Фожеалар илдизини кўрдим…

Гулчеҳра Нуриллоҳ

Мен ўйлар эдим: нима учун 1990-йилги Ўш фожеалари ўзининг мисли кўрилмаган янги кўлами, даҳшати, қурбонлари билан орадан 20 йил ўтганидан кейин яна қайта такрорланди? Уни такрорлаган қирғизлар шу даражада ваҳшийми, ёвузми, ибтидоийми? Ёки уларнинг қандайдир “кўнгил торлари”ни жунбушга келтирувчи, миллий ҳиссиётларини қўзғовчи ташқи ва ички кучлар мавжудми? Мавжуд бўлса, кимлар улар? Бундайларга дўзах алангаси-ю бегуноҳ одамларнинг беадад оҳ-фарёди нима учун керак бўлиб қоляпти?

Ўйлар эдим-ку, лекин адоқсиз саволларимга жавоб – кўнгилларга таскин бўлувчи, ҳақиқатни ифодаловчи жавобларни бирин-сирин яратилаётган ижод намуналаридан топа олмасдим.

Яқинда истеъдодли ва маҳоратли киноҳужжатчи Абдулазиз МАҲМУДнинг “ЎТМИШ ВА КЕЛАЖАК ОРАЛИҒИДА” номли ҳужжатли киносини кўриб, енгил нафас олдим. “Бор экан-ку ҳақиқатнинг кўзига тик қарайдиганлар. Бор экан-ку фожеанинг илдизига ета биладиганлар!” деган фикр кўнглимни кўтарди, руҳимни тетиклаштирди, Фурқатнинг “Бу дунё ҳоли қолмас ҳеч қачон ақли расолардан” деган доно сатрини яна бир бор ёдга солди…

Лекин аввал бошдан айтиб қўяй: ушбу киноҳужжат айнан Қирғизистонда яшаётган ўзбеклар бошига кетма-кет тушган, мисли кўрилмаган фожеалар хусусидагина эмас. Негаки, бу сингари фожеаларнинг кўлами кенг – Ўшдан Тоғли Қорабоққача… Фарғонадан Грознийгача… Олмаотадан Тбилисигача… Тирасполдан Таллингача… Ушбу киноҳужжат Ўш, Ўзган, Бозорқўрғон фожеалари каби қатор-қатор даҳшатларнинг келиб чиқиш сабаблари борасидадир. Ҳар ҳолда менга ана шундай туюлди.

Тўғрисини айтмоқ керак: ушбу киноҳужжат “фожеа” деганда, тўп-тўп ўликларни, шашқатор кўз ёшларни, ёниб кул бўлаётган уй-жойларни, эс-хушни олгувчи дод-фарёдларни кўришга одатланган тамошабинлар қатлами учун мўлжалланмаган. Ушбу киноҳужжат ҳатто “Гапинг бўлса, лўнда қилиб айтгин-қўйгин-да” каби фикрларда бўладиган зиёлилар қатламига ҳам қаратилмаган. У – русларнинг улуғ ёзувчиси Достоевский асарлари каби ўта синчиков, кенг кўламли, тагфикрли ва ўз навбатида тамошабинни ҳам фикрлашга ундовчи ижод маҳсули! Унда киноҳужжат замиридаги ғоя хусусида кўпроқ одамлардан ҳам олдин кўча-куйлардаги лавҳалар, манзаралар тилга кираётгандай гўё. Улар нималар ҳақидадир сизга сўзлаётгандай, сизни фикрлашга, фожеалар илдизига боқишга ундаётгандай… Масалан, қайта-қайта “пппууууууп”лаб, одамларни ўзига чорлаётган бир неча вагончадан иборат паровоз… Парчаланган СССРдан кейин ҳам Москвадаги кўргазма комплекси ҳудудида аяб-асраб келинаётган Арманистон ва Қирғизистон павильонлари… Камера тез-тез нигоҳини қадаб турган Ленин ҳайкали… Нималарга ишора экан бу кабилар? Англаш қийин эмас чоғи… Фожеаларнинг кўпдан кўп илдизларига ишоралар эмасмикин? Бу кабиларга қўшимча одамлар ҳам тилга оляпти ўша “илдизлар”ни… Ана, Ўзбекистонда жабрланган турклар гапиряпти. Улар бўлажак тўпалонлардан ҳукуматнинг хабари бўла туриб, вақтида чора кўрмаганини, бу ходисаларнинг ҳаммаси юқоридан уюштирилганлигини, улар ўзбеклардан буни кутмаганликларини, бу фақатгина ҳукуматнинг изни билан амалга оширилганини таъкидлайдилар.

Киноҳужжат рус журналисти Юрий Рост 1990 йилда “Литературная газета”да қуйидагича ёзганини тилга олади: “Шафқатсизлиги жиҳатидан Ўш вилоятидаги воқеаларнинг муқобили йўқ. Бу – Қирғизистондан ўзбекларни сиқиб чиқаришга қаратилган режали акциядир. Қирғинларнинг ўта шафқатсизлиги қонхўрларни ҳар қандай жавобгарликдан озод этилганлигидан далолат беради”.

Журналистнинг бу интуитив хулосасини ушбу ҳужжатли кинода тилга олинган яна кўпгина фактлар ҳам тасдиқлайди. Шулардан иккитасини келтираман:

1). 1990 йилги Ўш-Ўзган фожеасидан кўп ўтмай Қирғизистон ҳукуматининг бошлиғи Апсамат Масалиевни КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюросининг аъзоси қилиб олишади, Ўш вилояти партия қўмитасининг котиби Усен Сиддиқов янада юқори лавозимга кўтарилади…

2). 1990 йилги Ўш қирғинини ўрганиш бўйича тузилган тергов гуруҳи раҳбари Владимир Калиниченконинг тергов хулосалари оммага ошкор этилишига изн берилмайди. У дейдики, “ҳақиқат айтилишини, адолат тикланишини исташмасди. Зеро, бу ходисаларнинг манбаи – ҳокимиятнинг энг юқори поғоналарида эди.”

“Ҳокимиятнинг энг юқори поғоналари” нима учун бундай кўйга тушганди? Бу ўзи қандай жамияту қандай тузум? Киноҳужжатнинг жуда катта қисми ана шу саволни таг томири билан очишга қаратилган. Бунинг учун толмас, изланувчан ижодкор Абдулазиз МАҲМУД жилд-жилд тарихий китобларни ўқигани, қанчадан-қанча архив ҳужжатларини кўздан кечиргани, минг-минг метр тарихий кинолавҳаларни назардан ўтказгани ҳеч кимга сир бўлмаса керак.

Жуда улкан тарихий миссияни бажарибди бу ижодкоримиз – ҳали ҳеч ким қўл урмаган жасоратли миссияни! Фожеалар илдизини бутун борлиғи билан, фактлар тили орқали кўрсата олибди у! Тасанно!

Бундай киноҳужжат, назаримда, ўзбек киночилигида биринчи бўлса керак. У – таҳсинга лойиқ ва жаҳон жамоатчилиги ҳукмига тақдим этилиши зарур бўлган ижод маҳсули.

Дунё билмоғи керак собиқ СССР деб аталган тузумнинг табиати-ю унинг ҳудудидаги фожеалар илдизи қаерлардан келиб чиқаётганини!

Дунё билмоғи керак фожеаларнинг ташаббускорларини! Йўқса, даҳшатлар такрорланаверади. Ушбу кинонинг ғояси ана шундай олийжаноб!

“Ўтмиш ва келажак оралиғида” деб номланган бу фильм нафақат Ўзбекистон давлатчилигини, ўзбеклар манфатини, Туркистонда яшаётган барча миллатларнинг ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Агар ”Ўзбек кино” расмийлари буларни тушунмаган бўлсалар айб Абдулазиздами?

Гулчеҳра НУРИЛЛОҲ.

www.yangidunyo.com

Det här inlägget postades i Абдулазиз Маҳмудов ҳақида. Bokmärk permalänken.