар, публицистлар, таниқли шахслар жалб этилди. Лекин «Бирлик»ка келган баъзи олимлар, медиклар, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар ва ёзувчилар бир муддат кўриниб, кейин кўринмай қолдилар. Бу ҳол раис Абдураҳим Пўлатовнинг қўрслиги, қўполлиги ва муомала маданиятининг пастлиги билан бевосита боғлиқдир.
Мажлис Ҳайъати раиси Эркин Воҳидов гапи:
– Бирма-бир бўлмаса, бир-иккитадан шу таклифни тарафдорларини ва фактларни эшитамиз.
Диктор: «Зоҳир Аълам Абдураҳим Пўлатовнинг зудлик билан истеъфо беришини талаб қилиб чиқди».
Зоҳир Аълам чиқишидан лавҳа :
– Биз мана шу бугунги кунда регионал хўжалик ҳисобини алтернатив планини Ҳукуматга кўйолмаганимизга сабаб… Абдураҳим Пўлатов томонидан мутахассисларни жеркиб ҳайдаб юборгани бу рост ўртоқлар! Абдураҳим Пўлатов Бирлик учун керакли одам. Фақат бир нарсани тушуниб олайлик, лидер сифатида юраги кенг феъл вазмин ва фалсафий мушоҳада қиладиган одам сифатида, лидер сифатида у “Бирлик”ка нолойиқ ҳисоблайман.
Диктор: « Пўлатов фаолиятини танқид ва унинг истеъфосини талаб қилиш Усмон Азим чиқишининг асосий мазмуни бўлди».
Усмон Азим чиқишидан лавҳа :
– «Бирлик» мени назаримда қайта қуриш учун курашаётган ҳамма кучларни – у тепада турибдими, пастда турибдими, мана бу ёнбошда турибдими, ҳалиги руслар айтаётган «вертикал ва горизантал» шаклда турибдими ҳаммасини бирлаштириш лозим. Демакки, ўша биз айтаётган Оқ уйдан тортиб Пентагонда ва ҳоказо, ва ҳоказо ҳамма жойда бир одамлар бўладиган бўлса (ўзимизнинг Пентагон, ўзимизнинг Оқ уйларни айтяпман) буни бирлаштириш керак эди, Биз муштга мушт қилмаслигимиз лозим! Биз мадат қўлимизни чўзишни ўрганишимиз керак, дипломатияни ўрганишимиз керак! Компромисни ўрганишимиз керак!
Диктор: «Муҳаммад Солиҳ ҳам Абдураҳим Пўлатовнинг шошилинч истеъфосини талаб қилиб чиқди»
Муҳаммад Солиҳ чиқишидан лавҳа:
– Уч ойдан бери мана шу гап. Абдураҳим Пўлатов ҳақидаги, умуман, Ҳайъатни фаолияти ҳақидаги гаплар уч ойдан бери давом этяпти… Бугун келиб чиққани йўқ, бир ҳафта ёки ўн кун бўлгани йўқ. Уч ойдан бери давом этаяпти. Бу ҳаракатни бошқариш учун ҳаракатда мантиқ бўлиши керак. Бу ҳалигинақа бўрон ёки довулга ўхшаган табиий офат бўлмаслиги керак. Бу кучни тўғри йўлга йўналтириш керак. Абдураҳим Пўлатов, менинг шахсий фикрим, ва бунга ўн бешта одам шунга қўшилган. Абдураҳим Пўлатов бугун «Бирлик»ни ҳозирги босқичида бошқара олмайди, қатъий фикрим. Бошқача фикр бўлиши мумкин эмас. Агар ҳатто иккинчи вариантини ўйладик агар Кенгашда ҳатто бизда 20 та одам шу фикрга қўшилса… Иккита позиция кетаяпти. Позиция – биринчи, ҳукумат билан юзма-юз қарама- қарши бориш позицияси. Диалог йўқ…. Биз билан мулоқотга келяпти ҳозир ҳукумат….
Диктор: « Ғарбдан фарқ қилиб Шарқда ҳукмронлик ва қарамликнинг ўзаро анъанавий алоқа маданияти ўзгачадир. Шунинг учун ҳам ёзувчилардан сўнг «миллий зиёллилар» деб аталмиш табақанинг жуда катта қисми мухолифатдаги қарама – қаршиликни қоралашга киришиб, бундан мавжуд ҳокимиятга хизмат қилиш учун ўзларига ахлоқий асос сифатида фойдаландилар».
Муҳаммад Солиҳ нутқининг давоми:
– Муносабат ўзгарди “Бирлик”ка. Ва биз шундан кейин тез регистрация қилишимиз керак. Регистрация қилиш учун эса, ақл билан иш олиб бориш керак, ўртоқлар ! Мардлик дегани бу фақат минбарга чиқиб туриб: йўқолсин у, йўқолсин бу дейиш эмас.Ўшани қандай йўқотишни билиш керак. Агар ҳақиқатда уни йўқотиш керак бўлса…
Иккинчи филм охири.
Тошкент 07.10 2006 йил
Муаллиф Абдулазиз Маҳмудов
Рус тилидан Бахтиёр Исабеков таржимаси.
www.yangidunyo.com

Det här inlägget postades i Uncategorized, Асарлар. Bokmärk permalänken.