УМИД

Норасмийлар
August 8th, 2010 admin
Абдулазиз Маҳмудов
Ҳужжатли филмнинг адабий сценарияси
Биринчи филм
Ўз архивимдан: 1990 йилнинг 22 августи. Москванинг Қизил Майдонидамиз. Бир гуруҳ франсуз туристлари В.И.Ленин мақбараси ёнида тўпланиб турибди. Гид аёл дунё пролетариатининг доҳийси, Октябр инқилоби ва СССР нинг оламшумул ютуқлари ҳақида берилиб гапирмоқда. Чиройли понча кийган бошқа бир гуруҳ чэт элликлар, Лотин Америкасидан бўлса керак, Минин ва Пожарский ҳайкали олдида тўхтаб, Қайғусиз Василий соборини мириқиб томоша қилмоқдалар.
Диктор(Сухандон): « Ижтимоий адолат ўрнатиш байроғи остида йўқсиллар ҳокимиятни қўлга киритиб,уларнинг раҳнамолари ҳукмдорга айланишига тарихда мисоллар анчагина.Аммо бундай ҳолларда табиий кўникмалар соғлом фикрни бир бурчакка суриб қўйган.Янги ҳукумат ичдан бузилиб,аввалгиси каби жинояткор бўлган ва ахлоқсизлашган.Совет давлати ҳам шу ҳолга тушди.Олтин Ўрда харобалари устида рус ватанпарварлари томонидан вужудга келтирилган Империянинг росмана меросхўри ва қонуний салафи бўлмиш КПСС ўз диктатурасининг етмишинчи йилларида Ғарб билан зўраки рақобатда чуқур бир таназзулга юз тутди”.
СССР МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ ВОҚЕАНОМАСИДАН:
20 апрел 1985 йил, Москва, Кремлнинг съездлар саройи. КПСС Марказий Қўмитасининг мажлиси. Минбарда М.С.Горбачёв.
Диктор: Кремлда узоқ ҳукм сурган Брежнев ва қисқа ҳукмронлик қилган Андропов,Черненколардан кейин ҳокимият М.Горбачевга тегди.У 1985 йилнинг 20 апрелида КПСС МКнинг апрел пленумида ислоҳотлар зарурият эканлиги ҳақида билдирди.Унинг гапидан парча келтирамиз:”ошкоралик,қайта қуриш, жадаллаштириш” советлар мамлакатининг шиорларига айланади”.
Москванинг Арбати.Озиқ –овқат магазинидаги тиқилинч навбат кутувчилар. Товарлар турлари камайиб кетган.Газеталар киосклари.
”Правда”,”Известия”,”Труд”,”Комсомолская правда” газеталарининг биринчи саҳифалари,йирик-йирик қизил ҳарфлар билан ёзилган “ЗАМОНА ОЛДИДА МАСЪУЛЛИК”,”ҚАЙТА ҚУРИШ ҲАММА ХАЛҚЛАР УЧУН”,”ПАРТИЯНИНГ АГРАР СИЁСАТИ”,”АГРАР СИЁСАТНИ ҚАЙТА ҚУРИШ-ПАРТИЯНИНГ ИНҚИЛОБИЙ СТРАТЕГИЯСИ” сарлавҳалари остида Кремлнинг съездлар саройидан олинган репортажлар билан тўлиб кетган.
Диктор: “Орадан атиги бир йил ўтгандан сўнг-1986 йилнинг мартида КПССнинг 27 съездида Бош секретар ҳам иқтисодий,ҳам ижтимоий соҳаларда турғунлик ҳолати ҳақида гапиради.Коммунистлар анжумани СССРни қутқариб қолиш учун ижтимоий-иқтисодий ривожланишни кучайтириш ҳақида стратегик қарор қабул қилади.Бироқ Горбачёв томонидан эълон қилинган қайта қуриш ва ошкоралик талмовсираб қолган халқ билан порахўрлик ва ахлоқсизлик ботқоғига ботган бюрократия ўртасидаги жарликни ҳамда расмий ташвиқот-тарғиботнинг иккиюзламалиги ва ёлғонга таянганлигини ошкор қилиб қўйди.
Воқенома тугади
МЕНИНГ АРХИВИМДАН: Яна Москвадамиз.1990 йил 22 август.”Россия» меҳмонхонаси олдидаги ўтов шаҳарча.Эркаклар ҳам ,аёллар ҳам қаровсиз ,қийналган.Кичик болалар ўйнамоқдалар. Клёнка ,целлофанлардан ҳамда қўлга илинган бошқа материаллардан ясалган ўтов ва капачалар устида ҳукуматни қораловчи траспарант ва плакатлар чайқалиб турибди.Норозиликни намойиш қилиш учун танланган кишилар атрофида уларга ҳамдардлар ва бирмунча бекорчилар тўпланган.
Диктор:”1990 йилнинг августига келиб турмуш яхшиланмади,балки бадтарроқ бўлди.Этник тўқнашувлар авж олиши оқибатида адолат излаб Москвага империянинг барча бурчакларидан норози кишилар йиғила бошлади.Натижада Қизил Майдоннинг шундоқ ёнгинасида жабрланган,камситилган фуқароларнинг ўтов шаҳарчаси бунёд бўлди.Бу ерга йиғилганларнинг муаммоларида совет-партия бюрократик аппаратининг ахлоқий тубанлиги даражаси ва ҳуқуқий жиловсизлиги яққол намоён бўлади.”
“Мени икки нафар болам билан давлат уйидан қувиб чиқаришди-деб шикоят қилади ҳарбий хизматчи жувон,-бормаган жойим қолмади,буларнинг ҳаммаси ёзишмаларим, -деб хатлар тахламини кўрсатади.-Бош ҳарбий прокуратура менинг ишимни Москва ҳарбий прокуратурасига ўтказди,Москва прокуратураси менга туҳмат қилиш билан овора.Мана қаранг,қўлимдаги хатлар сони 62 тага етди”.
Қоқ ерда ўтирган ёши ўтиброқ қолган аёлнинг яланг оёғига занжир ўралган бўлиб ёнида эса,эскириб кетган бошмоғи ва шапка кийган Лениннинг қўлда чизилган расми бор ва «Бизнинг мумиёмиз ёнмас! Жаннат + дўзах Совет Иттифоқи қўшма корхонаси,” деган сўзлар ҳам ёзилган.
-“1962 йилда мен ғаразли алдовга учрадим,ҳозирда,бошпанасиз,ишсиз ва бир бурда нонга зорман.Нормал турмуш кечириш ҳаётидан итқитилиб,ўз ҳолимга ташланиб,жиноят оламига қўшганлар.Масаламни кўришади,кўраверишади,лекин натижа тайинсиз. Республика суд-руҳий экспертизасида бўлдим,соғлом деб топишди, норасмийлар ҳам соғлом деган хулосага келишди.Булар ҳар иккиси мустақил экспертиза.Тўғрисини айтсам,нима қилишимни билмай қолдим”.
Бу аёл кўнгли бўш милиционерга паспортини,ҳарбий билетини кўрсатиб,Москва ижроия қўмитаси амалдорлари уни ақлдан озган деб ҳисоблаб,турар жойини тортиб олиб қўйганини сўзлаб бермоқда.
“Тўнғич ўғлимни зўрлашда айблаб.117-модда билан олти йил озодликдан маҳрум қилишди,-дейди бошқиристонлик аёл,-жиноят содир этилганида биз шаҳарда эмас эдик.Мен ўғлимнинг айбсизлигини исботладим.Уни жинояти йўқлиги учун озод этишди. Шу аснода у руҳий касалликка чалинди,бироқ ҳеч ким жавобгарликка тортилмади.Бизга доим “сизлар бу ердан кетишингиз керак « дейишади. Нима қилайлик?»
“Яраларим йиринглай бошлади,- дейди кўкрагига орденларини қаторлатиб тақиб олган уруш фахрийси,- ўн йилдан бери ёзаман,ўн йилдан бери турли мақомдаги идораларга қатнайманки,менга биринчи гуруҳ ногиронлигини беринглар деб.Улар бўлса госпиталнинг рақамини эсимдан чиқариб қўйганлигим учунгина менга умумий касалликлар бўйича иккинчи гуруҳни бердилар!”
“Бу ерга ижара масаласи билан келганмиз,-дейди оёғида ёғоч бошмоқ, қўлида “Томск вилояти,Стрежевой шаҳри.Бизга ишимизни ва иссиқхоналаримизни қайтаринг,Михаил Сергеевич!” битикли плакат кўтарган эркак киши.-Ишхонамизда ёрдамчи хўжалик ташкил қилмоқчи бўлиб иш бошладик,меҳнат қилдик,ишлаб чиқаришга ўнминглаб сўм сарфладик, масалани маҳаллий ҳокимиятларда ҳал қила олмай,вақтни ўтказиб қурилиш материаллари яроқсиз ҳолга келди, муаммони ҳал қилиб беришар, деган умидда бу ерга келдик ,аммо афсус.Ҳукумат бизга қиё боқмади, жумладан, Михаил Сергеевич ҳам.Муаммомиз ҳеч қаерда ечим топмаяпти,на прокурутурада, на қўмиталарда».
“Мен мана шулар тоифасиданман,- дейди кекса аёл,- мени уч марта штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатишди.Ўзим бош бухгалтер бўлиб ишлаганман” .
“Бу ерда ўтирганларнинг ,очлик эълон қилганларнинг ҳар бирининг қўлидаги шикоятларига жавобан Иттифоқ,Республикалар ва вилоят прокуратураларидан отангга бор-онанга бор қабилидаги ёзишмалар бор,-дейди уруш фахрийси,-менинг тарихим ҳам шуларникига ўхшайди.Ўн беш йилдан бери қотилликни суриштирмаётганларини фош қилиб келаман,мени қотиллик гувоҳи бўлиб қолганлигим учун таъқиб қиладилар.”
“Ёшим 57 да,мени Совет Иттифоқимизда ҳукумат мафияга эмас,мафия ҳукуматга бошчилик қилиб буйруқ бера олиши таажжублантиради, – дейди катта оқ транспарант тагида турган аёл. Унинг қўлидаги транспарантда: “Қонунни поймол қилган ва амалдорлар жиноятини яширганлар тергов ва суд қилинишини талаб қиламиз”,-деган сўзлар ёзилган.
-Ҳамма нарса халқ учун, дейишади. Ҳаммаси халқ учун эмиш. Аслида телевизор ва газеталардагина шунақа,амалда ҳеч нарса йўқ. Ўзим Ўзбекистонданман,Тошкент вилояти,Олмалиқ шаҳридан”.
Диктор: “Ўшанда, 1990 йилнинг илиқ август ойида, бу ерга йиғилганларнинг бари- ҳамдардлар ҳам,жабрланганлар ҳам Совет давлати жиноятчи ва туб-тубидан чириганлигини тушунар эдилару аммо, роса бир йилдан кейин буюк империя урилган шишадай парчаланиб кетишини билмасдилар.”
УМИД
МЕНИНГ АРХИВИМДАН: Тошкентдамиз.1989 йилнинг 20 октябри.Эски шаҳар,Кўкалдош мадрасаси. Ёнгинасида туристик автобуслар турибди.Кекса бир хотин писта сотиб ўтирибди.Теваракда тўрва –халталарини осилтириб ўтишмоқда.Айримлари бозор томон шошилса,бошқалари харид билан қайтмоқдалар.Киоскаларда маҳаллий газеталар-«Правда Востока”,”Совет Ўзбекистони”,”Адабиёт ва санъат”,”Қишлоқ ҳақиқати” ва бошқалари кўзга ташланади.
Чорсу бозори ёнидаги ҳунармандлар растаси.Кичкинагина устахона.Ўчоқда олов гуркирайди.Бир парча темир қип-қизил бўлиб чўғланиб турибди. Дамгар бола дам бериш билан банд.Оташкуракда қисиб олинган қизиб турган темир парчаси босқон зарбидан кетмон шаклига ўхшай боради.Бошқа киши эса,шу ерда ётган чала маҳсулотларни-ўроқ,пичоқ,болталарни чархлаб.дўконларда сотишга тайёр ҳолатга келтириб тахлаб қўймоқда.Қўшни устахонада мис самовар,тоғора ва қумғонлар таъмирланади.Буларнинг ёнгинасида турли нозик нақшлар билан безатилган қўлбола шкафлар,сандуқлар тайёрланиб сотилади.Бошқа бирида эса, чиройли безатилган болалар кароватлари-бешиклар …
Диктор: “Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Ўзбекистон социалистик шиорлар билан феодал муносабатлар ажойиб бир тарзда уйғунлашиб кетган СССР нинг аграр чекка бир ўлкаси бўлиб қолаверди. Маҳаллий матбуот Кремлнинг ислоҳот ва янгиланишга қаратилган ташвиқотини кенг кўламда ёйишга мукка кетганлиги яққол кўзга ташланарди. “Ленинча социализм!”, “Ошкоралик!”, “Плюрализм!” каби қайта қуришнинг шиорлари жадидлар қириб битирилгандан кейин чанқаб қолган ижтимоий тафаккурга оби ҳаёт томчиларидай таъсир қилмоқда эди. Бироқ асосий омма бу янги ,ҳаётбахш шабадаларга нисбатан бефарқ,лоқайд бўлиб,амалдорлар эса қайта қуришни Марказнинг навбатдаги ташвиқот ва тарғибот кампанияси сифатида қабул қилиб,уни мийиғида кулиб саботаж қилардилар”.
Мана булар эса, сотувга қўйилган оддий чинни ва сопол буюмлар, маҳаллий кулоллар маҳсулотларидир. Ушбу кулоллик буюми сотувчиларининг шундоқ ёнида, ўтак жойда бир дайди сартарош устара билан соч олмоқда.Айни чоғда,ҳунармандлар кўчаси ортида,кўтарма кран «хартум”лари айланиб,Чорсу янги бозори комплексининг гумбазини бунёд этмоқда.Ишчи-монтажчилар шошилинч ҳаракат қиладилар.Эски бозор харобалари устида савдо –сотиқни ҳеч нарса бир дамга ҳам тўхтата олмайди. Ерда қовун-тарвузлар уюлиб ,мева ва сабзавотлар тўлиб тошиб ётибди.Пештахталар гўшт,қаймоқ,асал,холва,нон,газлама,аёллар кўйлаклари ,дўппи ва бошқа рўзғорбоп моллар билан тўла.
Саватларига сомса солиб, ”заказ сомса” деб бақираётган сомсасотарлар бир жойда қўним топмай зир айланадилар.Қозонларда палов дамланган,кўраларда кабоблар хушбўй тутун чиқаради,қовурилаётган балиқлару гуммалар…ва яна бошқалар !Бу ерда пойафзалчи усталар кўп.Улар кичкина стулчаларга ўтириб олиб,ўткинчилар кўз олдида баъзилари пойафзални тузатади,бошқалари маҳси бошлайди ёки калишларни тикадилар. Манзарани “мени сотиб олсин деган”умидда, ёллашга келган кишига ёки унинг машинасига пашшадай ёпириладиган мардикорлар тўлдиради. Симёғочдаги репродуктордан бундан юз йил илгаригидай меҳнаткашнинг оғир қисматини куйлаган мунгли қўшиқ таралади.
Диктор: «Юз йил олдин ҳам бизда қўл ҳунармадчилиги гуллаб-яшнарди.Худди юз йил аввал бўлгани каби бизда ибтидоий идрок ҳукмрон.Юз йил олдин ҳам,ҳозир ҳам яшаб қолиш воситаси савдодир.Юз йил олдин ҳам қора ишингизни ҳозиргидай мардикор бажариб берарди. Миллий саноатни ривожлантирмай ва янги технологияларни жорий этмасдан Ўзбекистон ярим феодал турумдан чиқиб кета олмас эди…”
Камерамиз “баланд бўйли”«Москва” меҳмонхонасини четлаб,эски шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб юриб Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармаси томон бориб,Хасти Имом масжиди олдида тўхтайди.Объективда бу мажмуанинг умумий кўриниши. Пиёдалар,автобус ва енгил машиналар бу ерда анча сийрак.
Диктор: «Жадидлардан кейин Советларнинг асосий душмани уламолар бўлиб қолди.ДҲК(КГБ) эшонлар,яширин диний мактаблар ва пинҳона чиқарилган диний адабиётларга қарши кураш олиб борди…Бундай ҳодисаларни баъзан КГБ нинг гумашталари атайлаб уюштирар ҳам эди.Агар Оролни қутқариш бўйича Қўмитанинг 1988 йилда Ёзувчилар уюшмаси акт залида бир неча бор ўтказган йиғилиши ҳисобга олинмаса, мусулмонларнинг 1989 йил 3 февралида муфтий Шамсиддин Бобохонни ўғирлиги учун ишидан четлатишни талаб қилиб, Навоий кўчаси бўйлаб ўтказган намойиши Ўзбекистонда ҳам қайта қуришнинг илк аломати пайдо бўлганини кўрсатар эди.Шундан кейин 1989 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг тўртинчи қурултойида эски муфтий ишдан олиниб,ўрнига андижонлик ёш имом Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сайланади.Тўғри, уч йилдан сўнг мусулмонлар янги муфтини ҳам ўғирликда айблаб,Шамсиддин Бобохонни унинг ўрнига тикламоқчи бўладилар». Келинг ўша жараённи қандай кечганлигини кўрайлик.
Тошкент 1992 йил,8 январ.Эски шаҳарнинг марказидамиз.Мусулмонлар диний идораси милиция томонидан қуршаб олинган. Шамсиддин Бобохон бошчилигидаги бир тўда имом эллик-олтмиш чамаси қавмлари билан Хастиимом масжидидан чиқиб,диний назорат идораси дарвозасига қараб йўлладилар.
”Исён»ташкилотчиларидан бири мегафон орқали бақиради:
-Аллоҳ бизнинг ўзимизга лойиқ президент юборган!
-Аллоҳу акбар!-бутун оломон бақиради.
-Муфтий кетмагунича биз тинчимаймиз!-чинқиради мегафонли киши.
-Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…Аллоҳу Акбар!… деб овоз беради оломон.
Ажаб, милиция раҳбарлари билан қисқа ҳангомадан сўнг,Шамсиддин Бобохонни эскорт билан диний назорат дарвозасига қўйиб юборадилар.
Бу ерда уни Муҳаммад Содиқнинг ўринбосарларидан бири-Юсуфжон Шокиров қучоқ очиб кутиб олади.Ҳаммаси биргаликда муфтийнинг қабулхонасига киришади. ”Исёнчилар”дан бири -Эшикни буз!-деб бақиради.
-Йўқ! Йўқ! Бузманглар!-дейди довдираб Шамсиддин Бобохон.Шу аснода Муҳаммад Содиқ хонаси эшиги очилиб, барчаси диний назорат бошчиси кабинетига киришади…(Қандайин бахтиқаро халқки ,бу халқнинг диний,руҳоний раҳбарлари ҳам ўғри деб гумон қилинса!).
Унгача,Муҳаммад Содиқ яқинларидан бири офисга рухсатсиз бостириб киришгани ҳақида устозини огоҳлантиради ҳамда у ўз тарафдорларидан ташкил топган қўриқчилари билан Хастиимом масжиди дарвозасидан шошилинч чиқиб,жигулига ўтириб хавфли жойни тарк этади.
Диктор: «Бу муллаларнинг амал учун курашида қайси бири Худо йўлида ,қайси бири шайтон йўлида? Буни аниқлаш мушкул. Диний назорат билан чатишиб кетган КГБ(ДҲК) ғаразли ва айрим истиснолардан ташқари асосий қисми чаласавод бўлган диний амалдорлардан нафратланар,айни чоғда,уларни қўғирчоқ қилиб ўйнатар эдилар. Тўғри,бу жараёнда майда иблислар идораси конституцияни четлар ҳамда диндорлар туйғусини топтар эдилар.”
Ҳозирча бизда қайта қуришнинг асосий белгиси муллаларнинг мансаб учун кураши бўлиб тура турсин,биз эса Сиз билан Болтиқбўйига кўчамиз.
СССР МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВОҚЕАНОМАСИ:
Литва. Вилнюснинг черков майдонида Саюдис ташкил қилган кўпмингли митинг бўлмоқда.Композитор Витаутас Ландсбергис,актёрлар Регимантас Адомайтис, Казимирас Антанавичюс,ёзувчи Витаутас Бубнис,Вилнюс университети ректори Юозас Булавас ва бошқалар уч турли рангли улкан Литва миллий байроғини кўтариб ўтаётган байроқдорларни муборакбод қилмоқдалар.Жалгирис стадионига одам сиғмайди.Транспарантларда: “Литвага-озодлик!”, “Литванинг босиб олниши-миллий фожиа!” ,”Молотов –Риббентроп шартномаси-жиноят!” Йиғилганлар Литва раҳбарлари Алгирдас Бразаускас ва Казимир Прунскенеларни олқишлайдилар.Бу ерда мухолифат тўлиқ тантана қилмоқда эди…
Арманистон. Ереван.Пойтахтнинг марказий кўчаси бўйлаб Ленин ва Горбачев портретларини кўтарган кўпминг кишилик намойиш ўтмоқда.Улар боши узра партия сиёсатини қўллаб-қувватловчи шиорлар кўтариб олишган ва қўлларини силкитиб:
-Ленин! Партия! Горбачёв!-деб жўр овозда қичқирмоқдалар.Бу ерда ҳам мухолифатнинг ўзига хос тантанаси кўринади.
Диктор: «Қайта қуришни қўллаш учун КГБ норасмий ҳаракатлар уюштирган эди ва булар коммунистик партия Марказий Қўмитаси режасига биноан совет бюрократиясининг ўрта қатлами билан курашда хитой хунвейбинлари ролини ўйнаши керак эди. Агар Болтиқбўйи мамлакатлари бўлмаганида эди, қайта қуриш ана шунинг ўзи билан тугаб қўяқолармиди!? 1940 йилда Совет Иттифоқи томонидан босиб олинган бу мамлакат халқлари империядан халос бўлиш саодатли соатларини тоқат билан кутмоқда эдилар.Михаил Горбачёвнинг совет халқларига кенг тарқалиб,таъсир этган шиорлари паноҳида 1988 йилда Литвада қайта қуришга ёрдам бериш учун “Саюдис”деб аталган норасмий халқ ҳаракати ташкил топди.Унга партия элитаси ҳамда маданиятнинг кўзга кўринган арбоблари ҳам кирдилар.Шу йилнинг ўзида Латвия,Эстония,Россия ва Кавказорти республикаларида ҳам партия ва Горбачёв йўлини қўллаб-қувватлаш учун халқ ҳаракатлари-фронтлари пайдо бўлди.Махсус хизматлар мўлжалига зид равишда улар миллий озодлик ҳаракатларига айланди.”
ВОҚЕАНОМА СЎНГИ.
МЕНИНГ АРХИВИМДАН: Бу информацион бюллетенлар: ”ВОЗРОЖДЕНИЕ» (“ҚАЙТА ЯРАЛИШ”), ”СОГЛАСИЕ” (“КЕЛИШУВ”) , “KAUNO AIDAS”, “ТАРТУССКИЙ КУРЬЕР» Литва қайта қуриш ҳаракатига тегишли.”ВЕСТНИК» Эстония Халқ фронтига қарашли, “ТРИБУНА” эса Белоруссия Халқ фронтиники.
Диктор:”Бизнинг фуқароларимиз бошқа минтақалар:Болтиқбўйи,
Украина,Белоруссия,Кавказорти мамлакатлари фуқаролари билан мулоқот туфайли ва бу ерлардаги сиёсий жараёнлар борасида тўғри хабарлар боис Ўзбекистон ҳам сиёсийлашиб бормоқда…”
Тошкент.Пушкин кўчаси 1-уй.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси.Бутун бино бўйи баробар Лениннинг улкан портрети олдида Рауф Парфи ва Ботир Норбоев суҳбатлашмоқда.Мажлислар хонаси лиқ тўла.Муҳаммад Солиҳ,Абдураҳим Пўлатов,Дадахон Ҳасан,Зоҳир Аъламлар чиқишлар қилмоқдалар.
Диктор: ”1988 йил кузида ватанимизнинг бир гуруҳ тараққийпарвар адабиётчилари, илм-фан арбоблари аввал Дадахон Ҳасанов уйида,ундан сўнг 11 ноябрда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида йиғилиб,экология ва Ўзбекистоннинг моддий-маънавий бойликларини ҳимоя қилувчи «Бирлик” норасмий ҳаракатининг ташаббус гуруҳи тузилди.
Тошкент 1989 йил 19 март. Ленин майдони, “Бирлик” аъзолари Ленин ҳайкали пойига гуллар қўйишмоқда. “Яшасин ,Михаил Горбачёв!», “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин!» деган ёзувли шиорлар билан бирга Ленин ва Горбачёвнинг портретларини ҳам кўтариб олишган.
Диктор: “1989 йил 19 мартида Тошкентдаги Ленин майдонида 3 минг нафарча киши йиғилиб,Ленин ҳайкалига ҳаракат номидан гулчамбарлар қўядилар.Кейин эса рухсат сўралмаган дастлабки митинг бўлиб ўтади.”Бирлик”нинг илк қадамлари бошқа норасмий ҳаракатларникига ўхшашлиги унинг таъсисчилари орасида махсус хизмат агентлари ҳам бўлган деган хаёлга олиб боради.”
Тошкент.1989 йил 9 апрел,Чуқурсой.Юқоридан кўринадиган манзарага эътибор беринг.Томларни ўсимликларнинг ҳаётга бўлган интилишини акс эттириб, кўкмайсалар қоплаган.Баҳор рамзи, қайта яшариш рамзи бўлган шафтоли гуллаган.Дадахон Ҳасановнинг Михаил Горбачёвга аталган қўшиғи тараляпти. Кўрлар жамиятини ўраб турган ғишт деворнинг нураган еридаги очилиб қолган жойидан Ленин ва Горбачёвнинг портретларини кўтариб олган ёшлар кириб келишади. “ Пахта яккаҳокимлиги тўхтатилсин!”,”Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин!”,”Оролни қутқарамиз!”,”Бирлик” рўйхатга олинсин!”-деб ёзилган шиорлардан бу ерга йиғилганларнинг мақсадини билиб олиш қийин эмас. Минг нафарча киши дўнглик устида қўшиқ айтаётган Дадахон Ҳасан атрофига тўпланиб олган. Амфитеатр маркази – ўт босган майдончада тўрт нафар қиз ўйин тушяпти. Қўшиқчига жўр бўлаётган музикачилар ортида шоира Гулчеҳра Нуруллаева, журналист Аҳмад Аъзам, шоир Мирза Кенжабек, кибернетик Абдураҳим Пўлатов,ўқитувчи Қаҳрамон Ғуломов, файласуф Тоҳир Каримов, математик Шуҳрат Исматуллаев, рассом Азиза Маматовалар туришарди.

Диктор: “Шафтоли гуллари билан бирга бизнинг сиёсий ҳаётимизга ҳам баҳор кириб келди.Ўзбекистон халқлари олтмиш йиллик ғафлатдан сўнг кўзини очди.Узоқ бир замон мустамлака ва болшевистик террор эркинлик ва яхши турмуш ҳақидаги халқ орзусини буткул йўқ қила олмади.Аммо бу ерда Болтиқбўйидан фарқ қилиб,партия ва ҳукуматнинг таниқли вакиллари мухолифат орасида кўринмасди. Митингни ҳам Тошкентнинг бир тупкаси тагида ўтказишга рухсат берилган эди…ХХ асрнинг 80-йилларида бир пайтлар жадидлар орзу қилган маҳаллий кадрларни миллийлаштириш масаласи ҳал бўлгандай кўринарди.Амалдорлар ҳам ўз халқига хизмат қиладиган палла етиб келгандай эди.Бироқ кўплаб репрессиялар туфайли жадид етакчиларимиз ниятлари билан улардан кейинги ҳукуматдорлар силсиласи орасидаги руҳоний боғланиш узилди.Усмон Юсупов ва Шароф Рашидовлар кадрларни шундай танладиларки, оқибатда, ҳукуматга бурдсиз одамлар тўпланиб қолди.Улар асосан Кремлга ,ўзи ва ўз яқинлари учунгина хизмат қилишар ва сарой олимлари ,маданият ва санъат арбоблари воситаси билан жамоат фикрини йўналтирар эдилар.Шунинг учун ҳам мансаб қайғусидаги бу кишилар демократлаштириш ва ошкораликдан қўрқибгина қолмай,ислоҳотлар йўлига бор кучи билан тўсқинлик қилардилар.Ҳозиргина олим Абдураҳим Пўлатов сарой анъаналаридан четга чиқиб,биринчи марта маҳаллий раҳбарларни расман қайта қуришни саботаж қилишда айблайди.”
Қўшиғини айтиб бўлгач, Дадахон Ҳасан техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатовга сўз берди. “Беш ой катта муддат эмас , лекин Бирлик Халқ ҳаракати шу вақт ичида муҳим муваффақиятларга эришди. Биз сизлар билан биргаликда Ўзбекистон раҳбариятини ўзбек тилига давлат мақоми бериш йўлида дастлабки қадамларни ташлашга мажбур қилдик. Бир йил олдин сиз қўлларингизда ушлаб турган шиорларни ҳеч ким хаёлига келтира олмас эди. Аммо биз давлатимиз раҳбари Михаил Сергеевич Горбачёв бошлаб берган инқилобий қайта қуриш шарофати билан муаммоларимизни бор овоз билан айтишга журъат этдик. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда қайта қуриш кетаётгани йўқ.Устига устак бизнинг маҳаллий ҳукуматимиз демократлаштириш ва ошкоралик тамойилларига қаршилик кўрсатмоқдалар”.
Диктор:”Маҳаллий ҳукуматнинг қайта қуриш жараёнига қаршилик қилишини изоҳи қийин эмас.Маҳаллий ҳукумат ислоҳотларга ростдан ҳам қарши бўлиб,ўзларининг бутун ҳатти-ҳаракатларини Михаил Горбачёвнинг рақиби ва Ўзбекистоннинг куратори Егор Лигачёв-бутун эскиликчиларнинг отаси билан маслаҳатда олиб борардилар”.
“Ишонаманки,сизларнинг фазилатли қадамларингиз ижобий ҳосил беражак.Алишер Навоийнинг ўлмас асарлари ҳаққи,Муҳаммад Бобурнинг кўз ёшлари билан суғорилган шеърий сатрлари ҳаққи ўзбек тили Ўзбекистоннинг давлат тили бўлиши лозим…(шиддатли олқишлар)-бу маҳаллий бюрократиянинг жарчиларидан бири шоир Эркин Воҳидовнинг митинг қатнашчиларига йўллаган мактубидан бўлиб,уни ёзувчи Эркин Аъзам ўқиб бермоқда.
Диктор:”Маҳаллий партия-хўжалик ходимларининг ҳам жўнгина истаклари борга ўхшайди. Эркин Воҳидовнинг ўзбек тили ҳақидаги баландпарвоз гаплардан кейин эҳтиётлик билан республика хўжалик ҳисобига ўтиши ҳақидаги фикрлари шуни аниқ кўрсатади…”
-Ўзбекистоннинг давлат хазинасидан қарзлари ҳақидаги миш – мишлар,унинг марказ дотацияси ҳисобига яшаши ҳақидаги уйдирмалар дўстлигимизга рахна солмаслиги учун ва ниҳоят кимни ким боқаётганини аниқлаш учун хўжалик ҳисобига ўтишимиз мақсадга мувофиқ бўларди.
Диктор : “Мана у яна нималар дейди”.
–Республика хўжалик ҳисоби ҳар томонлама фойдалидир.Ўз ерининг, ўз мулкининг хўжайини дегани эркин шахс деганидир.Ўз ери, ўз мулкининг эгаси бўлган халқ эркин халқдир(шиддатли олқишлар).Бизда энди куртак отаётган демократия тўлиқ ғалабага эришган кунлар бўлади (олқишлар). Пахтамиз, пилламиз, қоракўлимиз,олтин, газимиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги, саноат молларимиз дуне бозорида ўзининг ҳақиқий қийматини топади”(Шиддатли олқишлар).
Диктор: “Давлат мустақиллиги эълон этилгандан кейин,етмиш йилдан бери тенглик ва ижтимоий адолат ҳақида жавраб келган партия – хўжалик номенклатураси мамлакатнинг жамъи миллий бойлигини ўғирлаб ўзлаштириб олади. Халқ олдингидан кўра кўпроқ исканжага олиниб,Эркин Воҳидовга қаҳрамонлик унвони берилади.”
“Нима эксанг шуни ўрасан “дейишади,аммо биз ўзбеклар экамизу ўролмаймиз…
Диктор: Муҳаммад Солиҳнинг йўллаган мактубини шоир Мирза Кенжабек ўқимоқда.
-Биз яхшилик уруғи сепган ердан чақир тиканак ўсаётган кўринади.Яхши ниятлар билан ўтқазган кўчатларимиз йўлимизга тўғаноқ бўляпти.Мана шундай фавқулодда бир ҳолатда биз мувозанатни йўқотиб қўйдик.”
Диктор: “Саксонинчи йиллардаги коррупцияга қарши кураш маҳаллий номенклатурага сезиларли даражада путур етказди.Шароф Рашидов ўз жонига қасд қилиб,унинг гумашталари устидан маҳкама ишлари олиб борилгач,қамалганлар ўрнига Россиядан “Москва десанти” деб ном олган янги партия-хўжалик кадрлари келтирилди.Таъсир доираси учун миллий кадрлар билан келгиндилар ўртасида шафқатсиз кураш бошланди.Бу кураш кўпинча маҳаллий кадрни репрессия қилиш билан тугалланарди.Ҳожатбарор ошкоралик Эркин Юсупов ва ёзувчи Исфандиёрлар воситасида маҳаллий бюрократияга рақобатдошларини аёвсиз фош қилиш имконини берди”.
“Ўзбекларни ерга уришни бас қилинг,ахир улар сизни ўзбек тилини ўрганишга мажбур қилаётгани йўқ-ку”.
Диктор: Шоир Мирза Кенжабек Муҳаммад Солиҳнинг йўллаган мактубини ғазаб билан ўқимоқда. Бизнинг йўлбошчиларимизнинг ҳаворий мактубларини эшитиши ғалатироқ, ахир улар Петр ҳамда Павеллардай Қуддуси шарифда эмас ўзимизнинг Тошкентда туришади.”
-Кимга ва қачон улар Ўзбекистондан қорангни ўчир деган экан? Қачон ва кимга сен бизнинг нонимизни еяпсан ,деб миннат қилишибди?! Бугун ҳақоратларга кўмиб ташланганида ҳам бундай демаяптилар-ку шунинг учун уларни репрессия қилишни тўхтатинг! Қамоқларга бегуноҳ одамларни ўтқазишга чек қўйилсин!”(Гулдурос қарсаклар)
Диктор:» Афсуслар бўлсинки,Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзини маҳаллий бюрократлар каби тутганини гувоҳи бўлдик.
АРХИВИМДАН: ”ТАШКЕНТСКАЯ ПРАВДА” газетасининг 1989 йил 23 феврал сони.Ўзбекистон ССР Ички ишлар министрининг биринчи ўринбосари Э.А.Дидоренконинг “Катта йўл устида берк кўчага қараб миллатлараро муносабатларни кескинлаштираётганлар етакламоқда” мақоласи.
Диктор: “Рус десантларининг фикрини бир ойча аввал Ўзбекистон ички ишлар министрининг биринчи ўринбосари генерал Дидоренко баён қилди.У Эркин Юсуповни хоинликда айблади. Ўзбек бюрократиясини порахўр, деди.Ёзувчи Исфандиёрни мафия билан алоқадор деб қоралади.Тўғри, генералнинг баъзи гаплари асоссиз эмас.Бироқ бу айни чоғда Дидоренко ва унинг давраси фаришталардан иборат дегани ҳам эмас.Эдуард Алексеевичнинг ўзи ва репрессияга учратилган маҳаллий мансабдорлар ўрнини эгаллаган москва десантлари ўзининг ўзбек рақиблари каби,баъзи истиснолардан ташқари, ғирт йиртқичлар эди. Бутун партия-хўжалик номенклатураси моҳиятан шундайлардан иборат эди. Бу ҳақда кейинроқ яна гаплашамиз”.
“Дидоренко,Гайданов,Теплов каби генераллар билан курашиб келдим ва ҳануз курашмоқдаман,айнан мана шулар ўз имзолари билан бегуноҳ кишиларни қамоқларга тиқдилар,-дейди ёзувчи Исфандиёр- ҳозир улар озодликка чиқмоқдалар.Нима демоқчи эканимни ,биласизми.Мана шу ерда бизни милиция ўраб турибди-я? Улар бизга ёрдам бериши шарт, чунки улар ҳам жабрдийдалар ,ахир . Мен буни нима учун айтяпман.Менга туҳмат тоши отмоқчи бўлганларида,милициядан қўнғироқ килишиб огоҳлантиришди:
”Исфандиёр, у ерга борманг,чунки сизга туҳмат ортишмоқчи”(Исфандиёрнинг чиқишини маҳаллий газеталарнинг сураткашлари ,Ўзбекистон телевидениеси «Ахборот” дастурининг оператори суратга олдилар. Шунчалик диққат марказида бўлишининг боиси нимада экан?…).
-Партия ташкилотларидаги ўртоқларим қўнғироқ қилишиб:»Исфандиёр!Эҳтиёт бўлинг,у ерда сизни бўҳтонга дучор қилишмоқчи”,-дедилар.Бугун биз ўзимизни ўзимиз қўриқлаётганимиздан мамнунман.Бу ерда бизга ҳеч ким халақит бермайди.Бизни шу ерга тиқиб қўйиши зўр бўлди! Биз бугун туғилдик.Юқоридагилар ҳали бизнинг борлигимизни билишмайди.Улар бизни эҳтиёткорлик билан кузатишмоқда! Улар ким ўзи? Нима қилмоқ керак?Шунинг учун ҳам энг муҳими-интизом!» (Гулдурос қарсаклар).
Диктор: “Исфандиёрнинг бу митингдаги нутқи маҳаллий бюрократия билан москва десанти орасидаги курашнинг очиқча энг юқори нуқтаси бўлди”.Тошкентнинг ташландиқ еридаги митингда амалдорлар кечикиб бўлса ҳам, қайта қуришнинг тўртинчи йилида, халққа оғиз очишга изн берганлари ва Олимп худолари каби ўз тарафдорларига назар ташлашга вақт топганликлари учун хушнуд Исфандиёрни ва митингни қолдириб,Болтиқбўйига кўчсак.
МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВОҚЕАНОМАСИ
Литва. Вилнюс. »Саюдис”нинг қароргоҳи. КПСС МК сиёсий бюросининг аъзоси Александр Яковлев Литва мухолифатчилари фаоллари билан маслаҳатлашмо
қда. Тун.Черковолди майдонида митинг бўляпти. Кўпчилигининг қўлида
Литва Республикаси миллий байроғи бор.Минбарда Витаутас Ландсбергис-Литванинг бўлғуси президенти Саюдиснинг Литва фуқароларига мурожаатини ўқиб эшиттирмоқда.
Диктор: «Литвада Молотов-Риббентроп пактининг қонунийлиги масаласи муҳокама қилинмоқда. “Саюдис” йўлбошчилари билан суҳбатлар ўтказгандан сўнг Горбачёвнинг елкадоши бўлмиш А.Яковлев СССР халқ депутатларининг иккинчи қурултойида чиқиш қилди. Натижада,1940 йилда Гитлер ва Сталинларнинг жинояткорона келишувидан кейин Болтиқбўйини босиб олиниш факти СССР Халқ депутатлари томонидан расман қораланди”.
ВОҚЕАНОМА СЎНГИ.
МЕНИНГ АРХИВИМДАН: 1989 йил,15 апрел.Тошкентнинг Навоий кўчаси.Соат эрталабки 9. Жигули,Газ-24 автомобиллари турна қатор.
Автобуслар тутатиб ,трамвай ва троллейбуслар тарақа-турқ қилиб қатнаб турибди. Йўлкаларда серташвиш пиёдалар ўйчан юрибдилар.Ўзбекистон Агро-саноат Қўмитаси биноси олдида элликтача пикетчилар туришибди.Улар ишчилар,талабалар ва хизматчилар бўлиб барчаси Бирлик Халқ Ҳаракатининг аъзоларидир.Улар бу ерга ўз етакчилари шоир Муҳаммад Солиҳни қўллаш учун келишган.Чинорга бириктирилган плакатда «Бюллетенга депутатликка номзодларнинг барчаси киритилсин» деб ёзилган.
Диктор:”26 мартдан СССР халқ депутатлари сайлови бошланган бўлиб,Совет Иттифоқи раҳбарияти томонидан Ўзбекистонга 107 депутатлик мандати ажратилган эди. Муҳаммад Солиҳ 117 Октябр миллий-ҳудудий сайлов округидан депутатликка даъвогар етти номзоднинг бири эди”.
Агросаноат қўмитасининг мажлислар зали.Саҳнада Лениннинг бюсти.
Ҳайъатда ўша етти номзод ўтирибди.Улар орасида Муҳаммад Солиҳ ва унинг асосий рақиби «Узбекгидроэнергострой» трести бошқарувчиси Акром Эргашовлар ҳам бор.Зал ҳар бир даъвогарнинг уч-тўрт нафардан ишончли кишилари ва ҳар бир номзоднинг 5-7 нафардан овоз бериш учун мандатли вакиллари билан тўлган. Кўпчиликни эса партия –хўжалик фаоллари ташкил этиб, улар райком қарори билан округ мажлиси томонидан овоз беришда иштирок этиши учун таклиф қилинганлар эди (айнан мана шу мандатлилар хайрихоҳлиги ёки ёқтирмаслиги депутатликка номзоднинг ишини ҳал қилади). Ёзувчи ва шоирлардан Одил Ёқубов, Омон Матчон, Миразиз Аъзам, Шукрулло, Гулчеҳра Нуруллаева ва журналист Исмат Хушевлар Муҳаммад Солиҳнинг ишончли вакиллари сифатида қатнашдилар. Буларнинг айримларида овоз бериш учун мандат бўлса ҳам ,бу кўпчилик овозини йиғиш учун жуда ҳам камлик қилар эди.Муҳаммад Солиҳ жим ўтириб эшитаётган зал минбаридан ўзининг сайловолди дастурини ўқимоқда: «Мен Сизларга пахта яккаҳокимлигини тугатаман деб ваъда беролмайман! Лекин бу бало билан ўзимни аямай курашишга ваъда бераман.Мен сизларга озиқ-овқат дастурини амалга ошираман, деб ваъда беролмайман, бироқ сиз бошқа халқлар орасида ғурур билан ўзбек номини кўтариб юриб, улар билан ўзингизни тенг кўраолишингиз учун бутун кучимни сарфлайман, ҳатто лозим бўлса, лавозим ва имтиёзлардан воз кечаман. Брежнев замонида яйраб – яшнаган кимсалар, энди биз Брежневнинг қурбонлари эдик демоқдалар, Рашидовнинг ялоқлари эса,Рашидов бизни қийнаган эди деб биздан мукофот кутишяпти! Ҳақиқатан ҳам, Сталин майиб қилган, Брежневнинг ҳақоратини эшитган, Рашидовдан туртки еганлар бир четда жим туришибди, зотан, ҳақиқат ҳимояланишни билмайди, у ўзини оқламайди,чунки бу унинг шаънига тўғри келмайди. Худога шукрлар бўлсинким, бу кўзбўямачилар тўдаси фош этилди.Шукрлар бўлсинким, кўзини ёғ босганларга ёввойи бўлиб кўринган халқ бу кун уйғонмоқда. Миқдор ўзгариши сифат ўзгаришига олиб келади. Номус ва шараф туғи қайта кўтарилмоқда. Фақат у ерим лат еди, бу ерим қонади , деб нолиманг. Шилинган тиззангиз, юлинган юзингизни шараф деб билинг».
Диктор: “Муҳаммад Солиҳнинг нутқи самимий ва ҳаяжонли бўлди.Аммо шоирни москвалик десантлар билан бўлиб турган ҳокимият талашиш можароларида олабўжи кўрсатиб, ундан фойдаланаётган миллий номенклатура, айни пайтда у билан ҳам ҳокимият бўлишишни истамасди”.
Навоий кўчаси. Йўлкалар чеккаларидаги чинорлар жажжи куртаклар чиқарган. Агро-саноат қўмитаси биноси олдида «Халқнинг овози -Муҳаммад Солиҳга!”, “Кўзингни очиб қара! Муҳаммал Солиҳ – халқнинг ўғлони!», ”Муҳаммад Солиҳ учун овоз берайлик!” деб ёзилган транспарантлар кўтариб пикетчилар турарди.
Маҳалла вакили, округ йиғилишига танлаб юборилган Миробид Иноятовнинг гапларини эшитинг: «Мен Октябр районидаги Литвин маҳалла қўмитасиданман. Биринчидан, бизнинг ва қўшни маҳаллалардан бу ерда ҳеч ким йўқ. Иккинчидан, биз энди етиб келганимизда, бизга кечикдингиз, дейишди.Учинчидан, бошқа маҳалла, ташкилот ва муассасалардан сайлаб юборилганларни эса мандатингиз йўқ , деб округ мажлисида овоз бериш учун қўйишмаяпти. Райкомда эса ҳеч ким йўқ. Эрталаб тўққизда улар жойларга тарқаб кетишибди”. Фатхулла Жўраевнинг гапи:”Биз Кўкча маҳалласиданмиз. Маҳалла қўмитаси маълумтномаси билан (муҳри билан! ) келдик. 117 сайлов участкаси ходимларига учрашдик, лекин бизга мандат беришмади. Бироз муомала қилиб, зўрға биттамизга таклифнома ундирдик,у ўшаниси билан мажлисга кириб кетди .Бироқ унинг ҳам мандати йўқ, овоз бера олмайди”.
1989 йил,15 апрел, соат 11. Биз Тошкент шаҳри Киров район Советининг маъмурий биноси олдидамиз.Агросаноат олдидаги каби бу ерда ҳам Бирлик харакатининг фаоллари йиғилишиб турибди.Диктор: «Абдураҳим Пўлатов номзоди қўйилган 598- Киров ҳудудий-сайлов округида ҳам айни шу ҳолат.” Киров ижроия қўмитаси биноси фойеси. Мажлислар залининг берк эшиклари олдида қоровул турибди. Бир неча бирликчилар мажлислар залига ўтказиб юборишга кўндирмоқчи бўлиб қоровулни ўртага олишган. Бироқ оддий фуқаролар кийимидаги милиционерни кўндириб бўлармиди! Авиасозлик заводи ишчиси Гулхумор Полвонова: «Абдураҳим Қаюмович Пўлатов бизнинг депутатликка номзодимиз. Ижроқўм аъзолари мажлислар залига махсус тайёрланган одамларини киритиб юборишди ,бизларни эса қўйишмаяпти. Биз бу ерда шунинг учун турибмиз.Ошкоралик, демократия дейишиб, эшикни ичидан маҳкамлаб ўзлари овоз бериб ётишибди. Мана қаранг”-деб эшикни дастасидан тортиб очмоқчи бўлиб кўрсатди…
Диктор: »Шу бугунги кун бюрократия сайловда ким хўжайин эканлигини мухолифатга кўрсатиб қўйди”.
Транспорт(Улов) институти ўқитувчиси Маҳмуд Иноқовнинг гаплари:”Овоз беришда амалдорларга,уларнинг манфаатларига хизмат қиладиган танлаб олинган кишиларгина қатнашмоқдалар. 271-мактаб депутатликка номзод қилиб Муҳаммад Солиҳни ва Абдураҳим Пўлатовни кўрсатди. Райкомнинг учинчи секретари мактаб раҳбариятини чақириб олиб, қайдномани бекор қилиб янгисини ёзишга мажбур қилган ва яна уларга дағдаға қилиб айтганки, сизнинг номзодларингиз округ комиссиясидан ўта олмайдилар деб”.
Киров ижроқўмининг мажлислар зали. Тўрда Лениннинг бюсти ва ол рангли матога “Решения ХХУ11 съезда КПСС в жизнь!» деб ёзилган.СССР халқ депутатлигига номзод етти киши ҳайъатдан ўрин олган.Асосий даъвогарлар Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.Залда эса бўлажак депутатларнинг ҳар бирининг уч-тўрттадан ишончли вакиллари,Киров райкомининг секретарлари, ижроқўм ходимлари, район фаоллари-аниқроғи синовчи- сайловчилар ( ҳукумат номзодларига овоз берувчилар! ) ҳамда йигирма-ўттиз нафар таклиф этилган тарафдорлар.
Пўлатовнинг ишончли вакиллари: шоир Жамол Камол, олим Олим Каримов, олим Тоҳир Каримов, рассом Азиза Маматова.Таклиф этилганлари: академик Бек Тошмуҳамедов, ўқитувчи Қаҳрамон Ғуломов ва яна мандатли бир неча киши.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ишончли вакиллари: Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати муфтиларнинг ўзгармас муовини Юсуфжон Шокиров , диний бошқарманинг бир неча муллалари ва православ черкови руҳонийси. Маҳаллий мачит имомлари ва уларнинг қавмлари залдагиларнинг чорагини ташкил этарди.
Диктор: “Абдураҳим Пўлатов масаласи бу борада ҳал бўлган эди.
Ибтидоий онгли маҳаллий киши учун саллали инсон мухолифат етакчисидан кўра обрўлироқдир. Ҳукуматдагилар буни жуда яхши билишарди. Бу айнан ўшаларнинг кўрсатган ҳунари эди. Бунда қатнашганларнинг барчаси «Дастлабки демократик сайлов”номли драманинг иштирокчиларига айланди.Бу спектаклни саҳналаштириш бир ойча олдин,яъни махсус хизматлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диний Назоратида тўнтариш бўлгандай кўрсатиб, курсига Муҳаммад Содиқ Мамаюсуповни ўтқазган палладан бошланган бўлса ажаб эмас.Энди бор кучини,саллали. итоатли кишини Кремл съездлар саройи курсисига ўтқазиб, уни бу ерда қайта қуриш бўлаётганининг бир ажойиб далилига айлантириш учун сарфламоқда эдилар. Ҳали бу ҳолваси. Қолганини кейинроқ айтаман”…
Абдураҳим Пўлатовнинг ишончли вакили шоир Жамол Камол чиқишидан: “Мен парламентга бунча ишчи,бунча колхозчи ва сут соғарлар депутат бўлиши керак, деган мавжуд фикрга қўшилмайман. Парламент -мамлакат мияси.Унга энг ақллилар, заковатлилар, идроклилар касбидан қатъий назар сайланмоғи дурустдир. Биз муфтий нутқини мароқ билан тингладик.Бу кишини биз депутат қилиб сайлашимиз керак. Абдураҳим Пўлатовнинг нутқини мароқ билан эшитдик, бу кишини ҳам депутатликка сайлашимиз лозим. Афсуски ,ўрин битта. Менга қолса, Абдураҳим Пўлатовни ва ҳурматли муфтийни танлаган бўлардим.
Диктор:”Саллага эҳтиром фақат авомгагина хос бўлмай, мухолифатнинг маърифатли вакилларига ҳам тааллуқли эди.Пўлатовнинг ишончли вакили Абдураҳимнинг рақиби бўлган муфтий Муҳаммад Содиқнинг фазилатлари ҳақида шунчалик берилиб, чўзиб гапирдики, номзоднинг бошқа ишончли вакилларига ажратилган вақтни “еб қўйди”. Сўнгида эса,барча залда ўтирганларни ҳар иккала номзодга овоз беришга чақирди. Мана, Жамол Камол нутқи ниҳоясини эшитинг: “Тарозининг бир палласига карамни иккинчисига пахтани қўйиш адолатданми? Депутат мана шу ҳақида гапирмоғи керак. Мен сизлардан Абдураҳим Пўлатовга овоз беришингизни , айни чоғда овозингизни ҳазрат муфтийга беришингизни илтимос қиламан. Жаноби олийларининг улуғ фикрлари бор. Ҳаёт бу чексиз ўрмон ва бу ўрмоннинг эгаси бор. Шунинг учун динни ўрганиш , Худога эътиқодни ўрганиш жуда-жуда муҳимдир!”Пўлатов тарафдорлари юзида ҳайратланиш(Муфтий қавмларидан эса гулдурос олқиш).
Биз яна Навоий кўчасидамиз,бу ерда агросаноат мажлислар залида 117-сайлов округининг округ мажлиси бўляпти.Минбарда ёзувчи Одил Ёқубов: “Шуни айтишим керакки,Муҳаммад Солиҳ ҳақида жуда кўп гаплар юрибди, шуларнинг орасида тўғри гаплар бўлиши ҳам мумкин, жудаям бўлиши мумкин.Умуман олганда, Муҳаммад Солиҳ ўта истеъдодли шоир.У совет ҳукумати, партиямиз, ишчилар синфи учун, миллий маданиятимиз равнақи учун қайғуради. Менимча, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Агар бирон чалкашликлар юз берган бўлса, бу фақат унинггина эмас, айрим оммавий ахборот воситаларининг ҳам чалкашлигидандир”.
Диктор:”Ёзувчи Одил Ёқубов йиғилишдагилар олдида қулоқсиз боланинг отасидай оқланиш йўлини тутди. Тескаричи газеталар мухолифат етакчисини ёмон отлиқ қилиб қўйганлигидан мажлисда ўтирганлар унга душманларча муносабатда эдилар”.Округ мажлисига раислик қилувчи (бўлғуси Тошкент шаҳар ижроқўм раиси) Шоиноят Шоабдураҳмонов танаффус эълон қилади.
Навоий кўчаси.Пикетчилар камерани ўраб олишган. Орқада агросаноат биносининг юз томони.”Бюллетенга ҳамма номзодлар киритилсин!”ёзувли плакат. Шоир Мирза Кенжабек гапиради:”Агар Киров райкоми ҳовлисидан тўртта автобусда қандайдир одамларни олиб келганини билмаганимда шум ният ҳақида гапирмаган бўлардим.Шу автобусларнинг бирида мен ҳам келдим ва бу кишиларни тайёрлаган ташкилотчиларни ҳам кўрдим.Менинг фикримча, айнан мана шу округ мажлисида демократия бузиляпти.Чунки махсус тайёрланган кишилар халқ кўрсатган номзодларга эмас,балки олдиндан танлаб олинган номзодларга овоз берадилар». Журналист Исмат Хушев гапи: «Залда гиж – гижловчи саволлар берадиган кишилар ўтиришибди.Шу йўл билан йиғилиш қатнашчиларини Муҳаммад Солиҳга қарши қайрамоқдалар. Ҳозир унинг ҳолати бир мунча оғир.Албатта, Ўзбекистонда биринчи бор бундай сайловлар ўтказилишининг ўзи яхши. Шунинг билан бирга аён бўлдики,биз бундай сайловларга тайёр эмасмиз.Ўртоқлар! Депутатликка номзодларнинг барчаси сайлов бюллетенларига киритилиши тўғри бўлади.Мен Муҳаммад Солиҳ билан гаплашдим, у айтдики, умид йўқ , деб. Вазият мураккаб.Уерда райком секретарлари ўтирган эмиш.Майли, биз ҳам жим қараб турмаймиз”.
Агросаноат биносининг кираверишидаги устунлар орасида бир тўда амалдорлар туришибди.Улар Муҳаммад Солиҳни қувватлаб транспарантлар кўтариб турган пикетчиларга қараб истеҳзо билан мийиғида кулиб қарайдилар.
Мажлислар зали. Шоир Шукрулло нутқ сўзламоқда:”Бюрократизм билан ким курашади? Биз Сталин шахсига сиғинишни фош қиламиз.Унинг бугунги кўринишлари билан ким курашади?…Дарсликлар ёмон аҳволда! Қишлоқдаги аёлларимиз оққонга чалинган! Болалар сариқ касалига гирифтор этилган! Булар билан ким курашади?…”
Диктор: «Шоир Шукруллонинг чиқиши ишончли ва ҳаёжонли бўлди,бироқ бюрократия аллақачон ”Узбекгидроэнергострой» трести бошлиғи Акром Эргашев ваЎрта Осиё, Қозоғистон мусулмонлари диний назорати муфтиси Муҳаммад Содиқ Мамаюсуповларни танлаб қўйган эди. Округ мажлислари эса, юқорида айтганимдай, “ сайловлардаги” демократия ва қонунийликни” намойиш этадиган иккиюзлама бир ўйин эди. Яна шоир Шукрулло нутқидан: «Депутатлар ўз халқининг муаммоларини еча оладими? Партиянинг муаммоларини ҳал қила оладими? Ошкоралик ва қайта қуришга ҳисса қўша оладими? Биз, аввало, кишиларимизни ахлоқий тарбиясига эътибор беришга муҳтожмиз. Муҳаммад Солиҳ бизнинг маънавий тараққиётимизга хизмат қилар экан, демак, у депутат сифатида ўз вазифасини ўтаган бўлади.”
Шоир Шукрулло мансабдорларни, мухолифатдан лоақал бир депутат ўтказишга ундаб, кўндирмоқчи бўлиб турсин, биз сиз билан Россия ва Болтиқбўйи томон йўл олайлик.
МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВОҚЕАНОМАСИ
Россия.Москва.Елцин ўз тарафдорлари орасидан туртиниб ўтмоқда.Тан қўриқчилари кишиларни у ён-бу ён суриб жонли ўтак ҳосил қилиб унинг юришига ёрдам бермоқда. Барча баробар “Елцин! Елцин! Елцин! деб олқишламоқда.Одамлар қўлида Елцинни қўлловчи жуда кўп транспарантлар бор. Сайлов участкалари. Елцинга берилган овозларни ҳисоблашмоқда.
Литва. Вилнюс. Черков майдони.Литва аҳолиси минбарга кўтарилаётган Витаутас Ландсбергисни гуллар ва қарсаклар билан олқишламоқда. Саюдиснинг раҳбари микрофонга етиб келгач, қўлидаги қизил гул дастасини силкитиб халқни олқишлайди.
Диктор:”Россияда сайлов демократик мухолифатни партиянинг ишдан туширилган фаоли Борис Елцин теварагида уюштирди.Литвада бўлса,халқ депутатлари сайловида Саюдис тўлиқ ғалаба қилди”.
Россия.Москва.Кремлнинг съездлар саройи.Горбачёв Литва делегациясига ниманидир уқдирмоқчи бўляпти,унга жавобан литвалик депутатлар ялписига съезддан чиқиб кетишади. Ватандошлари орқасидан Литва коммунистик партиясиниг биринчи секретари Алгирдас Бразаускас ҳам чиқиб кетади.
Диктор: « СССР халқ депутатлари биринчи съездида Горбачёвнинг депутатларни ўз йўлига солиш уринишига жавобан Литва вакиллари съездни ташлаб чиқиб кетдилар.Ватандошлари орқасидан Литва раҳбари Алгирдас Бразаускас ҳам минбарни тарк қилди. Партия номенклатурасининг қулоқ қоқмас парламент сайлаб олиш режаси барбод бўлди”.
ВОҚЕАНОМА ОХИРИ.
ЎЗ АРХИВИМ: 1989 йил, 28 май,соат 10. Тошкент.Пушкин кўчаси,1-уй,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси. Шоирлар Шукрулло, Миразиз Аъзам ва Пирмат Шермуҳамедовлар одам билан лиқ тўла фойега киришади.Уюшманинг мажлислар залида йиғилиш. Минбарда Абдураҳим Пўлатов, у қурултойнинг кун тартибини эълон қилади. Залда ўтирганлар ичида Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан: Одил Ёқубов, Мамадали Маҳмудов,Гулчеҳра Нуруллаева, Дадахон Ҳасанов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон, Ботир Норбоев, Аҳмад Аъзам, Усмон Азимов, Зоҳир Аълам, Носир Зокир, Хайрулла Қосимовлар бор. Композиторлардан Зоҳид Ҳақназаров,рассомлардан Баҳодир Жалолов ва Азиза Маматовалар, олимлардан :Бек Тошмуҳамедов, Олим Каримов, Темур Валиев, Файзулла Исҳоқов, Дамин Нарзиқуловлар, олий ўқув юртлари ўқитувчиларидан: Шуҳрат Исматуллаев, Абдуманноп Пўлатов,Тоиба Тўлаганова,Толиб Яқубов,Тоҳир Каримов,Маҳмуд Иноқовлар ҳамда талабалар етакчиларидан Асқар Абдуллаев,Шавқиддин Жўраев ва бошқалар иштирок этмоқда.Қурултой делегатлари ҳаракатнинг дастури ва низомини муҳокама қилишмоқда.Ҳайъат олдида фаоллари томонидан тайёрланган Бирлик халқ ҳаракатининг дастур ва низомининг ўзбек ва рус тилларидаги бир қанча лойиҳалари турибди.
Лойиҳалардан бирига «ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАБИАТИ, МАЪНАВИЙ ВА МОДДИЙ БОЙЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ “БИРЛИК” ҲАРАКАТИНИНГ ДАСТУРИ” деб ном берилган.Унинг ёнида Ўзбекистонда вужудга келган сиёсий вазият таҳлил этилган “Бирлик” дастури тезислари бор. Олим Дамин Нарзикулов якун ясайди ва овоз беришга ўтишни таклиф қилади.Қурултой қатнашчилари мамнун эдилар.Очиқ овоз бериш йўли билан дастур ва низомни тасдиқлашади.Стол устига низом ва дастурнинг охирги таҳрири қўйилди.Бу 1990 йилда Тошкентда “БИРЛИК -ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИ, ДАСТУР ВА НИЗОМ» номи билан нашр этилган янги рисолача.
Диктор:”1989 йил 28 майда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси мажлислар залида “Бирлик Халқ Ҳаракати”нинг таъсис қурултойи бўлиб,Марказий Кенгаш,Марказий Кенгаш Ҳайъати ва унинг раиси этиб техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатов сайланди.Дастур ва Низоми тасдиқланди.
Ҳаракатнинг мақсади Ўзбекистон халқларини бирлаштириш ва мустақил демократик, ҳуқуқий давлат тузиш учун халқнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишдан иборат.Низом ва Дастурга иккинчи ва учинчи қурултойларда киритилган тузатишлардан сўнг охирги таҳрири кейинги йилда-1990 йилда нашр этилади.”

МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВОҚЕАНОМАСИ
Биринчи канал «Время” дастурининг диктори Фарғона вилоятида юз берган оммавий тартибсизликлар ҳақида гапиради.Марказий телевидениенинг Ўзбекистондаги ўз мухбири Мухтор Ғаниевнинг репортажи.Экранда месхети туркларининг ўртанган уйлари ва Фарғона аҳолисининг ташвишли қиёфалари акс этган лавҳалар.Ўз кўзи билан кўрганларнинг интервюлари.Аскарлар дубулға ва совутлар кийиб олган. Қочоқлар лагери. Фожеа қурбонларининг дафн маросимлари.Фарғонанинг аэропорти.Тиббий ёрдам ортиб учиб келган оғир юк кўтарар учоқлар.
ВОҚЕАНОМА ОХИРИ
ЎЗ АРХИВИМДАН: “Ферганская правда” газетаси.Биринчи саҳифада СССР халқ депутатларининг биринчи съездидан хабарларнинг ёнида ҳукуматнинг Фарғона вилояти аҳолисига мурожаати чоп этилган.Бошқа репортажларнинг сарлавҳалари қуйидагича: «Ўз кўзи билан кўрганлар назарида”,”Марғилон фожиаси воқеаномаси”,”Юрак изтироби ила”,”Қувасойдаги ҳақиқат»,”Қўқон осмони куйдиради”,шунинг билан бирга Муҳаммад Солиҳнинг “Виждонни чорлайман» мурожаати ҳам босилган.
Диктор: «4 ва 5 июн кунлари-биринчи съезднинг иш кунлари Фарғона вилоятида месхети туркларини оммавий қирғин қилиш содир бўлди. Қувасойда “турклар қилган ваҳшийликлар” ҳақидаги миш-мишлар бунга туртки бўлди.Ақлдан озган оломон олдида ва матбуотда мухолифат етакчиларининг чиқишлари самара бермади. Оломонни жиноятчилар бошқарар эди. Қўқонда ҳукумат томонидан еттинчи ва саккизинчи июнда уюштирилган бегуноҳ кишиларни қирғини бу фожианинг якуни бўлди”.
1989 йил,9 июн.Қўқон шаҳридаги касалхона.Бино пештоқида:”ЯШАСИН СОВЕТЛАР- ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИНИНГ ҲАҚИҚИЙ ОРГАНИ!»деган ёзувли қизғиш рангли транспарант осилган. Палаталар саккизинчи июнда шаҳар ижроқўми биноси олдида ташкил этилган митинг жабрдийдалари билан тўлиб тошган. Шифохонага келганларнинг барчаси ўқотар қуроллардан яраланган. Бир қанчаси реанимацияда ётишибди. Маҳаллий моргнинг семон полида 20-25 ёшли бир неча мурдалар яланғоч ҳолда қўйилган…
Қуш учар баландликдан Фарғона водийсининг кўриниши. Каллакланган зич тутлар билан тўрт томонидан ўраб олинган пахта майдонлари. Йўллар икки томонидан тик ўсган тераклар билан , қишлоқлар кўм-кўк боғлар билан бурканган.
Диктор: «Фарғона водийси Ўзбекистоннинг кўпмиллатли ва аҳолиси зич жойлашган қисмидир. Баракотли ер!Айнан мана шу ерга маънавиятсизлик, ишсизлик ва қашшоқлик тупроғига ихтилоф уруғи тушиб унди”.
1990 йилнинг 9 майи. Биз,Маҳмуд Иноқов ва Дадахон Ҳасанлар билан бирга Олтиариқ районидаги Димитров кохозига келдик. Бугун ғалаба куни бўлиб СССР аҳолисининг барчаси дам олмоқда, лекин бу ерда Турғунбой Иброҳимовнинг бригадаси пахтазорларида бир тўда жувонлар ва қизлар ҳамда уч нафар кекса киши “меҳнат нашидасини сурмоқда”. Улар бир қатор тизилиб олиб, қулочкашлаб кетмон чопмоқдалар. Бу жараённи «ягана”дейдилар ,бунда, ғўза ғужлари ораси сийраклаштирилиб, бегона ўтлар ҳам чопиб ташланади. Деҳқонлар олдига «қайта қуриш”борасида суҳбатлашгани яқинлашамиз.
“Бизда водопровод ҳеч қачон бўлмаган,ичар сувимиз йўқ . Уй қуриш учун берган еридаги ариққа сув ҳатто кузда ҳам етиб бормайди.Қурилиш материаллари йўқ, тахта –ёғоч йўқ, шунинг учун мана бу бизга ўхшаганлар қурилишини охирига етказа олмайди”- деб шикоят қилиб кетди, мўйловли қариямиз.
Уларнинг дардини қўзғаб қўйдик шекилли, гапга норози бир кайфиятдаги хотин аралашди:”Оиламизда ўн икки жонмиз, бироқ томни ёпиб олишга қурбимиз етмайди”. “Менинг тўққиз болам бор, – деб давом этади мўйловли киши, – Тўнғичимни олти йил бўлди уйлантирганимга. Мана бу менинг келиним, уларнинг ҳам икки боласи бор.Ҳаммамиз бир капада яшаймиз.Мана шу далада қаридим десам бўлади, ҳалиям бир дуруст бошпана қуролмайман, колхоздан кетолмаймиз, каёққа ҳам борардик?”
“Ишлаймиз ,шикоят қилмаймиз, – дейди ажин босган юзлари кундан қорайиб кетган эчки соқол , кичик жуссали чол, – менга бу ерда қирқ -эллик сўм беришади, саксон сўм давлат нафақаси ҳам бор.Мана шунақа! Тирикман, соғман. Саксонга кириб, дўхтир кўрмадим. Худога шукр! Шикоятим йўқ! Ҳеч касал бўлмаганман.
– Колхозда ишлаганингизга қанча бўлди? – сўрайди Дадахон Ҳасан.-Саксонга кирдим,шундан етмиш беш йилча колхозда ишлайман,”- дейди қария.
Дала шийпони.Аёллар тушлик танаффусида.Кимдир боласини эмизяпти,
кимдир болалар билан ўйнаяпти.Яна бири боласини белаяпти. Шийпоннинг нариги бурчида чордона қуриб, бизга таниш отахонлар чой ичишяпти.
Олдиларида иккита қора ундан ёпилган тандир нон…
Диктор:»Кейинги юз йил давомида бу ерларда ҳукмдорлар ва қонунлар тез-тез ўзгариб турди.Мафкура-ю,шиорлар ҳам ўзгарди,ҳатто давлат чегаралари ҳам бошқа бўлиб кетди.Ернинг таркиби ҳам ўзгарди. Аммо жинояткор ҳукумат ва унинг сифати ҳамда меҳнаткашнинг аянчли тақдири ўзгармай қолаверди”.
Биз Димитров колхозидан чиқиб кетяпмиз.Дадахон Ҳасан машинасига ўрнатилган магнитофондан «Пахтақул” қўшиғи янграмоқда.” Тушлик қилиб, хордиқ чиқарган» колхозчилар яна қатор туриб яганага киришади.
Камера уларнинг ҳорғин жуссалари кетмонни юқори кўтариб, пастга уриш манзарасини ҳали анча кузатиш имконига эга.
1989 йилнинг 3 сентябри .Тошкент.Пушкин кўчаси. Тинимсиз машиналар оқими .Консерватория рўпарасидаги «Уголок”кафеси ёнида вақтнинг шафқатсиз тез ўтиши рамзидай чиғириқ айланади. Ҳозир Герман Лопатин кўчасидамиз. СССР халқ депутати Владимир Золотухин хонадони. Кичик ҳажмли хонадоннинг миттигина залида тушлик дастурхони теварагида “Бирлик” аъзолари Абдурашит Қутбиддинов, Маъмура Усмонова, Мирраҳмат Муҳаммедов ва уй эгаси Володя Золотухин хотини ва болалари билан ўтиришибди.
Диктор: »Ўзбекистонда СССР халқ депутатлигига қўлбола сайловни ташкил қилган партия номенклатураси чалкашликка йўл қўйди.Бутун диққатини мухолифат етакчиларини номзод ёки депутат бўлиб қолмаслигига қаратиб, бирмунча ботир ва мустақил кишилар мамлакат парламентига ўтиб қолганини пайқамай қолишди. Ана шундайлардан бири Володя Золотухин эди. У эскидан маҳаллада яшаб келаётган руслар наслидан бўлиб, ўзбек тилини билар ва анъаналаримиз ,маданиятимизни қадрлар эди…”
-Ўзбек тилининг мақомига сизнинг муносабатингиз?- деган нозик саволни бердим Володяга. -“Ўзбек тили сўзсиз давлат тили бўлмоғи шарт! -деб иккиланмай жавоб берди Володя. Ҳатто КПСС Марказий Комитетининг сиёсий дастурида ҳам шундай дейилган. Менимча, халқ қайта қуришга қўшилиб, дастур яратиб, раҳбариятга кескин ва ўткир саволларни беришини табриклаш керак. Бу мамлакатимиздаги ўзгаришлардан келиб чиқадиган табиий демократик жараёндир. Ушбу ҳодисалардан бизнинг раҳбариятимиз нега чўчиб қолганини мен тушунмайман. Кишиларимиз, ифода учун узр сўрайман, пода бўлишни истамай қолганидан, мамлакат ва республика ҳаётида фаол иштирок этиш йўлига ўтганидан фақат хурсанд бўлиш лозим.Барибир , кимларгадир бу хуш ёқмаса керак-да!”
Диктор: «Бу ҳолатнинг изоҳи жўнгина. Маҳаллий номенклатура ҳеч ким билан, ҳатто москвалик десантлар билан ҳам ҳокимликни бўлишмоқчи эмасди.Мана бу буюртма мақолаларга бир қаранг”.
Стол устида маҳаллий газеталар: «Правда Востока” ва “Совет Ўзбекистони”. Уларда «Боши берк кўчадан чиқиш йўлини биламизми?”,”Бир мақола устида мулоҳазалар”,”Плюрализмми ёки курси шаъними?” “Қўмсаш”,”Генераллар ва норасмийлар”.
Диктор: «Генерал Дидоренконинг ёвлари фош қилишда тортиниб ўтирмадилар.Маҳаллий ва келгинди партия мафиоз гуруҳлари орасида қоронғи иқтисод назорати учун қақшатқич кураш бошланган эди .Бу мақолалар улкан айсбергнинг арзимас бир учи , бир-бирига қараб ириллашларнинг зўрға илғаб олинадиган акс садоси эди ,холос.
Янгийўл.1989 йилнинг 3 сентябри.Будённий кўчаси, 8- уй. Уйнинг деворига:» Уй сотилади” деб ёзилган.Бу уйда Николай Ахрименко яшайди.У “Бирлик”ка маҳаллий ҳукумат ўзбошимчалиги устидан шикоят қилган.Бу ерга Салават Умурзаков ва Мирраҳмат Муҳаммадевлар билан бирга келдик.
Ҳовлининг ўзидаёқ гап бошланиб кетди: “Уй меники.Бироқ менга сени ўлдирамиз , деб дўқ қилишди. Милиция дўқ қилди. Шунинг учун мен онамнинг уйига кўчиб ўтдим, онам эса, ҳозир бу ерда яшайди, – деб зорланди Николай. –Бу уйни сотишни ҳам онамга топширдик .Мен оилам билан онамникидамиз.
– Ким сизга таҳдид қилди? Исми шарифи нима? – деб сўради Салават. – Мен уларни танимайман. Кўриниши кавказликларга ўхшарди. Бири ўзини Вартан деди, иккинчиси индамади.
– Келганларинг учун раҳмат! Мадад бўлганларинг учун раҳмат! – Дейди Николай Ахрименконинг онаси. Бизни уй ичига таклиф этишди ва гапимиз кичкина меҳмонхонада давом этди.
– Суриштириш қилгандай ҳам бўлишди, яъни мен пора олмоқчи бўлганимни тан олишим керак экан.Улар орасида Тошкент прокурори Крестовников ва бутун прокуратура бор. Мен уларга бундай иш қилмаганман! – деб жавоб беравердим. Стол устида ёзишмалар тахланиб ётарди.- Бу сизнинг хатларингизми ёки келган жавобларми? – деб сўрадим уй эгасидан.-Бу менинг ёзганларим ҳам, улардан келган жавоблар ҳамдир! – деди Николай.-Хўш,фойдаси борми? – Йўқ, ҳеч нафи тегмади”.
Диктор: “Николай Ахрименко- дини католик,яқин атрофда католик ибодатхонаси бўлмагани учун маҳаллий мачитга бориб, мусулмонлар қаторида ўзича ибодат қилиб юрган.Худога ишонган одам сифатида,”Лаззат” Янгийўл кондитер фабрикаси ўғригина бошлиқлари билан чиқишмай қолади.Аммо бу фабрика Ўзбекистон Компартияси Марказкомининг иккинчи секретари Владимир Петрович Анишчев паноҳида экан.Ана шунинг учун генераллар Дидоренко ва Гайдановларнинг қўл остидагилар уни таъқиб қилишар экан”.
Николай хат тахламидан хатларни бирма бир олиб изоҳлашга ўтди:” Бу СССР Ёзувчилар Уюшмасига, бу “Правда”газетаси таҳририятига, буниси “Новий Мир»нинг бош муҳаррири Залигинга, Сахаровга – академикка-бир,Сахаров академикка – икки, СССР Олий Кенгашига, энди Горбачёвга –бир, икки, уч, тўрт, беш”.
Диктор: « Николай Лаззат” фабрикасининг транспорт бўлими бошлиғи сифатида мафияга бўйсунишдан бош тортади, шунинг учун ҳам милиция томонидан калтакланади ва ишдан ҳайдалади”.
Архименконинг ўзи шундай дейди: «Қирқта хат, қирқта хабарнома юбордим ва уларнинг манзилини сизга айтиб ўтдим. Энди шикоятим нима ҳақидалигини ўқиб бераман: СССРнинг бош прокурори Сухарев Александр Яковлевич тушунарсиз сабабларга кўра фавқулодда оғир жиноятчи, порахўр ва туҳматчи, Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигидаги ўта оғир жиноятларни яширувчиси, СССР прокурорининг ўринбосари Олег Гайдановни ҳимоя қилади”.
Диктор: «Давлат емирилишда давом этди,иқтисодиёт оқсади,қонунлар ишламади,Ўзбекистонни соғломлаштириш учун юборилган москвалик кадрлар мунофиқларча «коррупция билан курашяпмиз» деб, ўзлари мустамлака бойликларини талон-тарож қилиш билан машғул бўлдилар”.
Биз Янгийўл шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб “Лаззат” фабрикасига кетяпмиз. Ахрименконинг гапидан: “Бу ерда озиқ- овқат саноати корхоналари йиғилган бўлиб, колбаса заводи, вино заводи ва кондитер фабрикаси бор. Буларнинг ҳаммасида оммавий тарзда талончилик қилинади.Менга коммунизмда ҳам шунақа бўлади, деб айтишади. Бизнинг вазифамиз обком, партиянинг Марказий Комитетини тозалашдир, сен бизни чакана харажатларимиз йўлини бекитма, ким ўғри , ким тўғрилигини биз ўзимиз биламиз”.
Мен бундай очиқча ҳаёсизликдан ажабландим ва ким шунақа дейди деб қизиқиб сўрадим .- Бу гапни менга шикоятим билан қабулида бўлганимда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Анишчев айтди. – Анишчев Владимир Петровичми? Марказий Комитетнинг иккинчи секретарими? – қайта сўрадим мен. – Ҳа,Анишчев Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари,мен унинг қабулида бўлганимда айтди. Менга ,транспорт бўлимининг бошлиғи сифатида ҳеч нарсасиз, ҳисобсиз маҳсулотларни машиналарда олиб чиқишни таклиф этишди.”
“Лаззат” кондитер фабрикаси эшикчиси(вахтёр аёл) билан суҳбатлаш
моқдамиз:
– Ташмачилар кўпми? – деб сўрадим ундан.- Кўпмасу, лекин бор, -деб айёрона жилмаяди у. – Ташмачилардан жазо олганлари ҳам борми? –Булар тўпдан қуш отадилар – деб жавоб берди Николай аёл ўрнига,- ҳа,тўпдан қуш отадилар. Тонналаб олиб чиқиб кетадилар – да, юлғичлик билан кураш олиб боряпмиз , дейиш учун икки-уч конфет билан қўлга тушириб, ишдан ҳайдашади.Уларнинг эса беш – олти нафардан болалари бор. Эшикчи аёл жилмаяди.
Ўтиш жойи деворида «Комсомольский прожектор” деворий газетаси осилган,
унда катта қизил ҳарфлар билан “Илғор пахта теримчилари” деб ёзилган.
Қуйироқда қора ҳарфлар билан”Қолоқ пахта теримчилари”деб ёзилган ва ҳар иккисида фамилиялар кўрсатилган. Ундан ҳам пастда, ишга мунтазам кечикиб келувчилар рўйхати.
Касаба уюшмаси хонаси.Катта ёзув столи ортида ўтирган киши устида Лениннинг портрети осиғлиқ. “Тушуняпсизми? Маъмуриятга ВТЭК хулосаси келган,биз тиббиёт комиссияси хулосасини бажаришга мажбурмиз – дейди касаба уюшмаси раҳбари- буни тушунасизми?”
«Николай лойиқ эмаслик асосида бўшатилган, шунинг учун ҳамма рутбаларга ёзаётибди.Унинг дастидан фабрикада ҳеч кимга тинчлик йўқ.
Текшириш кетидан текшириш.Ҳеч қандай айб топилмади”, – дейди парторг.
Диктор:”Республиканинг иккинчи кишиси қалқонинг бўлса, ким камчилигингни топа олади!Николайни кавушини штат ўйини бўйича тўғрилаб қўйишди ва касаба уюшмаси раиси ҳам партия ташкилоти секретари ҳам бир овоздан Ахрименкони шизофреник деб эълон қилдилар.Шу тариқа Ахрименко ҳақиқат излаб топаолмагач, “Бирлик”нинг фаолига айланди. Мажлислар ва митингларда сўзга чиқиб , партия-хўжалик мафиясини фош қилишга киришади. Бизнинг кўпчилигимиз каби калтакланиб, қамоқларга тушишга гирифтор қилинади”.
1989 йил 3 сентябр.Тошкент.Горкий боғининг ёзги кинотеатрида Қаҳрамон Ғуломов раислигида мунозара клубининг йиғилиши бўляпти. Юзтача киши йиғилган.Улар орасида Толиб Ёқубов,Абдурашит Қутбитдинов,Зиёдулла Зиёмов ва бошқа фаоллар ҳам бор.Абдуманноп Пўлатов тил ҳақидаги қонун лойиҳасига бағишлаб 10 сентябрда Ленин майдонида бўладиган митинг ҳақида эълон қилади.
Диктор: «Тил масаласида ўзаро ёвлашган партия-мафиоз гуруҳлари орасида келишмовчиликлар йўқдай кўринади. Икки томон ҳам иккитиллилик тарафдори эдилар.Икки томон ҳам ҳокимият ва пулга боғланмаган тушунчалардан йироқ эди.Мухолифат учун эса, ўзбек тилига давлат тили мақомини олиш маънавий қайта туғилишнинг асосий унсури эди”.
Стол устида «Бирлик”нинг низоми ва дастури рисоласи , ўзбек тилига бағишланган мунозарали мақолалар чоп этилган ва “Давлат тили ҳақидаги қонун”ни муҳокамасида фаол қатнашишга ундовчи чақириқлари ифода этилган “Бирлик”нинг қўлбола газетаси.
Диктор: «Ушбу ҳаяжонли мавзуни “Бирлик”нинг норасмий газетаси саҳифаларида муҳокама қилиш ва мунозара қилиш ўн минглаб кишиларни бирлаштирди”.
“Бор-йўғи бир ҳафта қолди. Имкон қадар кўпроқ одамга хабар бериш керак”, – деб бўғилади орденларини қаторлатиб тақиб олган уруш фахрийси.-Биз ўз маданиятимиз, она тилимиз ҳимоясига отланганмиз.Шунинг учун ҳам ҳамма митингга келиши шарт-деб унга қўшилади бошқа бир киши.
– Митингга биз ўз бошлиқларимизни ҳам таклиф қилишимиз ва чақириқ эълонларида уларнинг фамилияларини ҳам ёзиб қўйишимиз лозим, яъни фалончи раҳбарлар ҳам иштирок этади деган маънода, – деб давом эттиради фахрий мўйсафид.
Бир четда турган Зиёдулла Зиёмов бор овози билан : – Автобус парклари директорларига 10 сентябр куни вилоят аҳолисидан биронта ҳам кишини шаҳарга олиб кирмаслик ҳақида буйруқ берилган! – деди.
– Шунгаям баҳсми? – қизишиб кетди соқолли чол,- фақат ўзбек тили мақоми ҳақида қонун қабул қилинар экан, бунда бошқа миллатларнинг тил ҳуқуқларига зарар етмаслиги масаласини муҳокама қилишимиз ҳам керак…”
Тошкент кўчаси . Енгил автомашиналар, автобус, троллейбуслар зув-зув қатнамоқда. Ўтакларда қўлларида тўрва халталарини кўтариб, етишмовчилик муаммоларини зиммасига олиб елиб – югураётган пиёдалар шоша-пиша ҳаракат қиладилар.
Диктор: ”Шошиб қолган партия раҳбарияти митингдан бир неча кун олдин Ўзбекистон Компартияси Марказкомида ҳаракат фаолларини қабул қилиб,10 сентябрдаги митингда мухолифат муҳокама қилмоқчи бўлган барча масалаларни ҳукумат ижобий ҳал қилишини ваъда қилиб, митинг ўрнига “Бирлик” етакчилари телвидение орқали чиқиши таклиф қилинган эди”.

ЎЗБЕК ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ ВОҚЕАНОМАСИ
Кўрсатув: «Долзарб мавзў”. Кўрсатув бошловчиси Турсун Қоратоев думалоқ стол атрофида ўтирган Бирлик Марказий Кенгаши Ҳайъати аъзоларини бирма-бир таништириб чиқади: шоира Гулчеҳра Нуруллаева, олим Дамин Нарзиқулов, ёзувчи Зоҳир Аълам, журналистлар – Аҳмад Аъзам, Фахриддин Худойқулов ва Ҳаракатнинг раиси олим Абдураҳим Пўлатов.”Бирлик»нинг дастури, мақсади ва вазифалари ҳақида қатнашувчиларнинг ҳар бири билан қисқа суҳбат бўлиб ўтгандан сўнг, бошловчи кўрсатувнинг асл мақсади -бирликчилар билан телесуҳбат сабабига йўналтиради. Сўз Абдураҳим Пўлатовга берилади:
«Бугунги кунда республика раҳбариятига республика аҳволини биладиган, аҳолининг ачинарли ҳолатда эканлигини англайдиган, ҳалол ва виждонли кишилар келди.Улар биз билан диалог қилиш зарурлигини айтиб, биз томон қўл чўзмоқдалар. Бу бизни қувонтиради.Кўпчиликка маълумки, 10 сентябрда ўзбек тили мақоми ва Фарғона фожиасининг ечилмаган муаммоларига бағишланган юз минг кишилик митинг режалаштирилган эди.Аммо бугунги кунда вазият ўзгарди – туннелнинг нариги бошида нур кўрина бошлади ва биз 10 сентябрдаги митингни қолдиришга қарор қилдик. Шунинг учун телеэкран қаршисида ўтирган митингга келишни ўйлаб қўйган бизга хайрихоҳлар,”Бирлик” аъзолари ва фаолларига мурожаат қиламизки, митингни ўтказиш вақтинча қолдирилади”.
Диктор: “Шундай қилиб, 10 сентябрга режалаштирилган митинг қолдирилди.Моҳиятан айёр ва мағрур ҳокимият ўзининг бирон-бир ваъда,мажбуриятларини бажармади.Шунинг учун ўзини ҳокимият билан айнан деб болаларча ўйлаган “Бирлик”ҳам,ёзувчи-шоирлар ҳам Марказ гегемонлигига қарши курашда маҳаллий партия мафиясининг оддий бир қуроли эканлигини намойиш қилди”.
ВОҚЕАНОМА ОХИРИ
ЎЗ АРХИВИМДАН: 1989 йилнинг 24 сентябри.Тошкентнинг марказидамиз. Ленин метросидан чиқадиган жойда,майдоннинг қаршисида уч мингга яқин бирликчилар йиғилиб туришибди.Бу ерга вилоятлардан талабалар ва уларнинг Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги катта ёшли хайрихоҳлари тўпланишган. Худи шундай гуруҳлар Ўрдадаги Анҳор кўприги устида, Пахтакор стадиони томонидан келинадиган Анҳор кўпригида,Ўзбекистон кўчасининг Ленин музейи ва Тошкент меҳмонхонаси оралиғида,Милиция мактаби ёнидаги Навоий ва Ленин кўчалари тўқнашган жойида ҳам тўпланган бўлиб, уларнинг барчасининг йўли милиция томонидан тўсилган эди.Ўша пайтдаги жорий қонунга мувофиқ, митинг белгиланган кундан икки ҳафта олдин Тошшаҳар ижроқўмига тегишли ариза берилиб, 24 сентябрда Ленин майдонида митинг ўтказишга рухсат сўралган эди. Муҳокама қилинадиган масалалар кўрсатилиб, барча вилоятларга тарқатилган ҳам эди.Бироқ митинг ўтказишга бир кун қолганида ҳокимият рад жавобини берди ва бу ҳақда телевидение орқали эълон ҳам қилинди. Бу ерга йиғилганларнинг кўпчилиги рухсат этилмаган митингга келганлигини билмас эди. “Ленин майдони» метро бекатидан чиқиш жойи майдонга олиб келадиган бошқа барча кўчалар каби тўсиб қўйилди… Ленин кўчаси сариқ «Икарус”лардан ҳосил қилинган узун девор билан тўсилиб, Ленин майдонига ўтиладиган туннелни милиция ўраб олганди. Тротуарда милиционерлар қўлни қўлга бериб жонли занжир ҳосил қилиб турарди.Метрога киришдаги мармар бордюр устида икки нафар талаба “Ўзбек тилим-жону дилим” ёзувли транспарант кўтариб турибди. Келинг,митинга келганлар билан гаплашиб кўрайлик.
“Ўзбек тили муаммоларини ҳал қилишга ваъда берганларига ҳам уч ҳафта бўлди, – деб бошлади микробиология институтининг илмий ходими Муътабар Аҳмедова, – Биринчи сентябргача «Бирлик”ни рўйхатдан ўтказишни ваъда қилгандилар, аммо ҳануз рўйхатга олмадилар, ҳалигача банкда ҳисобимизни очишмади. Қачонгача қуруқ ваъдалар билан қорнимизни тўлдиришади?”
“Ҳамма нарсанинг холис –ҳалол ўлчови бўлиши керак, – дейди уруш ва меҳнат фахрийси Мадамин Султонов, – тўқсон фоиз турки тилли аҳоли нима учун ўн фоиз аҳоли кайфиятига қараб яшаши керак? Шу адолатданми? Нега биз ўз еримизда ҳурматга лойиқ эмасмиз? Нима учун биз ўз фикримизни баён эта олмаймиз?
Кўчанинг қарама-қарши томонида,”Икарус”лар орқасида ,Ленин ҳайкали фонида қўлларига қизил латта боғлаб олган дружинникларнинг узун сафи пайдо бўлди.Булар Чкалов номидаги Тошкент авиация заводининг рус тилли ишчилари эди. Уларнинг қаторида Ўзбекистон Компартияси Марказкомининг юқори мансабдорлари, КГБ ва ИИМ зобитлари.Уларга яқин жойда милиционерлар қуршовида Бирликнинг бир гуруҳ фаоллари ижроқўм амалдорлари билан нималарнидир тортишмоқда. Сал олдин ҳокимиятдагилар митинг ташкилотчиларидан йигирматача талабани қўлга олишган эди. Энди тезда уй-уйларига тарқалишни талаб қилишяпти.
”Асқар Абдуллаевсиз мен ҳеч нарсани ҳал қилолмайман, – деб жавоб беради “Бирлик”нинг ёшлар қаноти етакчисининг ўринбосари Шавқиддин Жўраев.
-Унга қараб катта амалдор:
– Биз кеча сизларни рухсат этилмаган митингга чиқманглар деб телевизор орқали огоҳлантирдик, – дейди.
– Одамларнинг ярми телевизор кўрмайди, бошқа бирлари масаланинг моҳиятини тушунмагандир, сизлар эса йўқ жойдан тўполон чиқаряпсиз. –
дейди Абдурахим Пулатов
– Биз сизларнинг кишиларингизга ижроқўмнинг рад этган қарорини топширдик.
– Бизнинг оммага тезда таъсир қила оладиган оммавий ахборот воситала
римиз йўқ-ку! – жавоб беради Абдураҳим Пўлатов.Унинг ёнида шоир Муҳаммад Солиҳ, физик Дамин Нарзиқулов, журналист Анвар Усмонов, композитор Зоҳид Ҳақназаров, ўқитувчи Маҳмуд Иноқов ва мухолифатни тазйиққа олганлар бошчиси Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси милиция полковниги Ураим Абдуганиевлар турарди.
– Митинг ман этилгани ҳақида нега ижроқўмнинг масъул кишиларидан бири эмас, айнан диктор гапиради? – қизишиб гапирди Пўлатов. –Қамалган талабаларни қўйиб юборишмагунича биз тарқалмаймиз!
– Қўйворамиз деб ваъда бердиларми, қўйворишади, – деб Муҳаммад Солиҳ Абдураҳимни тинчлантирмоқчи бўлади.
– Йўқ, қўйворишмайди, мен уларнинг гапига ишонмайман, – жавоб беради Абдураҳим.
-Менинг машинамда борамиз,- полковник Абдуғаниев талабаларни озод қилишга сўз беради, – Акс ҳолда бу ерда тўполон бўлади”.
Диктор: «Эҳтимол,мухолифатнинг энг обрўли икки кишиси: қизиққон Абдураҳим ва мулоҳазали Солиҳ ўртасида расман биринчи чиқишмаслик шу ерда қайд қилинган бўлса керак.Шу тарзда Бирлик халқ ҳаракатида илк дарз кетиш кузатилди.Бунинг замини эса фақат тактик хусусиятга эга бўлмай ,балки ғоявий зиддиятдан озуқланар эди.Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталаман…”
Метродан юз метрлар чамаси нарида дарахтлар панасида милициянинг сарғиш панжарали автобуслари яширинган эди.Улардан 1940 йил намунали пўлат дубулға кийган, резина калтак ва қалқон билан қуролланган махсус хизмат аскарлари мўралаб – мўралаб қўйишарди.Автобусларда ва яқин иморатлар томларида жосусчалар фотокамералар ва видеокамералар билан турарди.Оломон орасида махсус хизмат агентлари ва қулоқлари фуқаро кийимида изғишарди. Улар бу ёруғ ва очиқ юзли инсонлар жамоаси орасига сингиб кета олмайди, уларни бу ерга юборганларнинг ўзи каби булар ҳам бу ерда бегона.Уларни чўчиб турган олазарак кўзлари, тикилиб кузатувчи назаридан осонгина пайқаса бўлади.
Диктор:”Шу бугунги кундан бошлаб “Бирлик” партия-мафиоз гуруҳлар таъсиридан чиқа бошлайди ва унинг етакчилари пишиб ,маҳаллий ҳокимият ва халқнинг қадриятлар тизими ҳар хил эканлиги, манфаатлари қарама-қарши эканлигидай аччиқ ҳақиқатни тушуниб етадилар.
Ҳокимиятдагиларнинг барча ҳатти –ҳаракатлари , бошиданоқ, амалдорлар томонидан тайёрланган давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамасида аҳолини иштирок этдирмасликка қаратилган эди.
Нима билан тугашини кутиб турган минглаб одамлар милициялардан қурилган девор олдида қотиб турарди. Милиция девори ортида автобуслардан қурилган яна бир девор бор эди.Унинг ортида эса, авиация заводидан келган дружинниклар шай турарди. Буларнинг барчаси Ленин майдонидаги маҳаллий бюрократиянинг уяси – баланд бинода қарор топган ва жамланган ў т м и ш ни қўриқлар эдилар. Улар Ленин санамини , «Аврора” крейсерининг неон ёритгичли тасвири ва 1917 ёзуви билан безанган “Искра” кинотеатрини қўриқламоқда эдилар.
Диктор : Бу ерга тупланган инсонлар бизнинг бечора еримизда – ҳукмронлар доим ёлғон гапириб келган еримизда ҳам ошкоролик бўлармикин, деб сўрагани келишганди. Улар бу ерга Фарғона ва Қўқон ҳақида ҳақиқатни қурбонларнинг ўз оғзидан эшитишга келгандилар. Улар бу ерга пахта яккаҳокимлиги ситамлари, болалар меҳнати азоблари ҳақида дод дегани қадам кўйгандилар. Армиядаги окачилик(дедовшчина) ва аскарларимизнинг ўлдирилиши аламларини , миллий камситилиш хорликларини,бир бурда нонга зорликларини изҳор қилишга келгандилар. Тўғри ,орадан салгина вақт ўтиб ушбу қурбонталаб муаммоларни муҳокама қилишга тўғаноқ бўлганлар бир думалаб миллий ватанпарварлар қиёфасига кириб, анъанага мувофиқ тарихни қайта ёза бошлайдилар ва бунда улар ўзларини демократия, мустақиллик учун курашганлар ҳамда қайта қуришнинг илк қадамларини отган кишилардан деб уқтирадилар. Лекин жаноблар, ҳали кун ботиб, сизнинг тонгингиз отгани йўқ. Тарихни ғолиблар ёзадилар,бироқ сиз ғолиб эмассиз!”
БИРИНЧИ ФИЛМ ОХИРИ
Сценарий муаллифи: Абдулазиз Маҳмудов
Таржимон : Бахтиёр Исабек
www.yangidunyo.com

Det här inlägget postades i Uncategorized, Асарлар. Bokmärk permalänken.