Ўш воқеалари ҳақида ҳужжатли филм муаллифи милиция назоратида

Қирғизистон жанубида 1990 ва 2010-йилда юз берган этник можароларга бағишланган ”Ўтмиш ва келажак оралиғида” номли ҳужжатли филм муаллифи Абдулазиз Маҳмудов Тошкент шаҳар Миробод милицияси томонидан назорат остига олинган.

Бу ҳақда бугун кинорержиссёрни милиция идорасига суҳбат учун чақирган зобит маълум қилган.

Жаноб Маҳмудов суратга олган ҳужжатли фильмнинг Ўзбекистон ҳудудида намойиш қилиниши шу йил март ойида ”Ўзбеккино” Миллий Агентлиги томонидан тақиқлаб қўйилган эди.

”Ўтмиш ва келажак оралиғида” филмини кўрикдан ўтказган ”Ўзбеккино” мутасаддилари уни қайта ишлашни тавсия қилганлар.

Уларга кўра, ”нуқсонлар” мавжудлиги ва ўзбек томошабини учун ”хос эмаслиги” боис филм таъқиқлаб қўйилган.

Қарийб бир соатлик ҳужжатли филмда Қирғизистон жанубида юз берган қонли ҳодисалар юзасидан сиёсатчилар, экспертлар, тарихчилар ва мутахассислар фикри ўрин олган.
”Эркин матбуот”

Абдулазиз Маҳмудовнинг айтишича, айнан ”Ўзбеккино” экспертлари у олган филм борасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришган.

”Улар тегишли органларга ёзиб беришган. ”Шунақа-шунақа одам, шунақа кино қилди, бу бизинг сиёсатимизга нолойиқ, деган маънода ёзиб берганга ўхшайди. Шунинг учун шунақа ҳаракатлар бошланди,” – дейди кинорежиссёр.

Жаноб Маҳмудов сўзларига кўра, Миробод туман милицияси зобити шунингдек ундан нима учун ўзбек мухолифати ҳақида филмлар олганини сўраган.

”Бу менинг профессионал бурчим эди ва у пайти (90-йиллар) ҳар хил манбаларнинг мухбири эдим. Шунинг учун уларни суратга олганман, деб жавоб бердим” – дейди Абдулазиз Маҳмудов.

Кинорежиссёр Миробод туман милицияси томонидан рўйхатга олиниши борасида ҳозича ”бирор бир гап айтиш қийин” эканини билдирди.

”Менимча, кимдир ”буни жиловини тортиб қўйинглар,” деган маънода гапирганга ўхшайди. Ва Ўзбекистонда эркин матбуот умуман йўқлигининг исботида бу. Ҳаммаси ишканжада,” – дея илова қилади жаноб Маҳмудов.
”Махсус рўйхат”

Тошкентлик ҳуқуқбон Суҳроб Исмоилов кинорежиссёр ва милиция зобити учрашувида жаноб Маҳмудов вакили сифатида иштирок этган.

”Ким назоратга олиш ва рўйхатга қўйиш бўйича буйруқ берди, нима асосларга кўра, қайси ҳуқуқбузарликлар учун ва бу буйруқни қандай қилиб бекор қилса бўлади, деб қайта-қайта сўрасак ҳам, саволларимизга жавоб олмадик,” – дейди Суҳроб Исмоилов.

Унинг милиция зобити эътирофига иқтибосан айтишича, Ўзбекистондаги маълум шахслар учун махсус рўйхат мавжуд.

”Барча мухолифат фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари махсус рўйхатида турилар экан,” – дейди Суҳроб Исмоилов.

Би-би-си Абдулазиз Маҳмудов билан Миробод тумани ички ишлар идорасида бўлиб ўтган учрашув ҳақида сўради.

http://www.bbc.co.uk/uzbek

BBC

 

Det här inlägget postades i Интервъюлар. Bokmärk permalänken.