«Ўтмиш ва келажак оралиғида»

Ҳужжатли фильмнинг адабий нусхаси.

Муаллиф, продюсер ва режиссёр – оператор Абдулазиз Махмудов.

«Абдулазиз М» киностудияси махсулоти 2012 йил.

Иккинчи фильм

Москва. 2011- йилнинг августи. Бутун Россия кўргазмалар маркази. Оппоқ булутлар қоплаган зангори осмон остида СССР Халқлар дўстлигининг рамзи бўлган маҳобатли иншоот қад кўтариб турибди. Кўргазмалар марказига кираверишда, турфа рангдаги шарлар сотаётган Марказий Осиёдан келган гастербайтерларни кўрамиз. Россияда энг баланд ҳисобланган “Томоша чархпалаги” атрофида турли тоифадаги кишилар сайр қилиб юришибди. Маҳаллий аҳолидан ташқари, бу ерда хитойлик, жанубий кореялик, лотин америкалик туристларга кўзимиз тушади. Кичик фаввора атрофида бир-бирларининг сочларини турмаклаётган “панк”ларни кўрамиз. Майдон марказида эса ҳамон Ленин ҳайкали виқор тўкиб турибди. Ёдгорлик атрофида хитойлик туристлар суратга тушишмоқда. Уларнинг ёнидан ерли халқ эса бефарқ ўтмоқда. Бугунги авлод аксарияти учун, коммунизм ғоялари хеч қандай қийматга эга эмас.

Диктор: “Бу Бутунроссия Кўргазмалар Маркази, 20 йил аввал бу ерда СССР Халқ хўжалиги Ютуқлари Кўргазмаси жойлашган эди. Ҳозир давр бошқа, бошқа чеҳралар, бошқа ғоялар… Фақат ёдгорликларгина яқин ўтмишни эслатади. Бу ўтмиш катта авлодга мансуб инсонларнинг хотирасида ҳамон яшамоқда.”

Кўргазмалар комплексиинг марказида асосий обида ҳисобланган, ҳашаматли “Халқлар Дўстлиги” фаввораси жойлашган. Фавворанинг ички халқасида август қуёши остида олтиндай товланиб, СССРнинг иттифоқдош республикаларини ифодаловчи, 15 миллатга мансуб аёл суратидаги баҳайбат хайкаллар ўрнатилган. Ташқи айлана атрофида эса, иссиқдан паноҳ излаб, фавворадан пуркалаётган муздай сув эпкинида ўтирган зиёратчиларни кўрамиз. Фаввора саҳнида бир рус оиласи суратга тушмоқда.

Диктор – “Бу эса халқлар дўстлиги фаввораси. Бугун ҳам унинг атрофи гавжум. Илгари у пролетар байналмилаллиги ва СССР халқлари дўстлигининг рамзи эди. Лекин халқлараро дўстликдан фарқли ўлароқ, фаввора ҳанузгача аъло даражада сақланган.”

 

Экранда СССРнинг рамзлари ва жўғрофий харитаси кўринади. Унинг ўртасида эса, ўтган асрнинг 30-йилларида суратга олинган халқлар дўстлигига бағишлаган хроникал кадрлар намойиш этилади

Диктор – “Барбод бўлган давлатнинг байроғи, герби, харитаси. Халқлар дўстлиги ҳақидаги фильмдан лавҳа. Ташвиқотчилар халқлар дўстлигини, ана шундай байрамона ва осуда тасвирлар эди. У пайтлар оммавий қувғинлар ҳақида кинолар суратга олинмасди.”

Халқлар дўстлиги фаввораси ёнида эса, СССРнинг абадийлиги рамзи бўлган бино қад кўтарган. Бу баҳайбат бино фиръавн пирамидаси услубида қурилган бўлиб, бинонинг биринчи қаватини 10та йўғон-йўғон бетон устун кўтариб турибди. Пештоғида эса, 15 иттифоқдош республиканинг герблари акс эттирилган. Уларнинг тепасида 15та бронзадан ясалган байроқ қотиб турибди. Композиция марказида СССР байроғи ва герби жойлашган. Бинонинг ундан юқоридаги қисмида эса, 8та устунга жойлашган катак саҳннинг бурчакларида эркак ва аёл ишчи-деҳқонлар хайкаллари ўрнатилган. Энг тепадаги қисми эса, тўрт устундан иборат бўлиб, унинг бурчакларига СССР байроғи ўрнатилган. Ва ниҳоят бинонинг энг тепасидаги найзасимон чўққисида эса, оппоқ булутлар ва зангори осмон фонида, буғдой бошоқлари устига ўрнатилган чарақлаб турган беш юлдузни кўрамиз.

Диктор – “Бу маҳобатли иншоот СССР халқлари дўстлиги абадийлиги ва бузилмаслигининг рамзи эди.”

Кўргазма комплекси ҳудудида жойлашган кўп сонли ошхоналардан бири. Бу ерда бир гуруҳ Марказий Осиёликлар тамадди қилиб ўтиришибди. Ошхона яқинидан гастербайтерлар бошқарувидаги башанг безатилган карета ўтиб кетмоқда. Шу аснода, камерамиз қаршисидан “Пппууууууп”деган овоз чиқариб зиёратчиларни сайр қилдириб юрган бир неча вагончадан иборат паровоз ўтиб кетяпти.

Диктор – “Мана бу одамлар – собиқ иттифоқчи республикаларнинг фуқаролари. Улар бу ерда ишлайдилар.”

СССР давридан кейин ҳам аяб-асраб келинаётган Арманистон ва Қирғизистон павильонлари ёнидан зиёратчилар тўдаси ўтмоқда. Бу ерга ўрнатилган қирғиз ўтови пештоғига “Қирғиз республикаси савдо-кўргазма марказига хуш келибсиз!”- деган ёзув илинган. Қирғиз павильонининг асосий биноси олдида Қирғизистон байроғи ҳилпираб турибди.

Диктор – “Бугун бу ерда Россия билан дўстлиги синовдан ўтган мамлакатларнинггина павильонлари сақланиб қолган. Айрим қўшни давлатлар эса, бир-бирлари билан дўстона муносабат ўрната олмадилар.”

Шом. “Томоша чархпалаги”тепасидан туриб умумий планда суратга олинган кўргазмалар маркази фонида “ЭТНИК МИЛЛАТЧИЛИК” деган ёзув пайдо бўлади.
Кадрда СССРнинг жўғрофий харитаси кўринади. Ва харита секин-аста қизил тусга кира бошлайди. Харитадаги Таллин, Вильнюс, Рига, Киев, Минск, Ленинград, Москва, Кишинёв, Тирасполь, Грозний, Батуми, Цхинвал, Тбилиси, Ереван, Сумгаит, Степанакерт, Боку, Ходжайли, Тошкент, Олма-ота, Ўзган, Ўш шаҳарлари тўполонлардан дарак бераётгандай, ёниб-ўчади.

Диктор – “Ўтган асрнинг 80-йиллари ўртасида СССРда демократик ўзгаришлар бошланиши билан сохта “халқлар дўстлиги” тўзиб кетди. Кўплаб минтақаларда оммавий тартибсизликлар ва миллатлараро низолар юзага чиқди. Биринчилар қаторида Кавказорти Республикалари жунбушга келди.”

Камера харитадаги Кавказорти ҳудудига яқинлашади. Степанакерт ва Боку оралиғидан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кечган уруш тасвирлари акс этган хроникал лавҳа чиқиб келади. Кадрда қўлига қурол олиб, жангга отланаётган кишилар, ёнаётган уйлар, ярадор ва ҳалок бўлган инсонлар тасвирланган. Шу билан бирга,харбий қисмлар, ўт очаётган танклар, замбараклар ва осмондаги вертолетлар ўзаро содир бўлган даҳшатли урушни ифодалайди. Қўлларида тугун ва ёш болаларни кўтариб олган, бошпанасиз қолган, қалби яраланган қариялар, аёллардан иборат, йўлларни лиқ тўлдирган қочқинлар кўринади.

Диктор – “Тоғли Қорабоғ худуди учун Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кечган қонли урушда ўн минглаб инсонларнинг ҳаёти барбод бўлди. Юз минглаб инсонлар яраланди, ногирон бўлди ва азалдан яшаб келган ерларидан қувилди. Уруш Тоғли Қорабоғ муаммосини ечиб беролмади.”

СССР харитаси ўрнини Ўзбекистон ССР харитаси эгаллайди. Ва йирик шрифтда 1989 йил ёзуви чиқади. Фарғона вилояти 4-9 июнь кунлари. Ёқиб юборилган уйлар, ҳалок бўлган туркларнинг жасадлари, Фарғона аэропорти яқинидаги қочқинлар лагери, қурбонларни кўмиш жараёни ва фиғон кўтараётган кишиларнинг суратлари харита ичидан чиқариб кўрсатилади.

Диктор – “1989 йилнинг июнида Фарғона вилоятида месхети туркларининг оммавий қирғини юз берди. Партия йўлбошчиси бўлган Рафиқ Нишонов “зиддият маҳаллий бозорда қулупнай туфайли келиб чиққан, деб эълон қилди.”

Кўрсатилган кадрлар фонида партия йўлбошчиси бўлган Рафиқ Нишоновнинг сурати чиқиб келади. ИЛ-76 самолётларида туркларнинг оммавий тарзда Ўзбекистонни тарк этаётгани кўрсатилади.

Диктор – “Бундай фожеалар бекордан бекорга содир бўлмайди. Месхети туркларининг ўз фуқаролик ҳуқуқлари учун курашлари асносида ўзбек ва турк ёшлари орасида жанжал ва оммавий муштлашувлар содир бўла бошлаганди. Ҳокимият эса лоқайд эди.”

Жабрланган туркларнинг гаплари берилади. Улар бўлажак тўполондан ҳукуматнинг хабари бўла туриб, вақтида чора кўрмаганини, бу ҳодисаларнинг ҳаммаси юқоридан уюштирилганлигини, улар ўзбеклардан буни кутмаганликларини, бу фақатгина ҳукуматнинг изни билан амалга оширилганини таъкидлайдилар. Уларга ота-боболари яшаган Месхетияни беришни талаб қиладилар.

Диктор – “Гуржистондан бир вақтлар сургун этилган бу жафокаш халқ яна қувғинга учради.”

Ўзбекистон ССР харитаси ўрнини, Қирғизистон ССР харитаси эгаллайди. Энди йирик шрифтда 1990 йил ёзуви чиқади. Харитада Ўш, Ўзган ва Жалолобод шаҳарлари ажратиб кўрсатилган. 1990 йил 4-6-июнь кунлари Жанубий Қирғизистонда юз берган ўзбекларга қарши оммавий қирғин акс эттирилган, ўша пайтдаги “Московские новости”, “Труд”, “Комсомольская правда” газеталарида чоп этилган мақолалар ҳамда жабрланганларнинг фототасвирлари ва Қирғизистон ҳукуматининг қарорлари кўрсатилади. Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Апсамат Масалиев сурати пайдо бўлади.

Диктор – “Бир йилдан сўнг Жанубий Қирғизистонда ўзбекларга қарши оммавий қирғин бошланди. Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Апсамат Масалиев зўравонликнинг сабаби колхозлар ерига эгалик борасидаги низо, деб кўрсатди.”

18-июнда Ўзган туман партия қўмитасига Апсамат Масалиев келганида, Ленин майдонида ўзбеклар уюштирган намойиш. Камера, қирғиндан талофот кўрган ва намойишга йиғилган жабрланган ўзбеклар оммасини кўрсатишдан оҳиста ўрта планда Лениннинг хайкалига қаратилади . Жабрланган ўзбек аёли босқинчи қирғизлар унинг эрини тириклайин ёқиб юборишганини чуқур изтиробда гапириб беради. Яна бир ўзбек аёлининг интервьюсида шунга ўхшаш фожиа ошкор этилади. Ўзбек оналарининг нолаю-афғони тасвирлари берилади.

Диктор – “Ўзган партия қўмитаси биноси олдида ўзбеклар намойиш уюштирмоқда.”

Аскарлар туман партия қўмитасини намойишчилардан қўриқлашаяпти. Намойишчилар қўлларида қирғин уюштирувчилари бўлмиш туман раҳбарлари – “Нацист Асанов, Боромбаева, Карашов ва Эргашевларга ўлим!” – деган ёзувларни кўтариб туришибди. Йирик планда “5-июнь фожеасини, ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди” ёзуви берилади. Ва бу ёзувни кўтариб турган икки ўзбек аёли – “Қирғизлар босқинчи, қирғизлар билан ярашишни хоҳламаймиз!” – дея хитоб қилишмоқда. “Литературная газета” да чоп этилган, журналист Юрий Ростнинг “Колокол по тем, кто пока жив” (Тирикларга чалинган қўнғироқ) номли мақоласи кўрсатилади. Сўнг Юрий Ростнинг сурати чиқиб келади.

Диктор – “Воқелар шоҳиди Юрий Рост “Литературная газета”да қуйидагича ёзганди – «Шафқатсизлиги жиҳатидан Ўш вилоятидаги воқеаларнинг муқобили йўқ” бу “Қирғизистондан ўзбекларни сиқиб чиқаришига қаратилган режали акциядир”. “Қирғинларнинг ўта шафқатсизлиги қонхўрларни ҳар қандай жавобгарликдан озод этилганлигидан далолат беради”- деб таъкидлайди журналист.”

Москва. 2011-йилнинг августи. “Новая газета” таҳририяти, журналист Юрий Рост билан суҳбат.
Юрий Рост воқеалар ҳақида шундай дейди: «Қотиллик ҳеч қачон жазосиз қолмайди! Бу мамлакатга сингишиб у билан яхлитлаша олмаган давлат тузилмасига сезилмаслиги мумкин, аммо инсоннинг ўзи ва атрофидагилар пайқамай қолиши мумкин эмас. Табиат ўз- ўзини ҳимоя қилади, азалий қонунларни поймол этганларни аяб ўтирмайди. Қонунлар шундайки, инсонга ҳаётни сен ато этмагансан ва уни ҳаётдан маҳрум этишга ҳам ҳаққинг йўқ. Бирор инсоннинг қандай яшаётгани сенга ёқадими, ёқмайдими – у билан келишиб яшайсан, бошқа йўл йўқ!»
Москва. Йирик планда Кремл мажлислар зали гумбазидаги Россия байроғи ҳилпираб турибди. Қизил майдондан тўда-тўда одамлар ўтмоқда. Кимдир суратга тушяпти, кимдир экскурсоводнинг ҳикоясини тингламоқда, яна кимдир Ленин мавзолейини томоша қилмоқда. Кремл чўққисига ўрнатилган ёқутдан ясалган беш қиррали юлдуз ва унинг остидаги курант соатлари. Япон туристлари гуруҳи Кремл фонида суратга тушишмоқда. Пирамида услубида қурилган, Лениннинг мумиёланган жасади сақланадиган мавзолейга, тўда-тўда бўлиб кираётган, Жанубий-Шарқий Осиёлик туристларнинг тасвирини кўрамиз. Йигирма йил вақт ўтганига қарамасдан, бу ерда собиқ Совет Иттифоқининг нафаси уфуриб турибди. Энди мавзолей остонасида аввалгидай дабдабали фахрий қоровуллар йўқ. Уларнинг ўрнига, соддагина ФСБ назоратчиси турибди. Коммунистлар фираъвнининг жасадини томоша қилиб чиққан туристлар, Кремль девори га дафн этилган большевик доҳийлар қабристони бўйлаб юриб, Сталин хайкалини томоша қилишяпти.

Диктор – “1990-нчи йилги Ўш қирғинидан сўнг 20 йилдан зиёд вақт ўтди. Бугун иттифоқдош республикалар, шу жумладан Россия ҳам, суверен давлатлардир. Бирлари мустақиллик юбилейини тантанали равишда нишонлашди, бошқалари нишонлашмоқда. Аслида, бир жойга йиғилиб эришилган натижалардан хулоса чиқариш учун асос бордай, афсуски, дўстлаша олмаяптилар.”

Москва 1990 йилнинг 10-сентябри. Кремль Съездлар Саройида СССР Олий Кенгашиниг сессияси бўлиб ўтаяпти. Президиумда М.Горбачев ўтирипти. Кремл ёнига ўрнатилган чодирлар шаҳарчаси. Бу ерда очлик эълон қилган Ўш,Ўзган қурбонларининг яқинлари ҳамда “Бирлик” халқ ҳаракати фаоллари ўтиришибди. Олий кенгаш мажлислар залидаги 3-микрофон орқали ўзбекистонлик депутат Ахмаджон Мухторов нутқ сўзлаяпти. Қизил Майдонда жойлашган Тарих музейи ёнида қўлларида шиорлар ва чақириқлар кўтарган, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари туришибди. Уларнинг қўлларидаги: “Ўш қирғинидаги, минглаб болалар, қариялар ва аёлларнинг ўлимига ким жавоб беради!” “Қирғизистон раҳбар лари суд этилсин!”, “Йўқолсин большевик хонликларнинг қўғирчоқ ҳукуматлари!”, “Ўшдаги геноцидга чек қўйилсин!” ҳамда “ Ўзбекистон ва Қирғизистонинг қўғирчоқ депутатлари йўқолсин!” – чақириқлари йирик планларда кўрсатилади. Пикетчилар ёнидан СССР Халқ депутати Владимир Одилов, Тўлепберген Қаипбергенов ва Ўлжас Сулейменовлар ўтиб боришяпти. Тириклайин ёқиб юборилган, отиб ўлдирилган ва бошқа ваҳшийликлар туфайли халок бўлган ёш болалар, қариялар, аёлларнинг суратларини намойишчилар депутатларга кўрсатиб улардан жавоб исташмоқда.

Диктор – “1990 йилнинг сентябри. Кремлда СССР Олий Кенгашининг навбатдаги сессияси бўляпти. Қирғинда жабрланганлар ва Ўзбекистоннинг мухолифати Халқ депутатларини пикет қилишмоқда. Улар Қирғизистон жанубида содир этилган геноцид масаласини мажлис кун тартибига киритишни, фожеага сиёсий баҳо берилишини, мустақил текширувлар ўтказилишини ва жиноятчилар жазоланишини талаб қилмоқдалар.”

Қирғистоннинг собиқ президенти Аскар Акаевнинг сурати пайдо бўлади.

Диктор – “Қирғизистоннинг собиқ Президенти Асқар Ақаев РБК журналига берган интервьюсида шундай дейди: Сабаб ҳамиша битта – ҳокимият учун кураш… Ўш вилоят партия қўмитаси котиби Усен Сиддиқов миллатчилик кайфиятидаги қирғиз ёшларига, сайловларда унга овоз беришлари эвазига, ўзбекларга тегишли ерларни ваъда қилган… Табиийки, ўзбеклар норози бўлдилар, қирғизлар эса ўн минглаб одамларни тўплаб, ҳужумга ўтдилар. Милиция аралашди, отишма бошланди. Икки минг инсоннинг ҳаётига зомин бўлган низо шу тариқа бошланганди.”

Кадрда Ўш ва Ўзган шаҳарлари кўчаларидаги блокпостлар. Бронотранспо тёрлар, танклар ва ерли аҳолини паспорт текширувидан ўтказаётган аскарлар.

Диктор – “Айнан ҳарбий қўшинларнинг аралашуви туфайли зўравонликнинг янада авж олишига йўл қўйилмади. Ўшга СССР Бош Прокуратурасининг тергов гуруҳи йўлланди.”

Москва. 2011-йилнинг августи. Юқори нуқтадан суратга олинган, ривожланаётган Россиянинг рамзи – Москва Сити комплексининг осмонўпар бинолари. Бутунроссия Кўргазмалар марказида жойлашган “Балиқчилар қишлоқчаси”даги ошхоналардан бири. 1990-йилги Ўш қирғинини ўрганиш бўйича тузилган тергов гуруҳи раҳбари (1979-1991 йиллар давомида СССР Бош Прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича бош терговчиси вазифасида фаолият юритган) Владимир Калиниченко билан суҳбатдан парча.
1990-йил 4-6 июнь воқеалари ҳақида Владимир Калиниченко шундай дейди: « Ҳақиқат айтилишини, адолат тикланишини исташмасди.Зеро бу ҳодисаларнинг манбаи ҳокимиятнинг энг юқори поғоналарида эди. Шунинг учун ўзаро бир-бирини айблашларга йўл бериларди. Ҳолбуки, бу очиқчасига ўзбекларга қарши қаратилган акция эди, бу ҳақда рўй-рост айтилиши керак эди. Мен ҳодисани борича айтайлик, десам, йўқ, сен бу ишинг билан миллатлараро низоларни авж олдирасан, дейишарди».

Москва шаҳрининг умумий манзарасида шитоб билан кетиб бораётган поезд. Пойтахтнинг Кузминка тумани марказида пойига гуллар қўйилган Ленин хайкали теварагида, катта авлодга мансуб инсонлар сайр қилиб юришибди. Кўчалар турфа миллатли одамлар билан гавжум. Бу ерда бетон ишлари билан банд гастербайтерлар ҳам бор.

Диктор – “Нега Москва қонхўрликнинг ташкилотчиларини жазолашни истамади? Бу низолар юқоридан режалаштирилган, деган гап тасодифий эмас. Оммага ошкор қилмасдан жазолаш ҳам мумкин эди. Ахир ортда ГУЛАГтажрибаси ва қатағон уюштириш малакаси катта эди.”

Москва. 2011-йилнинг августи. «Правое дело» партиясининг собиқ ҳамраиси, Леонид Гозман билан бўлган суҳбатдан парча.

Леонид Гозман Ўш қирғини ҳақида шундай дейди: «Биринчидан, Совет Иттифоқининг раҳбарларини инсон масаласининг ўзи умуман қизиқтирмасди, уларнинг фожиаларга муносабатлари фақат ўз ҳокимиятига хавф солиш–солмаслиги билан ўлчанар эди. Улар бу воқеаларнинг ташкилотчилари билан жанжал чиқса вужудга келадиган тарангликлар ҳокимиятимизга хавф солади, деб ҳисоблаганликлари учун уларни жазолашга ҳаракат ҳам қилмадилар. Иккинчиси, энг муҳими! Совет Иттифоқи бу пайтда емирилиб бўлган эди ва раҳбарларда боршқарув мадори қолмаганди, уларда қудрат бор эди, дейиш эса хом хаёлдир, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмай қолганди».

Оппоқ булутлар ва зангори осмон. Кремл миноралари ҳамда узоқдан кўринаётган Покровский черковининг тилларанг гумбазлари. Кремль девори остидан оқиб ўтаётган Москва дарёсида йўловчи теплоходлар сузиб юришипти. Бу теплоходларда пойтахт меҳмонлари сайр этмоқда.

Диктор – “Агар бу ходисалардан сўнг Апсамат Масалиевни Марказий Қўмита Сиёсий Бюроси аъзоси қилиб олишмаганда, Ўш вилоят партия қўмитаси котиби Усен Сиддиқов янада юқорига кўтарилмаганда эди, бу фикрга қўшилса бўларди.”

Кўп ўтмай теплоходлар Москва дарёсининг нариги соҳилида жойлашган Исо Масиҳ Эҳроми рўпарасидаги бекатда, “Пупппууууп” деб тўхташади.

Диктор – “Бугун барча постсовет мамлакатлари демократияни танлаганликларини эълон қилдилар. Қирғизистонга “демократия оролчаси” номи берилди. Москвада қайтадан тикланган Исо Масиҳ Эҳроми эса, маънавий тикланаётган Россиянинг янги рамзига айланди.”

Москвада марказий эҳром ҳисобланган Исо Масиҳ Эҳроми умумий планда кўрсатилади. Эҳром Москванинг собиқ мэри Юрий Лужков даврида янги рус бойлари пулига қурилган. Бино тўртбурчакли бўлиб, унинг тўрттала бурчагига ҳам кичик-кичик миноралар ўрнатилган. Ҳар бир минора сапсариқ тилларанг гумбазга эга. Эҳромнинг гумбазлари ўртасида эса, бош гумбазни кўрамиз. Барча гумбазлар чўққисида чарақлаб турган хочлар бор. Зангори осмон билан уйғунлашган бош гумбазнинг дабдабали хочи, йирик планда кўрсатилади. Эҳромнинг ички деворларида эса, иконалар сурати, пештоқидаги нақшинкор безаклар ҳамда улкан осма чироқларни кўрамиз. Эҳромнинг ертўласида жойлашган маросимлар залида никоҳдан ўтаётган келин-куёв, уларнинг қариндошлари ва ёшларни никоҳлаётган черков руҳонийларини кўрамиз.

Диктор – “Советлар қулаганидан кейин туғилган авлод ҳам никоҳ ёшига етди. Қирғизистонда Совет ҳокимияти содир этган жиноятларни титкиламасак ҳам бўларди …”

Экранга Қирғиз республикасининг янги харитаси чиқади. Хаританинг энг юқорисида АҚШнинг “Манас” ва Россиянинг “Кант” ҳарбий базалари кўрсатилган. Композиция марказида Қирғизистон байроғи. Ва Ўш, Жалолобод, Ўзган шахарларининг ўт ичида қолгани акс эттирилган. Йирик ширифтда 2010 йил ёзуви чиқади.
Диктор – “Кошки, “демократия оролчаси”да яна навбатдаги давлат тўнтариши бўлмаса, бу тўнтариш кетидан Ўш, Жалолобод, Бозорқўрғон ва бошқа ерлардаги ўзбекларга нисбатан янгидан қирғин бошланмаганда эди!”
Қирғизистоннинг аланга ичидаги байроғи, камерага яқинлаша бошлайди ва бутун экранни эгаллайди. Тасвирда қирғиз босқинчиларининг хужумга ўтаётгани, ўзбек махаллаларига бостириб кираётгани, ўзбек аёлларининг изтиробли қиёфалари, деворларга ва кўчаларга ёзилган “SOS” ёзувларининг суратлари, кетма-кет пайдо бўла бошлайди. Энг ачинарлиси, юзларида ғолибона табассум билан қирғиз харбийлари бронетехникалар устида тиржайиб туришибди.

Диктор – “2010 йил июнида 1990 йил июнидаги ўзбекларни қирғин қилиш сценарийси айнан такрорланди. Фақат қурбонлар сони, қонхўрликлар ва ваҳшийликлар даҳшатли тус олди.”

Сўнг суратлар кетма-кетлиги яна давом этиб, жабрланган ўзбеклар, уларнинг вайрон этилган уйлари, босқинчиларнинг жазава ҳолати ва ҳарбийларнинг қирғизлар қўли баланд келаётганлигидан мамнун ҳолда, шаҳар кўчасидан танкда ўтиб кетаётгани кўрсатилади. Қирғизлардан иборат оломон, Қирғиз республикаси байроғини кўтариб турибди. Ҳалок бўлганлар жасади, қабристонда жасадларнинг дафн этилишида иштирок этаётган юзлаб инсонлар, юзлаб қабрлар. Ёндирилган уйлар харобасида 3-5 ёшли болалар жасадлари. Кўчларда ёниб кул бўлган машиналар. Қирғинларга алоқадорликда айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг панжара ортидаги сурати. Юқоридан кўрсатилган планда, ёппасига вайрон этилган, ёқиб юборилган ўзбек маҳалласи.

Диктор – “Мустақил манбаларнинг маълумотларига қараганда, минглаб инсонлар ўлдирилган. Ўн минглаб кишилар ярадор ва ногирон бўлганлар. Юз минглаб одамлар бошпанасиз ва сариқ чақасиз қолишди.”

Ўзбекистон ва Қирғиз республикаси чегараси орасига тортилган тиканли сим олдида ўзбек онахони икки невараси ва келини билан ўтирибди. Чегарада қирғинлардан паноҳ истаб, Ўзбекистонга юкуниб келган минглаб қочоқлар ва уларга ёрдам қўлини чўзаётган ўзбек чегарачиларни кўрамиз. Қочқинлар Ўзбекистон ҳудудига қабул қилиняпти. Москвада, ҳукумат уйи олдида Қирғизистон фуқаролари намойиш уюштиришмоқда.

Диктор – “Ўзбекистон юз мингдан зиёд қочқинни қабул қилди, аммо уч кундан сўнг улар азалий ватанига қайтарилди. Лекин ўзбекларни сиқиб чиқариш акцияси барбод бўлдимикан?!”

Қирғизистон байроғининг марказидан, ўзбек оналарининг жаҳон ҳамжамиятига қараб турган илтижоли нигоҳи мухрланган сурат чиқиб кела бошлайди.

Диктор – “Қирғизистоннинг фуқаролари Россия ҳукуматига мурожаат қилмоқдалар. Жаҳон жамоатчилигига юзланмоқдалар.”

Москва. 2011 йил августи. Кўчалар хар доимгидек серқатнов. Йўл четида эса, дам олиб турган гастербайтерлар. Машиналар Минск шоссесида жойлашган Янги Москва масжиди томон ҳаракатланмоқдалар. Масжиднинг осмонга бўй чўзиб турган улкан минораси.

Диктор – “ Айни шу пайтда Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити бўлаётган эди. Аммо, Ўш фожеасига эътибор берилмади. Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбари бўлиб турган Остона ҳам ташвишланмади.”

Россия Мусулмонлари Диний Идораси Раисининг Биринчи ўринбосари Ҳазрат Дамир Мухитдинов билан суҳбат. Унинг суҳбати давомида йирик планда масжид имом-хатиби, ибодат қилаётган оддий кишилар, мусулмонлик рамзи бўлмиш “Ярим ой” ва умумий планда масжид фонидаги осмонўпар бинолар кўрсатилади.
Ҳазрат Дамир Мухитдинов шундай деди: «Бирор бир миссия, на ЕХҲТ(Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти), на БМТ(Бирлашган Миллатлар Ташкилоти), на бошқа бир диний арбоблар ўша кунларда ўзбек жамоаси, ўзбек маҳалласи орасига бормадилар, биз бордик ва кўрдик, тингладик, ўзбек оналарининг улкан қайғусига қўшилиб йиғладик. Балки, хатони биз руҳонийлардан излашимиз керакдир, бизнинг уламоларимиз яхши ишламаётгандирлар, исломнинг инсонпарварлик тамойилларини мамлакатларимизнинг барча аҳолисига, барча тақво аҳлига етказа олмадик. Ахир Аллоҳнинг расули исломнинг миллатустун дин эканлигини исботлаган эди. Ислом – ота ва оналаримизнинг дини, у тор миллий манфаатлардан юқоридир. Албатта, мусулмон бўла туриб ҳам, биз ўз миллий илдизларимизни, анъаналаримизни унутмаслигимиз керак. Ҳар бир халқ ўз она тилини ўрганишга, эҳтимол, ўз халқи маданиятини ўз фарзандлари ва набираларига етказиб бериш учун ўз мухториятига ҳам эга бўлишга ҳақлидир».
Экранга йирик планда, Қирғизистон Муваққат ҳукумати раҳбари Роза Отунбаеванинг сурати билан биргаликда “ОБСЕ- Астана-2010” ёзуви ,Остонанинг умумий кўриниши ҳамда ОБСЕнинг ўша пайтдаги раиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазири суратлари пайдо бўлади. Сўнг, фожеаларни ўрганиш бўйича тузилган Халқаро комиссия раиси фин дипломати, доктор Киммо Кильюнен сурати чиқиб келади.

Диктор – “Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаеванинг Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига мурожаатидан сўнг ташкилот парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили, фин дипломати, доктор Киммо Кильюнен бошчилигида Фожеаларни ўрганиш бўйича Халқаро комиссия тузилди.”

2011-йил май. Бишкекдаги марказий майдонлардан бири, гўё хеч қандай қирғин юз бермагандай, фавворалар бир маромда ишлаб турибди. Унинг атрофида эса, маҳаллий аҳоли хотиржам сайр қилиб юрибди. Айни чоғда, Халқаро комиссия хулосалари эълон қилинаётган мажлис трибунасида ўтирган Киммо Кльюнен сурати чиқиб келади. Ва бирин-кетин Қирғиз парламенти, Роза Отунбаева йирик планда, Бишкек марказида ҳанузгача виқор билан қўл кўтариб турган, Лениннинг ҳайбатли ҳайкали намойиш этилади.

Диктор – “2011 йилнинг май ойида комиссия хулосалари эълон қилинди. Унга кўра: «инсонийликка қарши жиноят содир этилган, зўравонликлар ва одамларнинг ўлими учун Муваққат ҳукумат айбдор. Куч ишлатар тизимлар низога аралашиб кетганлар ва зўравонларга қурол тарқатганлар. Қирғиз полицияси эса бир томоннигина очиқчасига қўллаб-қувватлаган».”

2011 йилнинг августи. Москвадаги “Измайлов” истироҳат боғи марказидаги хиёбондан Киммо Кильюненнинг камера томон юриб келяпти. Йирик планда унинг ташвишли қиёфаси кўринади.

Диктор – “Комиссия хулосаларини мушоҳада этиш ўрнига, Қирғиз ҳукумати комиссияни бирёқламаликда айблади, Киммо Кильюненни эса персона НОН ГРАТА деб эълон қилди.”

Москвадаги “Измайлов” боғидаги сунъий кўл бўйида Киммо Кильюнен билан бўлган суҳбатдан парча.
Киммо Кильюнен воқеалар ҳақида шундай дейди: «Мен тушунмадим, мутлақо тушуна олмадим! Қирғизистонда персона нон-грата эмишман! Бу мамлакатни яхши кўраман! Мен Қирғизистоннинг дўстиман! Мен бу мамлакатда кўп йиллар ишлаганман. Бу ерда дўстларим кўп, ҳатто парламентдаги кўплаб депутатларни танийман – улар менинг яхши дўстларим эди. Бу яна қанақаси бўлди?.. Мен келажакда ҳам бу мамлакатга ёрдам беришни истардим. Агар ярашув жараёни жиддий бошланса, ҳамкорлик қилишим мумкин, ҳозир эса бунинг иложи йўқ! Афсус!»
Боғ ҳудудида бунёд этилган сунъий кўлда, қаердадир оммавий қирғин рўй бергани, унинг натижасида минглаб одамлар ўлдирилгани ҳақидаги фикрлардан жуда узоқ ерли аҳоли қайиқларда сузиб юришипти.

Диктор – “Бишкек қирғиннинг айбдорлари сифатида ўзбекларнинг ўзини кўрсатди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишларича,энди қирғинлар қонуний тус олди.”

1990-йилги Ўш қирғинини ўрганиш гуруҳи бош терговчиси Владимир Калиниченко билан бўлган суҳбатнинг давоми.
Владимир Калиниченко шундай дейди: -2 «Агар ўшанда масалага чек қўйилганида эди, фожеалар нега юз берганлиги борасида бор ҳақиқат айтилганида эди, ўйлайманки, бу воқеалар такрорланмасди. Бугун нимадан қўрқамиз? Ўзимизга ва бошқаларга айтишдан қўрқамизми? Бу қанақа ўйин бўлди?!»

Хорижий русумдаги машиналар билан тўлган пойтахт кўчаларидан бири. Бу ойнаванд бино Россия Нано-технологиялар маркази бош офиси.

Диктор – “Айни пайтда, Европа Иттифоқи, АҚШ, БМТ, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти комиссия хулосаларини қўллаб-қувватладилар.”

Рос Нанонинг бош офисида «Правое дело» партиясининг собиқ раисдоши, Леонид Гозман билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Леонид Гозман шундай дейди: «Ростини айтганда, комиссия хулосалари жуда юмшоқ. Назаримда, хулосалар ўта юмшатилган, парламентнинг муносабати эса ҳеч қандай изоҳсиз ҳам тушунарлидир! Ҳатто жудаям тушунарли.Уларга бир эски рус мақолини эслатиш керакка ўхшайди: «афтинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама!»
Юқоридаги рус мақолига иқтибос сифатида, Москва дарёси қирғоғидаги балчиқланиб турган сув тасвири тўлалигича экранни эгаллайди. Дарёдан янгиланаётган Россиянинг рамзи бўлмиш замонавий теплоход “Пууппппуууп” чинқириғи билан йўловчиларни чорлаб, шитоб билан ўтиб кетмоқда. Теплоходни кузатиб қўярканмиз, дарёнинг шундоққина нариги соҳилида жойлашган Россия Ҳукумати Оқ уйи кўз ўнгимизда намоён бўлади. Унинг тепасида эса, Россия байроғи мусаффо осмон шаббодасида ҳирпираб турибди.

Диктор – “Россия Федерацияси ҳам эҳтиёткорлик билан, жамоатчиликка сезилмас тарзда маърузани қўллади. Бироқ бу борада бошқача фикрлар ҳам бор.”

Москва Давлат Думаси. 2011-йилнинг августи. Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича Қўмитаси раиси, Россия Либерал Демократик Партияси аъзоси Алексей Островский билан бўлган суҳбат.
Алексей Островскийнинг Ўш воқеалари ва Халқаро комиссия хулосаларига муносабати: «Ўш воқеалари, энг аввало Қирғизистон ва Ўзбекистонга, қолаверса, Марказий Осиёга дохил ходиса сифатида постсовет майдонида, Россия Федерациясининг етакчилигида ҳал этилиши лозим. Зотан,Марказий Осиёдан узоқда жойлашган давлатларнинг резидентлари вакиллик қилган комиссия аъзолари бошқа мақсадларни кўзда тутишади. Шу маънода, мен минтақада Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) тузилганини олқишлайман. Биз Россияда бу ташкилотга жиддий умидлар боғлаганмиз. Лекин шуни ҳам кескин айтиш керакки: низонинг бир томони ташкилотга кирган бўлса-ю, бошқа томони кирмаган бўлса, ташкилотнинг ўзи муайян даражада вазиятнинг асирига айланиб қолади».

Туркистоннинг Чор-Россияси мустамлакаси бўлган давридаги жўғрофий аҳволини англатувчи харитаси бутун экран хажмида намойиш этилади. Чор Россиясининг вассаллари бўлган Бухоро амирлиги, Хива хонлиги яшил ва пушти рангда ажратиб кўрсатилади.

Диктор – “Бу нуқтаи назар ҳам ўз тарихига эга. Туркистон хонликлари худуди юз йилдан ортиқ Россия империяси исканжасида бўлиб келган.”

Йирик планда 1917 йил ёзуви чиқади. Хаританинг ўртасида, Ленин сурати пайдо бўлади. Тасвирни, Бухородаги собиқ амирнинг аркидан чиқиб келаётган маҳаллий большевиклар ҳақидаги хроникал кадр давом эттиради.

Диктор – “1917 йилги Октябрь тўнтаришидан сўнг, кун тартибига Осиёдаги Россия худудларининг сиёсий тузилмаси масаласи қўйилади. Ленин маҳаллий большевикларнинг ягона Туркистон республикасини барпо этиш лойиҳасини рад этиб ўз таклифини киритади.”

Худди ўрта асрларни эслатадиган, муҳит ва кўриниши жуда юпун авом халқ. Миллий тузилма масаласини муҳокама қилаётган маҳаллий большевик амалдорлар, уларнинг етакчиси Файзулла Хўжаев нутқ сўзлаётган мажлисга гувоҳ бўламиз.

Диктор – “Ўрта асрлар хонликлари ўрнида маҳаллий большевиклар мадади билан Бухоро ва Хива Социалистик Республикалари ҳамда Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси ташкил топади.”

Энди харитадан 1922 йил ёзуви чиқиб келади. Хроникал кадрда эса, Москва марказидаги машҳур “Большой театр” биноси. Унга кираверишда, қўриқчи қизил аскарлар съезд қатнашчиларининг рухсатномаларини текшириб, бита-битта ичкарига киритишмоқда. Иштрокчилар орасида, осиёликлар, кавказликлар, умуман, кечаги империянинг бошқа чекка ҳудудларидан ташриф буюрган вакилларни ҳам кўрамиз.

Диктор – “1922- йилнинг декабри. Москвадаги “Большой театр” биносида Советларнинг Биринчи Бутунроссия Съезди. Унга собиқ Россия империясининг чекка ўлкаларидан ҳам делегатлар таклиф этилган.”

Театр залида вакиллар, мухториятларнинг миллий элиталари большевик раҳбарлар нутқини диққат билан тинглашмоқда. Президиумда Михаил Калинин бошчилигида арбоблар ўтиришипти. Съезд воқеаларини ёритган ўша давр газетаси. Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи тузилганини мажлис қатнашчилари гулдурос қарсаклар билан қарши олишмоқда. СССР ташкил қилингани ҳақидаги декларация ва уни имзолаган Россия Федерацияси, Украина ҳамда Кавказорти республикалари раҳбарларининг имзолари.

Диктор – “Пролетариат ғалабасининг муқаррарлиги ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи борасидаги ғоялардан руҳланган большевик раҳбарлар улкан Россия империяси патирини, миллий элитанинг сонига қараб, кичик бурдаларга бўлдилар. Большевикларда росмана мустақиллик ҳадя этиш истаги бўлмаганлигидан, патирнинг парчаларини ягона Совет Социалистик Республикалари Иттифоқига бирлаштирдилар.”

Туркистон харитасида 1924 йил ёзуви. Пайдо бўлган хроникал кадрда, юқори нуқтадан Бухоро шаҳрининг 1924-йилги умумий кўриниши. Тор кўчаларда авом. Бухорога келган М.Калинин Ф.Хўжаев раҳбарлигидаги Бухоро Ҳалқ Республикаси ҳукумати аъзолари билан учрашмоқда.

Диктор – “1924 йилга келиб Совет Иттифоқи ҳукумати бу йўлда янада илгарилади. Туркистонда миллий-худудий чегаралаш кампанияси бошланди.”

Чамаси бир неча мингдан иборат маҳаллий авом халқ шиорлар ва қизил байроқлар кўтарган ҳолда, М.Калинин раҳбарлигида келган делегацияни қутламоқда.

Диктор – “Бухорога Михаил Калинин бошчилигидаги делегация келди. Туркистон патирининг тотли парчаларига эгалик учун кечган узундан-узоқ музокаралар ва хийлалар натижасида, харитада олтита сунъий-қўғирчоқ тузилмалар юзага келди. Кейинчалик бу тузилмалар Марказий Осиёнинг бешта бўлажак дунёвий давлатларига асос бўлиб хизмат қилди.”

Туркистон харитасида олтита маъмурий-ҳудудий тузилма кетма-кет турли рангларда ажратиб кўрсатила бошлайди.

Диктор – “Тожикистон мухтор вилоятини ўз ичига олган Ўзбекистон ССР ва Туркманистон ССР СССРнинг иттифоқдош республикаларига айландилар. Қирғиз (ўшанда Қозоғистон шундай аталарди), Қорақирғиз ва Қорақалпоқ мухтор вилоятлари Россия Федерацияси таркибига киритилди. Шундан бошлаб миллий мансублик, келиб чиқиши пролетар бўлиш сингари сиёсий бир воситага айланди.”

Қирғизистон байроғи ва унда Аскар Акаев сурати. Байроғда А.Акаевнинг “Қирғиз давлатчилиги ва “Манас” халқ эпоси” китобидан келтирилган цитата.

Диктор – “Қирғизистоннинг собиқ Президенти Аскар Акаев бу воқеалар ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«1924 йил 14 октябрь куни тарихимизда алоҳида хотирлашга арзирли кунга айланди. “РСФСР таркибида” миллий чегаралаш тамойилини таъкидлашни жуда муҳим деб биламан, чунки бунда биз учун энг қулай вазият юзага келди. РСФСРга тааллуқлилик Қирғизистонни Туркистон саҳнидан чиқариб олди».”

Ўтган асрнинг 20-йилларига тааллулуқли кинохроника. Эски Тошкент кўчасида трамвай ҳаракатланиб боряпти. Одамлар гавжум. Ҳамма ўз кундалик ташвишлари билан банд. Трамвай йўлини кесиб ўтаётган эшак аравалар ва уларнинг соҳибларини кўрамиз. Трамвай изи ўтган тор кўчалардан бири бўйлаб, маҳаллий аҳоли яёв ҳаракатланмоқда. Биров бозордан, биров чойхонадан чиқиб кетяпти ва яна бирови чойхонага келяпти. Чойхўрлик қилаётган отахонлар, даштдаги йилқибоқар ва бир қарагандаёқ Хоразм воҳасини кўз олдимизга келтирадиган пахмоқ телпакли соқоли узун чоллар.

Диктор – “Оддий одамларнинг бу сингари янгиликларга муносабати қандай эди? Ҳозиргиларнинг демократияга муносабатлари қанақа?.. Ҳокимият тепасидаги амалдорлар ва оддий халқ орасида улкан бўшлиқ бор эди. Оммавий онг социализм ва миллатларни ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ғояларидан жуда узоқда эди. Оммавий онг муайян худудга, уруғга, қабилага, диний эътиқодга уйғунлашганди.

Юқоридан суратга олинган Ўшнинг 1927-йилги кўриниши. Ўш ва Сулаймон тоғининг дастлабки кинотасвирлари. Узоқдан кўриниб турган хароба уйлар, дарахтзорлар ва деҳқончилик майдонлари. Бу ерда муқим аҳоли яшашидан дарак беради. Ўшдаги муқаддас Сулаймон тоғи ва унинг зиёрати мақсадида чумоли каби юқорига ўрлаётган паранжи ёпинган аёллар.

Диктор – “ Ўш. 1927-йил. Бу эса муқаддас Сулаймон тоғи. 15 асрда Амир Темурнинг эвараси Заҳириддин Бобур тоғнинг чўққисида ҳужра барпо эттиради ва унда ўзи ҳам хордиқ чиқарарди. Ўз салтанатини тасвирлар экан Бобур бу тоғни Бара Кўҳ (Чиройли тоғ) деб атайди.”

Тоғнинг тошларини тавоф қилаётган ва саллали шайхга пул бераётган қашшоқ авом. Ғордан ўрмалаб чиқиб келаётган ялангоёқ зиёратчи. Улар ўз муаммоларига ечим ва келгусидаги хаётларига барака сўрашяпти.

Диктор – “20 асрга келиб тоғни Тахти Сулаймон деб аташарди. Бу зиёратчилардан кимдир ўз оиласига хотиржамлик тилайди, кимдир авлоди учун давомчи фарзанд тилайди, яна кимдир касалликларига шифо истайди. Аслида Ислом динида бундай амалиёт ширк ҳисобланади.”

Тоғдаги улкан силлиқ тошдан сирпаниб тушаётган зиёратчи авом.

Диктор – “Бу ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Қирғизистондаги биринчи объектдир.”

Юмалоқ тешикларга бошларини ва оёғларини тиқаётган зиёратчилар. Ушбу кадрнинг ёнбошидан йирик планда Роза Отунбаеванинг сурати чиқиб келади.

Диктор – “Роза Отунбаева бу ҳақда шундай дейди: – «Бу муқаддас тоғ асрлар бўйи халқнинг дунёқарашига таъсир ўтказиб келган. У бутун дунёда эҳтиром этиладиган жой бўлади».”

Бобур даврида бунёд этилган Жавз масжидидан қолган хароба девор устида азон чақираётган сўфи чол. Масжид олдидан оқиб ўтувчи, шифобахш саналган чашма. Лойқа сувда эса, чўмилаётган чолни кўрамиз. Ариқниннинг қирғоғида ўз улушини кутиб, чашманинг саллали шайхи ўтирипти. Масжид дарвозасидан ибодат учун кириб кетаётган оломон. Масжид ховлисидаги айвонда “хожатбарор”, катта саллали домлалар ўтиришипти. Уларнинг олдида фотиҳа олиш учун келган камбағал деҳқон. Фотиҳадан сўнг деҳқон уларга пул қистряпти.

Диктор – “ “Бобурнома”да бу чашма ҳақида ортиқча гап-сўз дейилмаган бўлса ҳам, кейинчалик бу сувни муқаддас Жаннат Ариқ деб атай бошладилар. Ва унинг сувидан мўъжизавий куч топдилар, 1927 йилга келиб, Бобур давридаги Жавз масжиди ўрнида Работи Абдуллахон масжиди турарди.”

Масжид ховлисида қўлтиғидаги жойнамози билан ўз ўрнини эгаллаётган оддий авом халқ. Бутун жамоанинг саждага бош қўйган ҳолати. Улар астойидил жума намозини адо этишмоқда. Намозни адо этиб бўлган халқ яна ўзининг кундалик ташвишлари, юмушлари билан андармон бўлиб тарқала бошлайди. Улардан аксарияти ялангоёқ, йиртиқ-ямоқ чопону, чуст дўппи ва саллаларда. Кўринишидан буларнинг барчаси ўтроқ халқ. Уларнинг эҳтиёткорлик ва ташвиш билан камерага қараётган нигохлари.

Диктор – “Феодал миллий ўлкаларда оммавий онг патриархал кишанлар исканжасида мудраб ётарди. Бу инсонлар Яратганга илтижо қилиб, янги ҳукмдорларнинг шафқатли бўлишини, масжидларни вайрон қилмаслигини, намозни ман этмаслигини сўрашар эди. Бирор табақага мансублиги учун ўлдирмасликларини тилашар эди. Одамлар аждодлари сингари тинчгина яшаш ва меҳнат қилишларига халақит бермасликларини истаб, дуо ўқишарди.”

Туркистон харитаси фонида “Сусамир водийси яйловларида” ёзуви билан 1927-йилда суратга олинган хроникал кадр чиқиб келади. Кадрда кўчманчи қирғизларнинг бир яйловдан иккинчи бир яйловга кўчаётгани тасвирланган. Уларнинг туялар ва отларга ортилган рўзғор анжомлари ва ўтовлари. Улар ўрта асрларга хос либосларда бўлиб, ўзлари ҳам уловларга миниб олишган. Чорвани қўриқлайдиган чўпон итлари эса, уларнинг атрофида зир югуриб юришипти. Поданинг олдида юк ортилган уловлар ва улов минган аёллар ҳамда ёш болалар кетиб боришяпти. Орқада, пастаккина отларга миниб олган эркаклар.

Диктор – “Қобил ва Ҳобилнинг авлодлари – икки маданият – муқим яшовчи зироатчи деҳқонлар ва кўчманчилар, минг йиллардан буён бир-бирлари билан ёнма-ён ,бир-бирларини тўлдириб яшаб келдилар. Ҳозир ҳам кўп жойларда шундай яшашмоқда. Турмуш тарзи ва тирикчилик мавжуд шарт-шароитларга мутаносиб эди.”

Чорвадорлар дарё кечувидан ўтмоқдалар. Дастлаб чорва моллари, сўнг юклар ортилган уловлар олиб ўтилади. Кечувдан ўтган қорамоллар тоғ ёнбағридаги қирга ёйила бошлайди. Аёллар дарҳол ўз ўтовларини тикишга киришмоқдалар. Кўчманчилар шу яйловни маъқул деб топишди. Отлар устида ўтовнинг битишини кутиб, невараларини опичиб олган кампирлар ва эгарда мустақил ўтирган ёш болалар.

Диктор – “Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида ҳам, Туркистонда янгидан тузилган социалистик давлатларнинг аҳолиси анъанавий тарзда кўчманчиларга ва зироатчи деҳқонларга ажралган ҳолда, аждодлари сингари яшар эдилар. Феодал хонликлар давридаги каби чегаралар номигагина мавжуд бўлиб, кўчманчи чорвадорлар яйловлар танқислигини сезмас эдилар.”

Туркистон харитасидан чиқиб келган хроникал кадрда, мухториятлардан Кремлга жўнатилган вакиллар И.В.Сталинга дўппи ва тўн кийгизишяпти. Тўн кийгизиш маросими мажлис аҳли томонидан олқишланяпти.

Диктор – “1924 йилги чегаралашдан сўнг ҳам миллий элиталарнинг иштаҳаси пасаймади, аксинча, тилла балиқ ва балиқчи чол ҳақидаги эртакдаги сингари уларнинг иштаҳалари бадтар кучайди. Улар аввал мухторият, кейин эса иттифоқчи республика мақомини сўрашар эди.

Мажлис давомида мухториятлардан борган вакилларга ҳам сўз берилди. Умумий планда президиумда дўппи ва тўнда ўтирган Кремль раҳбарлари илтимосларни қизғин муҳокама қилишмоқда.

Диктор – “Мақом берилса нима бўпти? Кремлдаги оқсоқоллар “меҳнаткашларнинг талаблари”га қулоқ осардилар. Гарчи миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи маданий ва иқтисодий жиҳатдан яшашга қобил миллатларга нисбатан қўллаш талаб қилинса ҳам. Шу тариқа, жадидларнинг ягона Туркистон ҳақидаги азалий орзулари абадий армонга айланди.”

Экранни тўлалигича Марказий Осиёнинг замонавий кўринишини ифодаловчи янги харитаси эгаллайди. Хар бир мустақил давлат ҳудуди турли рангларда ажратиб кўрсатилган. Хаританинг пастки чап бурчагидан Қирғизистоннинг Ўш, Ўзган ва Жалолобод шахарларининг ўт ичида қолгани акс эттирилган харитаси пайдо бўлади.

Диктор – “Бу бешта мустақил давлатга бўлинган Туркистоннинг замонавий харитаси. Чегаралар қўриқланади. Тоғли мамлакатларда чорвачилик харажатни қопламайди, самарали деҳқончилик эса муқим яшаш ва яроқли майдонларни талаб қилади.”

2011-йил август. Москванинг “Новый Арбат” кўчаси, машиналар гавжум. Япон туристлари Россиянинг Оқ Уйини томоша қилишяпти. Шу пайт туристлар олдидан дарё бўйлаб сузиб юрган оппоқ теплоход “Пуупппууууп” деб йўловчиларни чорлагандай бўлиб ўтиб кетади.

Диктор – “Бундай давлатларнинг элитаси иттифоқсиз яшай олмасдилар. Шунинг учун уларнинг айримлари бугун ҳам қашшоқ аҳволда бўлиб, Россиянинг ёки бошқа давлатларнинг ёрдами билан кун кўрмоқдалар.”

Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича Қўмитаси раиси, Россия Либерал Демократик Партияси аъзоси Алексей Островский билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Алексей Островский шундай дейди: «Қирғизистон беқарордир, бу бизни хавотирга солади, албатта. Аммо шунга қарамай ,Қирғизистон Москва билан мулоқотга ва иккитомонлама узлуксиз муносабатларга тайёрлигини намоён қилмоқда. Москванинг минтақадаги мавқеини, Москванинг манфаатларини ҳисобга оляпти. Ўзбекистон давлатига, ўзбек халқига ва унинг Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга беқиёс ҳурматимизга қарамасдан, Ўзбекистон охирги йилларда Россия Федерациясидан, умуман Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан ва бошқа ташкилотларимиздан ҳам изчил узоқлашиб бормоқда».

Тошкентнинг “А.Темур хиёбони” яқинидаги серқатнов кўча. Москвадаги каби хорижий русумдаги автомашиналар деярли учрамайди. Аксинча, ҳар қадамда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ДЭУ русумидаги машиналарни учратасиз. Одамлар ўзларининг кундалик ташвишлари билан ҳар тарафга шошиб кетишяпти.

Диктор – “Кўриниб турибдики, муҳтарам Островскийни Жанубий Қирғизистондаги оммавий қирғин эмас, Ўзбекистоннинг сиёсати кўпроқ ҳаяжонга солади.”

Сўнгги йилларда ўтқазилган игнабаргли дарахтлар қуршовида Амир Темурнинг дабдабали хайкали қад кўтариб турган хиёбон. Энди чинорлар аввалгидай, Жаҳонгир Соҳибқирон ҳайкалини тўса олмайди. Ўзбекистонинг вилоятларидан келган пойтахт меҳмонлари ҳайкал атрофида суратга тушишяпти ва сайр қилишяпти. Ахир, Тошкентга ҳар куни келишмайди-ку! Бу тасвирлар фонида Тошкент курантлари соатлари вақтнинг олий ҳакам эканлигини ёдга солгандай, бонг чалишяпти. Четдаги ўриндиғда эса, севишган ёш келин-куёв ўзаро даҳанаки жанг қилишяпти. Сохибқироннинг шукуҳ билан қўл кўтариб турган ҳайкали устида майналар офтобда тобланишмоқда. Хиёбоннинг нариги томонида тобора ўз забтига олаётган август қуёшидан соябон остига яшириниб келаётган яна бир севишган жуфтликни кўрамиз. Шундоққина курант соатларининг орқасида жойлашган Тошкент шаҳар ҳокимияти гумбази чўққисида келажаги буюк Ўзбекистоннинг байроғи ҳирпираб турибди.

Диктор – “Танқидларга қарамай, Тошкентда ҳаммаёқ сув қуйгандай, игнабаргли дарахтлар ҳам ўсмоқда. Албатта, бу ерда ҳам оилавий жанжаллар бўлиб туради. Ахир ҳеч қайси давлат бундан ихота қилинган эмас. Аммо Қирғизистондаги этник инқироз эса – бутун Марказий Осиё минтақасининг муаммосидир. Туркистоннинг қардош халқлари ўз ҳукмдорлари сиёсатининг асирлари бўлиб қолмасликлари керак.”

Экранда Аскар Акаевнинг сурати ва унинг 2010-йил сентябрида РБК журналига берган нтервьюсидан цитата пайдо бўлади.

Диктор – “Қирғизистоннинг собиқ Президенти Аскар Акаев ўз интервьюсида шундай дейди:
«Биз ўзбекларга ҳокимиятнинг барча бўғинларида адолатли вакилликни таъмин этдик. Масалан, авваллари қирғиз милициясида бирорта ҳам ўзбек ишлатилмасди. Биз барпо этган тузум, Бакиевнинг тўдаси ўзининг жинояткорона чангалларини ботиргунича сақланиб турди». “

Шу ўринда Қирғизистоннинг собиқ президенти Бакиевнинг сурати чиқиб келади.

Москва 2011-йилнинг августи. Россия ФА Шарқшунослик институти ходими, Марказий Осиё, Кавказ ва Волгабўйи минтақалари бўйича мутахассис, этнолог, тарих фанлари номзоди Игорь Савин билан суҳбат.

Игорь Савин воқеалар ҳақида шундай дейди: «Акаев ҳокимиятдан кетиб, Бакиев келиши билан вазият ўзгара бошлади. Бакиев ўзбекларга қарши қандайдир махсус сиёсат юритгани учун эмас, у умуман ҳеч қандай сиёсат юритмади. Ўзбекларнинг эгаллаб турган лавозимлари Ўшда ҳам қисқартирилди. Мен яна такрорлайман, бу атайин ўзбекларга қарши қаратилган акт эмасди, Бакиевга ўз одамларига бериш учун мансаб ўринлари керак эди…»

Экранда Москва кўчаларида толмай меҳнат қилаётган гастербайтерлар. Кўз ўнгимизда рус ерлари таъриф-тавсифига мос, бепоён дала ястаниб ётибди. Даланинг қоқ ўртасини кесиб ўтган асфальт йўлда ҳаракатланаётган машиналар. Бу Тверь вилояти. Камеранинг орқа томонидаги дала адоғида эса, кичик-кичик қизил томли уйлардан иборат қишлоқча.

Диктор – “Ўз одамларига… Қариндошларига, дўстларига, овулига, қабиласига. Ўзи мансуб миллатига! Шахсий садоқати эвазига бериладиган ҳокимият ва имтиёзлар.”

Юқоридаги қишлоқчадаги уйлардан бирида, Россия Миллий тадқиқотлар университети қошидаги Олий иқтисодиёт мактаби профессори, психология фанлари доктори Надежда Лебедева билан бўлган суҳбат.

Надежда Лебедева шундай дейди: «Миллатчилик хоҳ яширин, хоҳ ошкора тарзда давлат мафкурасига айланар экан, бундан албатта, миллий элита манфаатдор бўлади. Ҳокимиятга интилаётган, ва унга эришган ҳар қандай одам, албатта, жамиятга ана шу иерархик тузилма ғоясини олиб келади. Бу иерархияда барча одамларнинг ва барча халқларнинг муайян жойи кўрсатилади. Бу нарвоннинг юқори поғонасига ҳамиша ўз халқини қўяди».

Москва кўчаларидан бирида ғизиллаб машиналар ўтиб турибди. Орқа планда эса, тротуар плиткалари ётқизаётган гастербайтерлар. Юрий Лужков ўрнига тайинланган янги мэр Собянин ташаббуси билан барча пойтахт кўчалари ободонлаштириляпти.

Диктор – “Бугун миллионлаб туб миллат вакиллари демократик конституциялар ниқоби ортида большевикларга хос фундаментализм ва қабилавий муносабатлар илдиз оттирилган, иқтисоди ночор мамлакатларини ташлаб хорижга кетмоқдалар.”

Этнолог, тарих фанлари номзоди Игорь Савин билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Игорь Савин шундай дейди: «Сенинг оғир ҳаётингга порахўр амалдор – ўзингнинг қирғизинг айбдор, ёки бизнесменинг ёхуд жиноятчи каззобинг айбдор деб тушунтириш учун, кўряпсизки, қанча сўз ишлатиш керак?! Ўзбеклар ҳамма жойни эгаллаб олди, дейиш эса осон…»

Ҳикоямиз бошида тасвирлаб ўтилган собиқ СССРнинг ёдгорлиги – “Халқлар дўстлиги фаввораси”. Унинг теварагида катта авлод билан бирга янги постсовет ёшлари ҳам ҳордиқ чиқаришмоқда. Фавворанинг ички халқасига ўрнатилган Россия ва Украинанинг аёл сиймосидаги ҳайкаллари кўз олдингизда намоён бўлади. Бундан ташқари, Ўрта Осиё совет республикаларининг сиймосини ифодаловчи ҳайкалларни ҳам кўрамиз. Уларнинг атрофида зилол сув, тўхтовсиз пуркалиб турибди. Кўргазмалар марказида экскурсия учун мўлжалланган бир неча вагончадан иборат “Қувноқ паровозча” номли поезд. У Қизил империяни қайта тиклаш ҳақидаги ғоялар сингари худди собиқ Иттифоқ арвоҳидай “Пууууууууппппп” деб изғиб юрипти. Паровоз вагонлари устида турли совет мультфильмларининг қўғирчоқ қахрамонлари ўтқазиб қўйилган.

Диктор – “СССР парчаланиб кетгандан сўнг миллий етакчилар нафақат тизгинсиз ҳокимият ва суверенитетни қўлга киритдилар, балки табиий бойликлардан тўла фойдаланиш имконига ҳам эришдилар. Бойроқ мамлакатлар миллий уйғониш ва ёруғ келажак ҳақидаги сафсаталар кучи билан юзада қалқиниб турибдилар. Совет паровозидан ажралгач қашшоқланган мамлакатлар тарих бекатларида депсиниб қолдилар. Улар узоқдаги дўстидан олган ёрдами хисобига қардош қўшнилари билан ёвлашяптилар.”

Психология фанлари доктори, профессор Надежда Лебедева билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Надежда Лебедева шундай дейди : «Ажабо, нега халқлар бундай мафкурага эргашар эканлар? Чунки устун миллатнинг аксарият кўпчилигига ўзини бошқалардан оз бўлса-да ортиқ деб билиш ёқади. Бундай кайфият кишининг димоғини чоғ қилади, бу менинг ҳаётимда қайсидир маънодаги ютуқдир, деган тасалли бахш этади. Масалан, мен шундай ажойиб халқнинг вакилиманки, бу халқ шу худуддаги энг яхши, энг асл халқдир, деган алдамчи бир фикр уйғотади. Бу эса ундаги ички норозиликнинг шиддатини сусайтиради ва назарида унинг халқи каби Тангри ёрлақамаган, ҳукмронлик ато этилмаган бошқа халқларга нисбатан тажовузкорлик пайдо қилади».

Пойтахт марказидаги “Поклонная гора” тепалигидан Москва-Сити савдо комплекси кўриниб турипти. Тепаликдаги ўтлоқда суҳбатлашиб ётган севишганлар жуфтлиги, шунчаки хордиқ чиқараётган ёшлар гуруҳини кўрамиз. Уларнинг орасида у ер- бу ерда ўтирган ёши катта инсонлар ҳам бор. Ўтлоқнинг нариги четида бири-бирига бўса ҳадя этаётган жуфтликка ҳам кўзингиз тушади. Улардан ташқари, картофель чипсларини тановул қилиб ўтирган хижобли қизни кўрамиз. Тепаликдан пастда жойлашган фавворалар бўйидаги ўриндиқлар ёшлар билан гавжум. Уларнинг орасида мусулмон аёллар ҳам бор.

Диктор – “Янги постсовет авлоди ўзига, Достоевский қаҳрамони каби: «Мен – қалтираб турган махлуқманми?.. Ёки бирор ҳақ-ҳуқуқим борми?», – деб савол бериши шарт эмас. Чунки сафсатабоз сиёсатчилар телевизор экранларидан : «Ҳаққинг бор», – деб таъкидлаб туришибди. Аммо қуруқ сўз билан қорин тўймайди. Ишсизлик балосига гирифтор ёшлар атрофга олазарак боқади ва «унинг нафаси»ни қисаётганларни излай бошлайди.”

Этнолог, тарих фанлари номзоди Игорь Савин билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Игорь Савин шундай дейди: «Қирғизларда шундай бир вазият юзага келдики: советлар даврида сунъий равишда қўллаб-қувваттланиб келган аҳоли мустақиллик чоғига келиб ишсиз, чорасиз қолди, агар уларга иқтисодий, ижтимоий ҳимояланиш шароитлари яратилганда эди, улар ўз қувватларини ана шуларга сарфлардилар ва ҳеч қанақа қабилавий онг ва ўзбекларнинг фаровонлиги уларга халақит қилмасди».

Исо Масиҳ Эҳромининг ташқи кўриниши. Эҳромнинг марказий ибодатлар залида турли ёшдаги инсонлар ибодат қилишяпти. Йирик планда ибодатчиларнинг ўйга чўмган юзлари. Йирик планда Биби Марьямнинг чақалоқ Исо Масиҳни қучоқлаб турган сурати. Ибодатхонанинг одамлар билан гавжум умумий кўриниши.

Диктор – “Жаҳоний диний таълимотлар азалдан оммавий онгнинг маънавий ўзаги бўлиб келган. Бу динлар одоб-ахлоққа, сабр-қаноатга инсоний муносабатлардаги хулқ-атвор этикасига ўргатиб келган. Ердаги ҳокимият унинг муаммоларини ечишга қобил бўлмаса, у самога боқмай, нима қилсин?! Шунинг учун инсон маслаҳат ва таскин излаб самога, Тангрига мурожаат қилади. Аммо, нега урушлар ва миллатлараро низолар пайтида диний таъқиқлар иш бермай қолади? Нега бирдан сенинг деворорти қўшнинг қотилга, ғорда яшайдиган одамхўрга айланиб қолади?”

Профессор, психология фанлари доктори Надежда Лебедева билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Надежда Лебедева шундай дейди: «Эҳтимол, айнан шу ерда, бу одамлар менинг диндошларимдай ё қабиладошларимдай одам эмас, улар паст, уларни хоҳлаган кўйимга солишим мумкин қабилидаги индульгенция – ижозат юзага келар. Ва шу ўринда инсон жаҳолатининг айнан гуруҳларда, подадай тўдаларда намоён бўладиган бизга номаълум бўлган яширин ва даҳшатли тубсизлиги юзага чиқади.»

Москва 2011-йилнинг августи. Эски Арбат кўчаси сайр қилиб юрган ёшлар билан гавжум. Сайргоҳдаги дўконлар, ресторанлар ва қаҳвахоналар ишлаб турипти. Кўчадаги сайёҳ мусиқачилардан кимдир флейта, кимдир скрипка чаляпти. Сайр қилиб юрган кишиларнинг баъзилари тўхтаб мусиқани эшитишяпти. Сўнг мусиқачилар олдида турган қутиларга пул ташлашаяпти. Бу ерда ҳам хорижлик туристларни кўрамиз.

Диктор – “Шафқатсизлик – одатга айланган бўлса-чи?! Балки улар соддалиги туфайли нима қилаётганликларини тушунмас?.. Айтишларича, Янги Гвинеяда одамхўр асматлар тўдаси яшар экан. Улар ўтган асрда, Нью-Йорк губернатори Рокфеллернинг ўғлини, ундан олдин капитан Кукнинг денгизчиларини пишириб еганлар. Улар, қўшнингни есанг, умринг узоқ бўлади, деб ўйлашар экан. Аввал бу анъанага қарши насроний голландлар курашганлар, кейин мусулмон индонезияликлар, аммо каннибализм енгилмади, яширин ҳолатга ўтди, холос.”

Профессор, психология фанлари доктори Надежда Лебедева билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Надежда Лебедева шундай дейди: «Айтиш керакки, ҳеч бир одам, ишонинг, ҳеч бир кимса ўз қурбонининг кўзига қараб туриб, бу қадар шафқатсизлик қила олмайди. Фақат бошқаларнинг бақириғи, қуввати билан далдаланиб, оммавий бебошдоқлик, тизгинсизлик, жазава ҳолатидагина бундай ваҳшийликлар содир этилади. Ахир оломон, тўда танилмай қолиш имконини беради. Яъни қотил буни мен қилмаяпман, биз биргаликда қиляпмиз, кўпчиликмиз, демак биз ҳақмиз, ноҳақ бўлишимиз мумкин эмас, деб ўйлайди. Яъни гуруҳ қилинаётган ишга ҳақлик, қонунийлик тусини беради ва номаълумлик, жазосизлик умидини туғдиради».

Москванинг Октябрь Инқилоби майдони. Унинг марказида, Лениннинг тошдан ясалган улкан ҳайкали. “Доҳий” пойида эса, бир гуруҳ большевик инқилобчилардан иборат турли миллатга мансуб қуролланган ишчи-деҳқонлар, солдат ва матрослар ҳайкаллари турибди.

Диктор – “Ажабо, фақат маргиналлар тўдаси ҳақлик, қонунийлик ва жиноят учун жазоланмай қолиш ҳиссини таъминлайдими? Ахир, ҳукмрон элитанинг гуруҳий шуури жинояткорона ғоялар учун жавобгар эмасми?”

“Третьяков галереяси”нинг биноси. Марказий дарвозадан кириб чиқаётган турли ёшдаги сайёҳларни кўрамиз. Улар буюк рус ватанпарвари ва тадбиркори Третьяков суратлар тупламини томоша қилишяпти. Галерея экспозициясидан ўрин олган К.П Брюлов, А.А Иванов, О.А Кипренский, В.В Верещагин, В.Г Перов, И.Н Крамской, И.Е Репин, В.И Суриков ва В.М Васнецов каби рус рассомчилик санъати усталарининг асарлари олдида сайёҳлар сукут сақлаб туршипти.

Диктор – “Гўзаллик дунёни қутқарадими? Тасвирда фожеалар ва кулфатларнинг қотиб қолган лаҳзалари муҳрланган. Нафосат ва разолат. Шайтонийлик ва илоҳийлик. Донолик ва жохилллик… Олийжаноблик ва тубанлик… Маданият ҳам дин сингари бизнинг маънавиятимизни, дидимизни ва эътиқодимизни шакллантириши лозим.»

Диктор – “Лекин, инсоннинг донишмандлиги ва олийжаноблигидан қанчалик умидвор бўлмайлик – гўзаллик дунёни қутқармаяпти. Навбатдаги тарихий эврилишдан кечиб, илмий-техникавий тараққиёт ютуқларидан жадал фойдалансак-да, кўҳна ҳикматнинг хақлигига иқрор бўламиз.”

Брейгельнинг машҳур “Сўқирларни етаклаётган сўқир” картинаси бутун экранни эгаллайди. Унда бир гуруҳ кўзи ожизларни етаклаб кетаётган сўқир етакчининг йиқилгани тасвирланган. Унинг етагида бўлган сўқирлар ҳам бирин-кетин йиқилиши тасвирланган.

Россия Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича Қўмитаси раиси, Россия Либерал Демократик Партияси аъзоси Алексей Островский билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Островский шундай дейди: “Бизлар, яъни Москва, Давлат Думаси, умуман Россиядагилар яхши биламизки, минтақа учун росмана талашиш кетмоқда. Ва бунда ҳар бир ўйинчи ўз манфаатини кўзлайди. Шундай экан қатъий бир фикрни ёдда тутмоқ керак Марказий Осиёда барқарорлик, тинчлик, хотиржамлик ҳукмрон бўлишидан энг аввал Россия манфаатдор”.

Москва 2011-йилнинг августи. “Дарвинизм” музейи. Музей экспозициясидан жой олган турли ҳайвонлар, паррандалар ва даррандаларнинг тулумлари. Экспонатларни томоша қилиб юрган пойтахт меҳмонлари ва ерли аҳоли. Археологик қазилмалар натижасида топилган ибтидоий одамларнинг бош суяклари тўплами.

Диктор – “Дарвинизм 19 асрнинг илмий кашфиёти. Атом қуроли эса 20-асрнинг ихтироси. Атомнинг даҳшатли бузғунчи кучи ҳақида кўпчилик билади, Ижтимоий Дарвинизм ва унинг ёндош ҳосиласи бўлган Евгеника эса кўпчиликка номаълум. Булар ирқчилик ва фашизм юзага келиши учун замин бўлган назариялардир. Таълимот маддоҳлари нуқтаи назарига кўра номукаммал инсонларни йўқ қилиш билан Ер юзида олий ирқнинг эгалиги таъминланиши керак.”

Ибтидоий одамларнинг реконструкция қилинган маймунсимон башаралари ва деворларга осилган сержун таналари сурати. Худди маймунлар билан таққослангандай, улар орасида бугунги маймунларнинг тулумларини ҳам кўрамиз. Ер юзидаги барча ирқлар тасвирланган суратлар йиғиндиси.

“Правое дело” партиясининг собиқ ҳамраиси Леонид Гозман билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Леонид Гозман Қирғиз ҳукуматининг фожеаларга муносабати ҳақида шундай дейди: Ҳукумат сансалорлик қилса, полиция жиноий гурухларга қўшилиб кетса, бунга энг аввало, давлатнинг бошлиқлари масъулдирлар. Бунга улар жавоб бериши керак. Фақатгина ўт қўйган, зўравонлик қилган ижрочиларни эмас, балки уларни судлаш керак. Зўравон бу зўравондир. Бундайларни жиноят жойидаёқ пешанасидан отган маъқул. Лекин, барибир биринчи навбатда бошлиқлар жазоланиши керак албатта.

Москва ҳайвонот боғи. Қўлида фотокамера тутган қиз, қафас ичида ўтирган орангутанларни суратга оляпти. Тутқун она орангутан чақалоғини бошига ўтқазганча ўз томошабинларига маъюс қараб турибди. Қафаснинг олди эса, маймун сингари, елкаларида фарзандларини кўтариб завқ билан бечора орангутанларни томоша қилаётган одамлар билан гавжум. Она орангутан боласига томошабинлар ташлаган егуликни чайнаб беряпти.

Диктор – “19 асрда европалик туб аҳолига эрмак учун ҳайвонот боғларидаги қафасларга, мустамлакалардан келтирилган аборигенларни қамаб қўйишар эди. Ижтимоий дарвинизм тарафдорларининг фикрича, бу европаликларнинг ирқий устунлигини кўрсатар эди. Маймунларга ичинг ачийди! Инсоний маданият ҳайвонларни қафасда сақлаш амалиётидан воз кечиши учун нима қилиш керак?…”

Гориллалар қафаси. Кўзлари ғамгин она горилла кўнгилхушлик учун келган одамлардан яшириниб, девор ортида ўтирибди. Шу пайт қафас ёнида турган парвойи фалак инсонлар жуфтлигини кўрамиз. Улардан бири сигарет чекмоқда, иккинчиси эса, хот-дог емоқда. Зоопаркни тарк этаётганлар ўрнига яна кўплаб томошабинлар кириб келишяпти.

Диктор – “Биз қафасининг ёнида туриб, “хаёлан” ўз “устун”лигимиздан мағрурлансак–да, бу маймунлар кўпчилик одамсимон нусхалардан кўра беозорроқ ва яхшироқдир. Зеро, ер юзида инсонга хос бўлган ёвузликни ундан ошириб қила оладиган бирорта жонзот йўқ.”

Янги Москва масжиди фонидаги осмонўпар бинолар. Россия Мусулмонлари Диний Идораси Раисининг Биринчи ўринбосари Ҳазрат Дамир Мухитдинов билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Ҳазрат Дамир Мухитдинов шундай дейди: « Фақатгина, масжидлар барпо этиш, мадрасалар қуриб, имомларни ўқитишнинг ўзи етарли эмас, шекилли.. Одамларнинг қалбига ҳақиқий эътиқод жойлашиши учун вақт ва зеҳний меҳнат керак. Иймон маданият билан бирга келиши лозим, агар инсонда эътиқод бўлса-ю, исломнинг инсонпарварлик ҳақиқатини англаш маданияти бўлмаса, демак, бу одамнинг иймони чала, у динимизни англамаган. У ўзининг ёвуз, ваҳший сифатларини енголмаган, қалби ислом зеҳни билан тозаланмаган, ислом нури билан ёришмаган ».

Экранда Қирғизистон ССР харитаси пайдо бўлади. Ва харита марказидан, «Ҳеч ким ўртоқ Сталин У ёки бу халқни афзал кўради, деб айтолмайди. У – ҳамманинг отаси».
М.И Калинин. ёзуви ҳамда йирик шрифтда 1946 рақами акс этган кинохроника тасвири чиқади.
И.В.Сталин шарафига бағишланган Тиёншон адирларидаги тантанадан лавҳалар. Қирғиз қизлари рақсга тушиб Сталинни қутлашяпти. Сталин эса, жилмайиб турибди. Пештоғига қизил байроқ маҳкамлаб қўйилган якка ўтов. Ўтов томонга 3та отлиқ от чоптириб келмоқда.

Кинохроника диктори сўзлари: «Қадрли отамиз, Сизга Иссиқкўлнинг ложувард қирғоқларидан, Тиёншоннинг юксак чўққиларидаги овуллардан, Чуй ва Таласнинг гуллаётган водийларидан халқона саломлар бўлсин. Бу ерлар қақроқ дашт эди. Кўчманчи қирғизлар бу жойдан ўтганларида осмону фалаккача чанг-тўзон турарди. Улар қаёққа бормасин, изларидан фалокат ва очлик изма-из эргашиб юрарди. Буюк Сталин уларни колхозларга бирлаштириб, қашшоқлик ва қирилиб битишдан сақлаб қолди. Совет давлати омочлар ўрнига машиналар берди…»

Кинохроника давомида, пишиб етилган буғдойни ўришга тушган 40-йиллар комбайни. Комбайннинг бошқарув рулида кўринишидан жуда мамнун қирғиз йигити ўтирибди. От-уловга қўшиб ишлатиладиган фақатгина буғдой ўришга мослашган эски мослама устида ўтирган оқ қалпоқли қирғизга ҳам кўзингиз тушади. У ҳам ҳаётдан жуда мамнун. Даладагиларнинг юзида табассум. Кинмнингдир Совет Иттифоқи Қахрамони медали тақилган костюмини кийиб олган 10-11ёшлар чамасидаги бола эса, дехқонларга честь бериб турибди. Томига Ленин ва Сталин суратлари маҳкамланган буғдой ҳосили ортилган машиналар карвони. Машиналар бортидан жой олган деҳқонлар қўлларида улкан қизил байроқ кўтариб олишган.

Диктор – “Бу бир ташвиқот учун қилинган даъватномадир, аммо аслида ҳам, айнан Совет ҳокимияти СССРнинг айрим халқларини ўрта асрлар исканжасидан олиб чиққани рост. У дунёвий давлатларнинг қўғирчоқ нусхасини яратиш имконини берди. Бу қўғирчоқлар энди пилласини ёриб ташқарига чиқмоқчи бўлаётган капалаклардай….”

Камера аста-секинлик билан Москванинг машиналар гавжум серқантов кўчасидан, замонавий услубда қурилган ва қурилаётган осмонўпар “Москва Сити” комплекси томон кўтарилади. Ўрта планда комплекс олдида супир-сидир ишлари билан машғул махсус ишчи кийимдаги Марказий Осиёлик гастербайтерларни кўрамиз. Кўз олдимизда “Москва Сити” бор қадди-басти билан намоён бўлади.

Диктор – “Бугунги Россия, ўзининг бепоён ерлари ва табиий заҳиралари туфайли постсовет худудидаги энг илғор давлатлардан бирига айланди. У ишчи кучларига жуда муҳтож. Бу ерда Марказий Осиёдан келган фуқароларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Мустамлака давридаги партия кадрларидан ташкил топган Марказий Осиё давлатлари сиёсий элитаси бозор иқтисодиёти зарбалари олдида ожиз қолиб, мардикорлар армиясини вужудга келтирдилар. Аммо, айнан мардикорлар ўз мамлакатларининг иқтисодини инқироздан қутқариб турибдилар.”

Юқори нуқтадан суратга олинган Москва шахрининг умумий кўриниши. Оппоқ булутлар сузиб юрган зангори осмон. Бу ерда осойишталик ҳукм сурмоқда. Ерли халқ ва ҳукумат эса, бизнинг муаммоларимиздан жуда йироқ. Бу аҳволни кўрган кишининг ёдига ўзбекнинг “Ўзинг учун ўл етим” мақоли келади. Булар билан биргаликда барчани ибодатга чорловчи азон чақириғи янграйди. Янги Москва масжиди ичидаги осма чироқ. Масжидда маъруза ўқиётган масжид имом-хатиби ва уни тинглаб ўтирган ибодатчилар. Йирик планда бири ўзбек, бири қирғиз, бири кавказлик бўлган ибодатчиларнинг ўйчан юзлари кўрсатилади.

Ҳазрат Дамир Мухитдинов билан бўлган суҳбатнинг давоми.

Ҳазрат Дамир Мухитдинов шундай дейди: “Бу ўринда фақат муқаддас Қуръоннинг каломи ёдга келади, Аллоҳ дейдики: «Сизлар иймон келтирмадингиз, деб айтинг. Сиз исломни юзаки қабул қилдингиз, ҳали иймон қалбингизга кирмади (деб айтинг)”. Мен ўйлайманки, Парвардигор томонидан 1432 йил аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаллам орқали араб бадавийларига, кўчманчиларга, кофирларга ва иймони сустларга қаратилган Тангрининг бу каломи бугунги юз бераётган ходисаларга ҳам аниқ жавобдир.”

Намоз ўқиш учун масжид ховлисида саф тортган мусулмонлар жамоаси. Бу ерда собиқ СССР ҳудудининг барча бурчакларидан келган турли милллат вакилларини учратамиз. Йирик планда татар ва чечен, уйғур ва тожик, умуман, Оллоҳнинг фарзини астойидил адо этаётган ибодатчиларни кўрамиз.

Диктор – “Ушбу Москва масжидида барча постсовет республикалари мусулмонлари ёнма-ен намоз ўқийдилар. Улар бир-бирларига миллати туфайли нафрат туймайдилар. Буни дин таъқиқлагани учунгина эмас. Оддий одамларнинг талашадиган ҳеч нарсаси йўқ. Улар сиёсатдан йироқлар. Аллоҳдан ҳукмдорларнинг раҳм-шафқатли бўлишини, ҳалол меҳнат қилишлари ва фарзандларини вояга етказишларига биров халақит қилмаслигини тилашади, улар фаровон умр кечиришни истайдилар.”

“Халқлар дўстлиги” фавворасидаги барча иттифоқдош республикалар тимсоли бўлмиш 15 нафар аёл ҳайкали умумий планда. Фаввора ўз атрофида сайр қилиб юрган одамларга салқинлик бахш этмоқда. Собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклаш ҳақидаги ғоялар сингари изғиб юрган “Қувноқ паровозча” йўловчиларни чорлаб, “Пууууууууппппп” деб ўтиб кетади.

Диктор – “ Дўстлашиш керакми ёки йўқми? Дўстлашишдан наф борми? Ким билан ва кимга қарши дўстлашиш лозим?”

Ўзида собиқ СССРнинг барча иттифоқдош республикалари рамзларини мужассам этган, ҳикоямиз аввалида кўрсатиб ўтганимиз, пирамидасимон иншоот. Унинг пештоғи марказида бронзадан ясалган Бутуниттифоқ герби ярқираб турибди. Унинг томидаги тўрбурчак саҳннинг бурчакларидаги ишчи ва деҳқон ҳайкаллари халқлар дўстлигини мадҳ этаётгандай, мағрур қўл чўзиб туришипти. Бинонинг найзасимон чўққисидаги буғдой бошоқларига ўрнатилган беш юлдуз ҳар доимгидан ҳам чароғон.

Диктор – “Патриархал тафаккурни ва пўпанак босган анъаналарни енгиш осон эмас.Постсовет мамлакатлари элиталари танлаши керак: олдинга – 21 асрга, бозор иқтисодиёти, инсон ҳуқуқлари ва демократия томон, ёхуд орқага, ўрта асрларга… Ҳозирча тисарилиш кузатилмоқда.”

Большевикларнинг беш қиррали юлдузи ва масжид гумбазидаги ярим ой йирик планда кўрсатилади. Намозни адо этиб чиқаётган турфа миллатли жамоат. Аксарияти ёшлар. Улар орасида, ўзбек, тожик, қирғиз, ва собиқ СССРнинг бошқа мусулмон мамлакатлари вакиллари бор.

Диктор – “ Умид қиламизки, сиёсатчиларнинг ёш авлоди ўз ҳукмдорларига хос шубҳа ва чексиз иззаталабликни енгиб, интеграция, ҳурмат ва ўзаро тенг муносабатлар йўлини танлайдилар. Бу гастербайтерлар эса кучларини ўз мамлакатларининг иқтисодини ривожлантириш учун сарфлайдилар. Глобаллашув сиёсий жиҳатдан муқаррар бўлган шароитда интеграциянинг муқобили йўқ!”

Муаллиф, продюсер ва режиссёр – оператор Абдулазиз Махмудов.
«Абдулазиз М» киностудияси махсулоти 2012 йил.

Фильмнинг адабий нусхаси электрон версиясини Сарвар Исмаилов тақдим этди.

www.yangidunyo.com

Det här inlägget postades i Ҳужжатли филмлар лойиҳаси. Bokmärk permalänken.